Ғалаба ва бахт чиндан ҳам астойдил интилганники экан

    Тўрт йил илгари кимдир бугунги муваффақиятларим ҳақида башорат қилса, тўғриси, ишонмасдим...

    Чунки ўн бир йил бош кўтармай ўқиб, келажагини қуриш учун астойдил тиришган бир қиз эдим ва шунча ҳаракатимга қарамай, университетга шартнома асосида ўқишга қабул қилингандим. Бу мен учун катта мағлубият эди. Отам – деҳқон, онам – уй бекаси, табиийки, уларнинг мени ўқитиш учун имкони йўқлигини билардим. “Келаси йил ўқийман”, дедим қатъий. Бироқ отам ўқишим кераклигини, мол-ҳолни сотиб бўлса-да, мен учун ҳаракат қилишини айтди. Келажагим ёрқин бўлишига ишонтирди.

    Болалигим Қашқадарёнинг Китоб туманида ўтди. Ҳали мактаб ёшига етмай саводим чиқди. Бошланғич таълимни Навбаҳор қишлоғидаги мактабда олдим, сўнг ўқишни 2-ДИУМда давом эттирдим. Мактабда ўқиб юрган кезларим уйга берилган вазифаларни бажаришда ота-онамдан ёрдам сўрамаганман, улар топшириқни тушунмаса, қийнаб қўяман, деган хавотирда бўлганман. Барча вазифани ўзим бажарар, тушунмасам, аввалги ва кейинги мавзуларни ўқир, то ўша топшириқни бажармагунча ухламасдим.

    Ихтисослашган мактабга ўтгач билдимки, мендан кучли ўқувчилар бор. Чунки бу ерда вилоятимизнинг энг билимдон ёшлари сараланган. Улар билан тенглашиш, ортда қолиб кетмаслик учун интилдим. Дастлаб шифокорлик касбини танлаш орзуси пайдо бўлди. Кимё фанига меҳр қўйдим, фан олимпиадаларида фаол қатнашдим. Вилоят босқичида ўрин ололмаганимдан сўнг бу йўналиш меники эмаслигини англаб, тарихчи бўламан, деган қарорга келдим. Ўқитувчимиз Акмал Маъдиевнинг тарих фанини ўқитиш услуби иштиёқимни кучайтирди. Эсимда, 7-синф ўқувчиси эдим. Фанга шу қадар қизиқиб кетдимки, гўёки турли даврларда, дунёнинг кўплаб минтақаларида яшаб юрардим. Воқеалар тасмадек миямда айланарди. Ҳатто тест ёки синов имтиҳонлари бўлса, ўқитувчимиз мени синф бурчагига, тенгдошларимдан алоҳида ўтқизиб қўярди.

    8-синфда сафимизга янги ўқувчи қўшилди. Синфдошимиз тарих фанидан зўр ўқирди. У келгунча “Билимдонлар доскаси”да ҳамиша 1-ўринни банд қилиб келган бўлсам, сўнг 2-ўринга тушиб қолдим. Қанча ҳаракат қилмай, ундан ўзиб кетолмадим. Негадир табиатимда лидерликка интилиш кучли бўлган. Менда яна ўз йўналишимни ўзгартириш истаги пайдо бўлди.

    Кунларнинг бирида мактабдан қайтарканман, йўл четидаги дўконлар ва реклама тахталаридаги ёзувларнинг ўзга тилда экани, устига устак, хато ёзилгани эътиборимни тортди. Аслида, бу ёзувлар илгари ҳам бўлган ва менда адоқсиз саволлар туғилган: нима учун сўзлар ажнабий тилларда ёзилган? Нима учун реклама тахталаридаги сўзлар лотин алифбосида эмас? Нима учун сўзлар хато берилган? Матнларни текшириб берадиган ёки назорат қиладиган мутахассислар йўқми?..

    Шу тариқа мен она тилимизни чуқурроқ ўрганишга аҳд қилдим. “Йилнинг энг фаол ўқитувчиси” танлови ғолиби Дилноза Бердиева устозимизнинг этагидан маҳкам тутдим. Ҳатто пандемия пайти ҳам алоҳида онлайн дарс олдим, ўз устимда тинимсиз ишладим. Мақсадим Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари сафидан жой олиш эди. Бироқ у ерга киролмадим. Чирчиқ давлат педагогика университетига шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Талабалар сафига қўшилган йигит-қизларда одатда ҳаяжон, қувонч бўлади. Менда аксинча эди.

    Мен ўзимдан катта натижа кутган эдим. Шундай бўлса-да, отамнинг раъйини қайтаролмадим. Университетимизнинг ўзбек тилшунослиги кафедрасига бориб, кафедра мудирига мен учун вақт ва меҳрини аямайдиган устоз топишим зарурлигини, мен ҳақиқий
    мутахассис бўлмоқчи эканимни айтдим. Илмий раҳбар танлашда ёрдам беришини сўрадим.

