Гиёҳвандлик юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш йўлида фаолият юритмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Инсоният келажаги, миллатлар истиқболи, кишилар саломатлиги ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунёнинг бу масалада ҳалокат ёқасига келиб қолгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кундан-кунга кўплаб кишилар, ёшлар, аёллар ва болалар гиёҳвандликнинг ҳалокатли тўрига илиниб қолмоқда. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодиётга, одоб-ахлоққа, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига кўрсатаётган салбий таъсири тобора кучайиб бормоқда.
Гиёҳвандликка қарши курашиш, аниқроғи, унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларига қарши кураш олиб бориш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Гиёҳвандлик ижтимоий касаллик бўлиб, у нафақат инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини издан чиқаради, балки унинг оиласига, атрофдагиларга, жамиятга зарарли таъсир кўрсатади, турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради.
Ҳозирги кунда ёшлар орасида гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларининг тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга қарамасдан, бу муаммо ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ақл-идрокнинг бузилишига, кучли ҳаяжонланиш, ғазабланиш, шафқатсизлик, бефарқлик ва қизиқишлар доирасининг қисқаришига олиб келади, ёш организмни издан чиқаради.
Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 6 майда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакат генофондига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича стратегик чора-тадбирлар тўғрисидаги фармон имзоланди. Фармонга кўра, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди.
Миллий стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди:
аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;
аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса, интернет тармоғидаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда рақамлаштириш орқали ривожлантириш;
давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарнинг гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланиш амалиётини назорат қилиш, шунингдек, фармацевтика корхоналари, гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи субъектлар масъулиятини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;
гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, бу йўналишдаги илмий изланишлар, хулосалар, ютуқлар ва янгиликларни амалиётга жорий этиш ҳамда оммага етказишни таъминлаш.
Стратегия, хусусан, аҳолида "гиёҳвандликка қарши иммунитет"ни шакллантириш; гиёҳвандлик ва наркожиноятларининг олдини олишда янги усулларни қўллаш, гиёҳвандликка чалинганларни тиббий-ижтимоий реабилитациясини такомиллаштиришни назарда тутиб, уни рўёбга чиқаришда 6 та мақсад ва унинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Аҳолида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида, телевидение эфир вақтининг (прайм тайм) ижтимоий рекламалар учун мўлжалланган қисмида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмоли ва уларнинг ноқонуний муомаласининг салбий оқибатлари, шунингдек, аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимидаги имкониятлари ёритилиши, гиёҳвандликнинг инсон маънавияти ва соғлиғига зарари тўғрисида аҳолининг огоҳлигини оширишда турли дин ва конфессия вакиллари имкониятларидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилиши, ҳудудлар кесимида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларидан иборат 14 та ижодий гуруҳ шакллантирилади ҳамда аҳоли орасида мақсадли тарғибот фаолияти ташкил этилиши, гиёҳвандликка чалинган шахслар, жумладан, ёшларни «маҳалла еттилиги» кўмагида фаол ижтимоий ҳаётга қайтаришни назарда тутувчи янгича ишлаш механизмлари жорий этилиши, мактаб ўқитувчилари ва инспектор-психологлари томонидан ўқувчиларнинг зарарли одатлари тўғрисида ота-оналарини хабардор қилиш механизми яратиши, ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим муассасаларининг фанлар ва дарсдан ташқари жараёндаги дастурларига ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари (SEL) киритилиши, гиёҳвандликка қарши курашишда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ролини кучайтиришга қаратилган янги ишлаш механизмлари жорий этилиши белгилаб берилди.
Шунингдек, чегараолди ҳудудларда жойлашган ҳар бир маҳаллада (овул, ҚФЙ) истиқомат қилувчи аҳоли учун гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирувчи тарғибот-ташвиқот тадбирлари доимий ўтказилиши, хотин-қизларнинг гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига аралашиб қолишларининг олдини олиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича йиллик манзилли тезкор-профилактик тадбирлар дастурлари амалга оширилиши, «Маҳалла — оилавий поликлиника — таълим муассасаси» тамойили асосида педагог, тиббиёт ходими, профилактика инспектори ва маҳалла фаолларининг ҳамкорликдаги профилактик ишлари амалга оширилиши, хотин-қизлар орасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган «Шарқ аёли маърифати» лойиҳаси ишлаб чиқилиши, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича «Тарғибот аълочиси» республика кўрик-танлови ўтказилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини ёритувчи бадиий, ҳужжатли, анимацион ҳамда мульутипликацион фильмлар ва спектакллар ишлаб чиқариш, шунингдек, концерт дастурлари, қўшиқлар, клиплар, қисқа метражли ижтимоий видеороликлар яратиш ҳажми оширилиши, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатларини ёритишга қаратилган тадбирларда маданият, спорт ва санъат вакиллари имкониятидан фойдаланилиши, ишлаб чиқиладиган сериал, кино ва теленовеллалар сценарийларига гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатларини ёритувчи эпизодлар киритилиши, гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини ёритувчи хорижий давлатларда ишлаб чиқилган таъсирли бадиий, ҳужжатли, анимацион ва мультипликацион фильмларни давлат тилига таржима қилган ҳолда уларнинг намойиши ташкил этилиши ва «Марказий Осиё — гиёҳвандлик воситаларидан холи ҳудуд» концепцияси тақдимоти Ўзбекистонда ташкил этилиши таъкидланган.
Гиёҳвандликнинг салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлади. Биринчидан, наркотик моддаларнинг истеъмоли одам организмига кучли салбий таъсир кўрсатади, жумладан, иммун тизими, юрак-қон томир тизими, асаб тизими ва бошқа органларга зиён етказади. Уларнинг узоқ муддатли истеъмоли ўлимгача олиб бориши мумкин.
Иккинчидан, гиёҳвандлик инсон маънавиятини йўқотиши, шахсий ҳаётини бузиши ва оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Учинчидан, наркотик моддаларнинг тарқалиши билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб, жамиятда қонунбузарлик ҳолатлари ортади.
Наркотик моддаларнинг тарқалишига ёшлар ўртасидаги эътиборсизлик ва билимсизлик, ижтимоий тармоқларда наркотик моддаларнинг тарғиб қилиниши ҳамда иқтисодий қийинчиликлар ва ишсизлик сабаб бўлмоқда.
Муаммога қарши кураш йўллари
1. Ёшлар орасида гиёҳвандликнинг зарарлари ҳақида кенг кўламли таълим компаниялари ўтказиш муҳим. Мактаблар, университетлар ва жамоат ташкилотлари ўртасида ушбу мавзуда семинарлар ташкил этилиши лозим.
2. Наркотик моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши кескин чоралар кўриш, жиноятчиларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари белгилаш.
3. Гиёҳвандликка гирифтор бўлган шахсларга ёрдам бериш учун самарали реабилитация дастурлари ташкил этиш.
4. Наркотик моддаларнинг трансмиллий савдосини камайтириш учун халқаро даражада ҳамкорликни кучайтириш.
Гиёҳвандлик муаммосига қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Бу борада оила, маҳалла, таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бу глобал муаммога қарши самарали кураш олиб бориш мумкин.
Бозоров Мақсудали,
Тошкент давлат юридик университетининг
жиноят-процессуал ҳуқуқи
кафедраси ўқитувчиси