Регистоннинг муздан ишланган макети Хитойдаги машҳур фестивалда намойиш этилмоқда

    Хитойнинг Харбин шаҳридаги (Хэйлунцзян провинцияси) "Муз ва қорнинг катта олами" тематик паркида 26-қишки муз ва қор фестивали очилди.

    Анъанавий фестивалнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири Самарқанддаги Регистон майдонининг муздан ишланган макетидир.

    Ташкилотчиларнинг маълумотига кўра, майдони миллион квадрат метр бўлган қорли шаҳарчани қуриш учун жами 300 минг куб метр муз ва қор сарфланди.

    Шаҳарча тўққизта асосий зонага бўлинган бўлиб, уларда Осиё Олимпия Кенгашига аъзо 42 та мамлакат ва 3 та ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари макетлари яратилган. Унинг дизайни ва қурилишида 2025 йил 7 февраль куни Харбинда бошланадиган қишки Осиё ўйинлари элементларидан фойдаланилган.

    Ташриф буюрувчилар мингдан ортиқ ғаройиб ҳамда ранг-баранг ёритгичли муз ва қор ҳайкалларини, шу жумладан, Осиё давлатларининг намунавий биноларида тасвирланган арт-объектларини кўришлари мумкин. Бу ерда ҳар бир киши учун турли маданий тадбирлар ва қишки кўнгилочар дастурлардан баҳраманд бўлиш имконияти мавжуд.

    Мазкур паркга 1999 йилда асос солинган. 2024 йилда муз шаҳрига 3 миллионга яқин одам ташриф буюрган.