Мутассаддилар маълум қилишича, қуёш уриши асосан очиқ ҳавода қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушганда рўй беради. Бироқ унинг таъсири 6-8 соатдан кейин ҳам кузатилиши мумкин.
Шу боис аҳолига қуйидаги тавсиялар берилади:
- Иложи борича соат 10:00 дан 17:00 гача қуёш тўғридан-тўғри тушадиган жойларда юрманг.
- Фақат табиий матодан — пахта, кендир каби матолардан тайёрланган енгил кийимлар кийинг.
- Ёрқин рангли, енгил бош кийим ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг.
- Сув ичишда меъёрга риоя қилинг — кўп сувни бирданига ичиш юракка ортиқча юклама беради. Тавсия этиладиган ичимликлар: дамланган чой, турли шарбатлар, минерал сув. Албатта, уйдан чиққанда сувни ўзингиз билан олиб юринг.
- Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланинг.
- Қуёшда бўлиб қайтгач, албатта душ қабул қилинг ёки ҳўл сочиқ билан артинг.
- Оч қоринга ёки овқат еб бўлгандан сўнг дарҳол қуёш остида қолманг.
Қуёш ёки иссиқ уриши белгилари:
- Дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва қаттиқ чанқаш.
- Бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши.
- Баъзида кўнгил айниши, қайт қилиш, ортиқча терлаш ёки аксинча, тер чиқмаслиги.
- Оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш, тутқаноқ ёки галлюцинация кузатилиши мумкин.
Қуёш ёки иссиқ урганда биринчи ёрдам:
- Беморни дарҳол соя ёки салқин жойга олиб ўтиб, чалқанча ётқизинг, бошини бироз кўтаринг.
- Кийимини енгил қилинг, ҳаво айланиши учун шароит яратинг.
- Агар ҳушида бўлса, оз-оздан совуқ сув ёки дамланган чой ичиринг (сувга ярим литрга ярим чай қошиқ туз солиш мумкин).
- Бошига ёки тана қисмига совуқ нам сочиқ қўйинг.
- Қўлтиқ ости, чов ёки тизза орқасига муз ёки совуқ сув тўлдирилган идиш қўйиш мумкин.
- Оғир ҳолатларда беморни яқин шифохонага олиб бориш ёки тез ёрдам чақириш зарур.
Мутасаддилар эслатади: қуёш уришида ёрдамни ўз вақтида ва тўғри кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.