    Илм билан бирга ижодий ишларимни чоп этишга киришдим. Устозларим кўмаги билан университетда ижодкор ёшлар гуруҳини очдик. “Педагог илҳомлари” антологиясини чоп эттирдик. Мазкур китобга ўзим муҳаррир бўлдим. Бу илк катта меҳнатим эди. Иккинчи курсда эса “Қалбим куйлари” ёшлар тўплами нашрдан чиқди. Бу гал нафақат назм, балки насрий асарларни ҳам қамраб олдик.

    Илмий мақолалар устида жиддий ишладим. Олима Нодира Холиқова менга мақола нима экани, илмий ишнинг аҳамияти, таҳлил ва танқид ҳақида тушунчалар берди. Юмуши кўп эканини билардим, шундай бўлса-да, ўқишдан сўнг бизни қабул қилиб, илм нималигини онгимизга сингдирди. Яхши бир ўқитувчининг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар муҳим эканини шунда англаганман. Илм йўли машаққатли, бироқ бу йўлга отланган инсон юргани сайин покланиб боришини ҳис қилдим.

    Илк мақолам Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асари таҳлилига бағишланди. Бу мақола устида салкам бир ой ишладим. Кўплаб хатоларни тўғриладик, нотўғри берилган танқидлар, таҳлилларни муҳокама қилдик.

    2-курсда ўқиётганимда фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичим намунали бўлгани боис, факультетимиз декани ўринбосари давлатимизнинг номдор стипендияларига ҳужжат топшириб, билим ва иқтидоримни синаб кўришимни маслаҳат берди. Бу катта имконият эканини айтди.

    Илмий ва публицистик мақолалардан ташқари кўрик-танловлар, “Заковат” интеллектуал ўйинларидаги фаолликлар, “XXI аср аёли” танловидаги иштироким менга қўл келди. Танловда қатнашиш учун ҳужжат топширдим. Ўқув-услубий қўлланма, 30 га яқин мақолам республика ва халқаро нашрларда чоп этилди. Буларнинг бари менга Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлиш имконини берди. Шунда отамга қўнғироқ қилиб, мени ўқитиш учун қилган қарори нақадар тўғри эканини, ишончни оқлаш учун ҳаракат қилганимни, бу ёғига давлатимиз кўмаги менга қўл келишини айтдим.

    Шу босқичда қотиб қолмаслигим кераклигини англаб, ўз олдимга яна бир мақсад қўйдим: “Мен “Президент стипендияси совриндори бўламан!” Бу мақсад йўлида кўп нарсани ўргандим: инсон жамиятда ҳамиша фаол бўлиши, бошқаларни ортидан эргаштира олиши, тенгдош ва ўзидан кейин келаётган авлодга ўрнак бўлиб, уларни руҳлантириши керак экан. Президент стипендияси — талабалар учун энг нуфузли танлов. Тенгдошларим кучли эди, менда қўрқув бўлди. Бироқ илмий раҳбарим Адиба Давлатованинг руҳан қўллаб-қувватлаши билан умидимни йўқотмадим. Фанлар, қолаверса, инглиз тили ва IT бўйича ўрганганларимни мустаҳкамладим, янги билимлар эгалладим. Кўплаб тенгдошларим ёзги таътил вақти ҳордиқ чиқараётган, янги ўқув йилига куч йиғаётганда мен бир ўзим квартира олиб, тайёргарлик кўрдим. Моддий томонлама қийналган пайтим кунлик меҳнат қилиб, пул топдим. Оч қолдим, бироқ мақсадим қатъийлиги учун бу мени чўчитмади. Қайтанга ёлғиз қолган пайтларим ўзимни тинглашга, мушоҳада юритишга имкон туғилди. Ўзимга ўзим далда бердим.

    Имтиҳонда қийналмадим, билганларим тушди. Илмий ишим мавзуси, мақсад ва режаларимни инглиз тилида ифодалаб бердим. Қувонарлиси, танлов шаффоф ва адолат мезонлари асосида ўтди. Натижани эшитгач, кеч бўлишига қарамай, илмий раҳбаримга
    етказдим. Чунки у натижани мендан кўра кўпроқ кутар, мен учун қайғурарди.

    Олдинда бир-биридан катта ва ҳаётимга мазмун берадиган мақсадлар, орзулар бисёр. Ўқишни давом эттириб, мамлакатимиз илм-фанига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. “Чўлпон насрида хронотоп” мавзусидаги илмий тадқиқотимни давом эттириб, дунё эътиборини ўзбек адабиётига, илм-фанига қаратмоқчиман. Бир қизнинг ўз келажагини яратиб олиши учун имкон берган, меҳнатига адолат билан ёндашган, қўллаб-қувватлаган давлатимизга ўз меҳнатим билан миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Яна айтмоқчиманки, Президентимиз Ёшлар куни муносабати билан йўллаган табригида ғалаба ва бахт астойдил интилганники эканини таъкидлаган, бу мени жуда руҳлантирган эди. Тенгдошларимга ҳам бугунги шароитдан фойдаланинг, ўз устингизда астойдил ишланг, натижаси эса самарасиз бўлмайди, дегим келади.

    Дилдора ЁРБУЛОВА,

    Президент стипендияси совриндори,

    Чирчиқ давлат педагогика университети талабаси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates