Уйғониш фаслининг дилларга ажиб илиқлик ва кўтаринкилик бахш этаётган шу кунларида юртимизда табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховати тимсоли – Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Гарчи бу айём ҳар йили такрорлансада, каттаю кичик уни мўъжизани кутгандек орзиқиб қаршилайди. Чунки ёшимиз ва касб-коримиздан қатъи назар, барчамиз баҳорни, баҳорий неъматларни, кўклам нафасини соғиниб яшаймиз.
Шарқ халқларининг умрбоқий маънавий қадриятларидан бирига айланган Наврўз бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда таъкидланишича, бу байрамнинг юзага келиши коинот ҳамда табиат сирлари ва қонунларига, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кун ва туннинг вақт жиҳатдан баробар бўлиши, баҳорнинг келиши, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ.
Абу Райҳон Беруний бундан минг йил аввал «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида Наврўзни таърифлаган эди. Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» асарида эса Наврўзнинг келиб чиқиши, аждодларимизнинг шунга боғлиқ урф-одатлари, шунингдек, сумалак ҳақида муфассал маълумотлар бор.
Буюк аллома Беруний «Қуёш ва Ой фалакнинг икки кўзи бўлганидек, Наврўз ва Меҳржон замоннинг икки кўзидир», деб таърифлаган эди. Наврўз баҳорда кун ва туннинг баробар келишида, Меҳржон эса кузда худди шундай ҳолатда нишонланади. Наврўзни Беруний «оламнинг бошланиши», Фирдавсий эса «байрамлар шоҳи» деб атайди.
Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарида бу ҳолга қуйидагича таъриф берган: «Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (ҳут) думидан қўзи (ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди».
Байрамларнинг энг қадимийси, гўзали ва улуғвори бўлмиш баҳор ва янгиланиш айёми — Наврўз асрлар оша сайқалланиб, янгича мазмун-моҳият касб этиб келади. Миллий байрамлар ҳар бир халқнинг ғурури ва ифтихоридир. Биз учун ҳам халқимизнинг Наврўз каби миллий қадриятлари азиз ва табаррукдир. Лекин шўролар даврида коммунистик мафкура тарафдорлари Наврўзга диний тадбир, эскилик сарқити деб қарашгача борди. Уни халқ турмушидан, хотирасидан ўчириб ташлашга, бошқа тадбирлар билан алмаштиришга уриниб кўрди.
Мустақиллик халқимизга ўтмишда топталган урф-одат, анъаналаримиз, қадриятларимиз қатори Наврўзни ҳам қайтариб берди. Мустаҳкам илдизларга эга бўлгани учун ҳам Наврўз удумлари, анъаналари, наврўзий урф-одатлар ҳамон давом этиб, сайқалланиб, такомиллашиб келмоқда. У қадим замонлардан буён бизгача етиб келган муҳташам қадриятларимиздан бири, том маънодаги умумхалқ байрамидир.
Ўзбеклар ва Марказий Осиёдаги бошқа халқларнинг тарихий синовидан ўтган байрам ҳамда маросимлар кишиларнинг ўзаро муносабатидаги фазилатларни, чинакам халқчил, умуминсоний қадриятларни акс эттиради. Бундай миллий урф-одат ва маросимларда ўзбекларнинг миллий руҳияти, маънавияти ва феъл-атворининг ўзига хос, олижаноб жиҳатлари ҳам намоён бўлади.
— Наврўзнинг тарихи ва нишонланиш усулларига назар солсак, ундаги оддий халққа тегишли одатлар эътиборни тортади. Қадимда байрам куни одамлар ҳаётингиз ширин бўлсин деб бир-бирига ширинлик улашган. Гўзал бўлинг деган маънода гуллар тақдим қилган, бошланаётган йилда сув кўп бўлиб, мўл ҳосил унишини тилаб, бир-бирига сув сепган. Аждодларимиз асрлар бўйи Наврўз арафаси дошқозонларда сумалак қайнатиб, келаётган янги йил баракали, файзли ва серҳосил бўлишига умид боғлаган, — дейди тарихчи олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Дилшодхон Қурбонова. — Халқимизда сумалак нондай қадрланади. Уни тайёрлашда алоҳида тартиб-қоидаларга, маънавий мезонларга амал қилинади. Ҳатто сумалак пиширилган қозон ювилган сув ҳам дуч келган жойга эмас, мевали дарахт тагига тўкилади.
Неча минг йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва табиат уйғунлиги рамзидир. Бу даврда нафақат табиатда, балки инсонларнинг кўнглида ҳам янги умид ва орзулар куртак ёзади. Диллар покланади, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари намоён қилинади.
Халқимизнинг «Ҳамал кирди — амал кирди» деган мақоли жуда машҳурлиги бежиз эмас. Наврўз келиши билан баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. Ёши улуғлар юртда тинчлик-осойишталик бўлсин, деҳқончилигимиз унсин деб дуога қўл очади. Қорли-қировли кунларни даласини соғиниб ўтказган ўзбек деҳқони баракали ва мўл ҳосил олиш умиди билан Наврўз палласида ерга уруғ қадайди, кўчат ўтқазади, атроф-муҳитни кўркамлаштиришга интилади.
Бободеҳқоннинг илк бор далага қўш чиқариши ҳам Наврўздан бошланган. Далага қўш чиқаришдан олдин у билан боғлиқ турли урф-одат, маросимлар ўтказилган. Қурбонликлар қилиниб, қўшга қўшиладиган ҳўкизлар шохи ёғланган. Бу «шох мойлар» маросимидан мақсад йилнинг қут-баракали келишига, тўкин-сочинлик бўлишига умид қилинган.
Президентимизнинг «2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бу йилги байрам мамлакатимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланади. Муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий дафтарларга киритилган ва кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш учун уларга байрам дастурхони ёзилади ҳамда турли хайрия тадбирлари ўтказилади.
Шаҳар ва қишлоқларимизда наврўзолди хайрия ҳашарлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш жараёнида ёшларда она заминга, табиатга меҳр туйғуларини камол топтириш, экологик маданиятни шакллантириш мақсадлари ҳам назарда тутилади. Наврўз удумига, наврўзий урф-одатга айланиб кетган бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида эзгуликка, яратувчиликка ошнолик ҳиссини ривожлантиради. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, байрам арафасида барча ҳудудларда, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияларини, умумхалқ ҳашарларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Байрам тадбирлари баҳонасида халқимизнинг ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат каби бебаҳо хислатлари янада сайқал топиб бормоқда.
Табиат уйғонаётган шу кунларда она замин бағридан сизиб чиқаётган зилол сув, уйғонаётган боғлар, ризқ-рўзимиз унаётган бепоён далаларга боқиб, жаннатмонанд юрт фарзанди эканимиздан кўнгилларимиз фахру ғурурга тўлади.
Баҳор ва ёшлик — эзгу тушунчалар. Ёшликни умр баҳори деб ҳам атайдилар. Шу боис, Наврўз муносабати билан қилаётган ишларимизнинг барчаси буюк келажак бунёдкорлари бўлмиш ёшларни истиқлол ғояларига садоқат ҳамда миллий маънавий қадриятларимизни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, янги Ўзбекистон замини гуллаб яшнаши учун ҳар биримиз масъул эканимизни ҳис қилмоғига эришишга йўналтирилган.
Халқимизнинг байрамлари ҳамиша куй-қўшиққа, ҳазил-мутойибага эш бўлган. Байрам кунлари турли авлод вакилларининг баҳор таомлари тортилган дастурхон атрофида жамулжам бўлиши ҳам ёшларга Наврўз билан боғлиқ удумлар, урф-одатлар ва анъаналар ҳақидаги тушунчаларни сингдиришга хизмат қилади.
Айни баҳор фаслида инсон ўзини табиатнинг ажралмас, узвий қисми сифатида ҳис қилишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукрона туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Наврўзнинг келиши шунчаки табиат яшнаши, янгиланиши эмас, балки инсон онги ва тафаккурининг ҳам янгиланиши деганидир. Бу йилги Наврўзнинг ҳар бир тантанасида юртимизда юз бераётган ислоҳотлар билан бирга халқимизнинг онги, тафаккурида юз бераётган эврилишлар ўз ифодасини топади.
Мустақилликнинг ўттиз тўртинчи йили баҳорини юртдошларимиз кўтаринки руҳ, янгидан янги орзу-умидлар билан қарши олмоқда. Ўлкамизда Наврўз нафаси кезиб юрибди. Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, бунёдкор халқимиз эртанги кунга ишонч билан қадам ташламоқда. Янгиланиш ва яшариш айёми бўлган баҳор байрами завқи ва нашидасини тўлақонли туйиш ва ҳис қила олишнинг кафолати ҳам ана шунда. Чунки тинч ва осойишта, барқарор ва фаровон юртгагина байрамлар ярашади.
Асрлар давомида биз учун эзгулик тимсоли бўлиб келган Наврўз жаҳон ҳамжамиятига биз кимларнинг авлоди, қандай улуғ тарих ва бой маънавий мерос ворислари эканимизни яққол намоён қилиш имконини беради.
Наврўз шунчаки намойиш, шунчаки байрам эмас, балки инсоний ҳисларга, меҳр-оқибат туйғуларига куч-қудрат бахш этувчи, кишиларни бирлаштирувчи ҳамда улар қалби ва онгида ягона Ватан туйғусини мустаҳкамловчи омилдир.
Шунинг учун ҳам буюк бобомиз Ҳазрат Навоийнинг «Ҳар тунинг Қадр ўлибон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!» деган гўзал сатри бир-биримизга эзгу тилак бўлиб тилимизда, дилимизда тез-тез такрорланади.
Халқимиз маънавий сарчашмаларидан озиқланувчи, ҳаётимизни замон билан ҳамнафас янгича мазмун-моҳият билан бойитиб борувчи асл қадриятларимиз барҳаёт экан, ана шундай тилаклар, эзгу умидлар қадди ва қадри юксалаётган янги Ўзбекистон фарзандларига йўлдош бўлаверади.
Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси