Ғарб ва Шарқ орасидаги карвон

    Урганч шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи конференцияга эса Мўғулистондан 8 нафар нуфузли тарихчи ва филологлар келди.

    Қўшни ва қардош халқлар билан яхши қўшничилик, дўстлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб, натижада маданий-иқтисодий алоқалар ривожи янги босқичга чиқмоқда. Сўнгги йилларда ўзбек-мўғил олимлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳам ривожаланиб бораётир. 2023 йилда юртимиз олимлари Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда биринчи ўзбек-мўғул тарихчи ва филологларининг халқаро конференциясида иштирок этиб қайтишганди.

    Жорий йил июнь ойи бошида эса мўғул олимлари мамлакатимизда бўлишди. Урганч шаҳрида “Ўзбекистон ва Мўғулистон тарихи ва тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро конференция икки давлат ўртасидаги илмий изланиш ва алоқаларнинг мантиқий давоми бўлди.

    Конференцияда икки давлат олимлари иштирок этиб, тарихимизнинг умумий ва ўзига хос жиҳатлари, ўрганилиши лозим бўлган масалалар, уларнинг ечимлари хусусида фикр-мулоҳаза юритиб, илмий мунозараларни илгари суришди. Жорий йил август-сентябрь ойларида ўзбек-мўғул-турк олимлари ҳамжиҳатлигида яна бир эзгу мақсадга йўғрилган халқаро анжуман ўтказиш масалаларида келишувларга ҳам эришилди.

    Қуйида халқаро конференцияда иштирок этган ўзбек-мўғул олимлари, ташкилотчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирадилар.

    Бекзод АБДИРИМОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари:

    – Мўғулистон заминида қадимдан туркий ва мўғул халқлари яшаб келгани маълум. Қадимги туркий битиктошларда буюк ҳоқон боболаримизнинг бирликка чақирувчи даъватлари ҳалигача сақланиб келинмоқда. Ўтган йили ўзбекистонлик олимлар Мўғулистоннинг бир қанча ҳудудларига илмий экспедиция уюштириб, у ердаги туркий тилда ёзилган битиктошлардаги ёзувлар билан танишган эдик. Мўғулистон миллий университетида ўтказилган биринчи ўзбек-мўғул конференциясида ҳам иштирок этдик. Урганч шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи конференцияга эса Мўғулистондан 8 нафар нуфузли тарихчи ва филологлар келди. Конференция қизғин суҳбатларга, савол-жавобларга бой тарзда ниҳоятда қизиқарли ва мазмунли ўтди. Шунингдек, Урганч давлат ва Мўғулистон Миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

    Ўткир АБДУЛЛАЕВ, Урганч давлат университети тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор:

    Икки давлат ҳамкорлигида ўтказилган конференция олимлар учун бир-бирларининг илмий тадқиқотлари натижаларидан хабардор бўлиш, билимларини улашиш йўлида қулай мулоқот майдони вазифасини бажаради. Конференцияда мўғил олимлари қадим мамлакат пойтахти бўлган Қорақурум шаҳри қурилиши бевосита хоразмлик усталар билан боғлиқлиги ҳақидаги илмий асосланган маълумотлар билан таништиришди.

    Қорақурумнинг 1340 йиллардаги губернатори Банокатий исмли аждодимиз бўлгани, Олтин Ўрда давлатида хоразмликларинг тутган ўрни, Чингизхон авлодларининг исломни қабул қилиши, Хитойда Юан сулоласи даврида Туркистон вакиллари билан муносабатлар ҳақидаги биз учун аҳамиятли бўлган қимматли илмий маълумотлар тақдим қилингани шулар жумласидан. Конференцияда икки давлат олимларига керак ва зарур бўлган ана шундай тарих ҳақиқатлари билан танишдик. Изланишларимиз эса ҳали давом этади.

    Анвар БЎРОНОВ, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили адабиёти университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори:

    – 30 йил давомида ҳеч бир олимнинг оёғи Ўрхунга етмаган. Қиёслаш учун, шу давр ичида туркиялик турколог ва олтойшунослар Мўғулистон миллий университети билан ҳамкорликда Туркологик тадқиқотлар институтини ташкил қилиб, муҳим тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда. Бундан кўринадики, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилиши ҳар икки мамлакат филологлари учун ҳам янги уфқларни очиб беради. Энг асосийси, ўзбек олимларининг қардош давлатлар туркология соҳасида олиб бораётган стратегик тадқиқотларга қўшилишига, ҳамкорликнинг кенгайишига кенг имкониятлар яратади. Бу эса, ўз-ўзидан тилларни тарихий-қиёсий ўрганиш йўналиши сифат жиҳатидан яхшиланишига олиб келади.

    Анҳбаяр ДАНУ, Мўғулистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консули:

    Ўзбекисон ва Мўғулистон Марказий ва Шимоли-Шарқий Осиёнинг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатларидир. Бундан бир неча йил олдин юртингизнинг тарихий шаҳарларида бўлган эдим. Атиги бир-неча йил ўтганига қарамасдан улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Ўзбек халқи буюк маданият яратган халқ. Айниқса тарихий қадамжоларга муносабатга ҳавас қилса арзийди. Бу ерда ҳар қадамда буюк тарихнинг изларини учратиш мумкин.

    Очиғини айтиш керак, 1992 йил Ўзбекистон мустақиллигининг Мўғулистон томонидан тан олинганидан кейин ҳам ришталарни мустаҳкамлаш борасида амалий ишларга жиддий ёндашилмади. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар 1996 йил Тошкент шаҳрида Ўзбекистон билан Мўғулистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисидаги протокол имзоланиши билан бироз жонланди.

    Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг дўстона ва очиқ ташқи сиёсати аввало қўшни ва қардош давлатлар билан узилган ёки узоқлашган муносабатларни қайта ишончли тарзда тиклаш йўлидан бораётгани Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатлари ривожига ҳам таъсир қилди. 2022 йил Мўғулистон ТИВ Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз тартиб жорий этилганини эълон қилди. Қувонарли яна бир жиҳати, 2023 йил 8 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батсетсег иштирокида ўтказилган учрашувда Мўғулистон Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштиргани маълум қилинди.

    Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 декабрь куни БААга амалий ташриф доирасида Мўғулистон етакчиси Ухнаагийн Хурельсух билан учрашган эди. Жорий йилнинг 7 май куни Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон ва Мўғулистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, Мўғулистон Президентининг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

    Ушбу алоқалар нафақат икки мамлакатнинг иқтисодий ривожига, сиёсий ҳамжиҳатлигига, балки маданий, илмий алоқаларининг ҳам юксалишига хизмат қилмасдан қолмайди. Бугун икки давлат алоқаларининг ривожланиши янги босқичга чиқмоқда.

    Хусусан, Мўғулистон Президентининг мамлакатимизда бўлиши, икки давлат алоқлари тарихида янги даврни бошлаб беришига ишонаман. Бунга етарлича тарихий алоқаларимиз пойдевори мавжуд. Азалдан аждодларингиз Буюк Ипак йўлида Ғарб ва Шарқ орасида карвонбошилик қилган. Ўзбекистонни Мўғилистонда қадимдан “савдогарлар юрти” дея аташгани ҳам буни тасдиқлайди. “Ўзбекистон ва Мўғулистон тарихи ва тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияни эса, икки юрт олимларининг бундан кейинги ҳамкорлиги, изланиш ва тақдиқотларида яна бир мустаҳкам кўприк, дея айта оламиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА ёзиб олди

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates