Глобал даражада ҳам, мамлакатимиз учун ҳам устувор вазифа

    Куни кеча ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида Давлатимиз раҳбари 2025 йилни юртимизда аҳолининг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истакларини атрофлича ўрганиб, билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

    Ҳозирги кунга келиб инсониятнинг атроф-муҳитга таъсири тобора кучайиб бормоқда, натижада ҳаётни доимийлигини таъминлайдиган асосий жараён, яъни табиий мувозанатни бузилишига, ер юзасининг кўпгина ҳудудларида ноқулай экологик шароитларнинг пайдо бўлишига, маҳаллий, минтақавий ва глобал даражадаги экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлимнинг ўзгариши ва чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар, Оролбўйи фожиаси, табиий офатлар, аномал об-ҳаво аҳолининг хавотирларига сабаб бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига экологик муаммолар ҳақиқий таҳдид солмоқда.

    Бунинг натижасида экологик хавфсизлик ўзининг долзарблиги ҳамда жуда зарурлиги билан инсониятнинг бугуни ва эртаси учун энг муҳим муаммолари жумласига киришга улгурди. Халқаро ҳуқуқий тажрибалар, замонавий фан, техника ва технологиялар асосида экологик хавфсизликнинг мукаммал тизимини шакллантириш эса юқорида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш ва Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Яъни, табиий воқеликларни англаган холда, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, салбий ҳолатларни тузатишга ижобий тарзда ёндашиб, табиат қонунларини ҳисобга олиб, фан-техника ютуқлари, «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ҳал қилиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Зеро, «Яшил тараққиёт»га эришиш учун «яшил иқтисодиёт»га ўтишимиз ва уни ривожлантиришимиз лозим бўлмоқда.


    «Яшил иқтисодиёт» нима?


    «Яшил иқтисодиёт» – бу иқтисодий тизим бўлиб, унинг асосий мақсади сайёрамиз экологияси ва уни сақлаб қолиш билан бирга иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган. «Яшил иқтисодиёт» деганда, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган ресурсларни, атроф-муҳит ва экологияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисодиётни янада ривожлантиришни амалга оширишга асосланган иқтисодий фаолиятнинг янги йўналиши тушунилади. Бунда инсон, табиат ва иқтисодиётнинг бир-бири билан уйғун ва барқарор ривожланишини таъминлаган ҳолда ҳаракат қилиш лозим бўлади.

    «Яшил» иқтисодиётни шакллантириш ва унинг барқарор ривожланишига ўтиш глобал даражада ҳам, Ўзбекистон учун ҳам устувор вазифалардандир. Барқарор ривожланиш концепцияси инсоният келажаги учун муҳим манба бўлиб, у БМТнинг қарор ва ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Барқарор ривожланишнинг иқтисодий экологик асоси, бу «яшил» иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантиришдан иборатдир.

    Хулоса қилиб айтганда, яшил иқтисодиёт мавжуд ресурслардан тежамкорона фойдаланган ҳолда ҳар томонлама зарарсиз ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш ҳамда экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган тизимдир. Яшил иқтисодиёт назариясининг бугунги кунда бу қадар кенгқулоч очишининг асосий сабаби, бу мавжуд экологик муаммоларнинг глобал аҳамият касб этаётгани ҳамда яшил иқтисодиёт таклиф этаётган товар ва хизматларнинг аҳоли эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилганлигида дейиш мумкин. Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни кенг жорий этиш мамлакат табиий ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш, турли хил экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг эко-саводхонлигини оширган ҳолда иқтисодий ўсишни таъминлашга шароит яратади.

    Президентимизнинг узоқни кўра оладиган оқилона сиёсати туфайли 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилингани келажак авлод учун экологик тоза ва фаровон ҳаётни таъминлайди.


    Муҳайё ИСМАИЛОВА,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates