Гўзал анъаналар бардавом бўлсин!

    Мамлакатимизда 20 март 2024 310

    Ўзининг бетакрор таровати билан кўзимизни қувнатиб, қалбимизга бир олам қувонч олиб кираётган Наврўз азалдан тинчлик, бағрикенглик, саховат ва меҳр-мурувват рамзи ҳисобланади.

    Нафосат тимсоли бўлган ушбу айёмни бутун юртдошларимиз қатори, Хоразмликлар ҳам муносиб қарши оляптилар. Ҳудудларда, маҳаллаларда ўтказилаётган байрам сайлларида айниқса, опа-сингилларимиз алоҳида ташаббус кўрсатиб, гўзал анъаналаримизни тараннум этяпти.

    Маълумки, асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий-ахлоқий урф-одатлари, жамоатчилик фикри ҳамда ўзига хос дунёқараши маҳаллада шаклланиб келган. Ёш авлод тарбияси, оила юритиш санъати, қўшничилик хислатлари мана шу маданият, одатлар ва анъаналар асосида олиб борилган.

    Фаолиятимиз давомида ҳар битта маҳаллада тегишли чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбек қадриятлари ва урф-одатлари бувижонлар талқинида» мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ўтказиб келяпмиз.

    Ана шундай тадбирлардан бири қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрининг Гулистон маҳалласида ташкил этилган «Сумалак сайли»га уланиб кетди. Маҳалладаги кайвони онахонлар, хусусан, «Оқила аёллар» ҳаракати етакчилари, «Бувижонлар мактаби» жамоатчилик кенгаши аъзолари, фаол хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Хоразм воҳасига хос урф-одатларимиздан «Бешик тўйи», «Галин салом», «Лачак тўйи» маросимлари турли саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди.

    Гўзал ва эзгу анъанага айланиб бораётган бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсадимиз ўз оиласи муҳитида юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаб, асраб-авайлаб келаётган кекса ёшдаги онахонларнинг улкан ҳаётий тажрибасини ёш қизларимизга намуна қилиб кўрсатиш ҳамда уларнинг қалбида қадимий қадриятларимизга ҳурмат руҳини шакллантиришдан иборатдир. Шубҳасиз, бу каби тадбирлар орқали халқимизнинг умрбоқий анъаналарини ўзида мужассам этган миллий урф-одатларимиз, ёшлар, айниқса, қиз фарзандлар учун катта ибрат мактаби бўлиб қолажак!

    Нигора Қутлимуратова,

    Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари,

    Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates