Глобал форумда Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичига таклифлар муҳокама қилинади

    Мамлакатимизда 16 ноябр 2022 1428

    Самарқанд шаҳрида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида ўтказиладиган Глобал форумнинг асосий мақсадларидан бири – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги 51/2-сонли резолюцияси доирасида, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи бўйича таклифларни муҳокама қилишдир.

    Маълумки, 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини глобал даражада мувофиқлаштириб бориши белгиланган.

    Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ушбу жараён билан ҳаётимизнинг барча соҳаларини кенг қамраб олишга кўмаклашиш учун давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаб, олий таълим тизимида, ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида сингдириб бориши тақозо этилади.

    Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражаларда амалга оширишни фаоллаштиришга ёрдам берадиган фойдали воситадир.

    Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар негизида қуйидаги кетма-кет босқичларда изчиллик билан амалга оширилмоқда:

    - 2005-2009 йилларни қамраган биринчи босқичда – бошланғич ва ўрта мактаблар тизимига инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни интеграция қилишга эътибор қаратилди;

    - 2010-2014 йилларда амалга оширилган иккинчи босқич – олий таълим тизимига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни уйғунлаштириш ҳамда ўқитувчилар ва таълим соҳаси ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбий хизматчиларни ушбу соҳа бўйича тайёрлашга бағишланди;

    - 2015-2019 йилларга мансуб учинчи босқичда – эркин, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларининг адолатни тарғиб қилиш, камситишларга йўл қўймаслик, ҳурмат ва эркинликни таъминлашдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида ОАВ мутахассислари ва журналистларни тайёрлашга алоҳида урғу берилди;

    - 2020 йилдан – 2024 йилга қадар давом этаётган тўртинчи босқичда ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга асосий эътибор қаратилмоқда.

    БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги Резолюциясида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишга масъул тегишли манфаатдор томонларнинг бу борадаги ижобий ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, барча давлатлар ва манфаатдор томонларга Жаҳон таълим дастури босқичлари ҳамма соҳаларга чуқур татбиқ этилишини фаоллаштириш тавсия этилди.

    Ўз навбатида, Резолюцияда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифларни шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига БМТнинг барча тузилмалари, давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг айни мавзудаги фикр-мулоҳазаларини сўраб олиш тавсия этилди.

    Шу маънода, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифларнинг муҳокама қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу омил, бир томондан, ушбу халқаро анжуманнинг қанчалик долзарблигини кўрсатса, иккинчи томондан, Самарқанд Глобал форумида том маънода умумбашарий масалалар кўриб чиқилишини яна бир бор тасдиқлайди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates