Чарақлаб турган қуёш ҳаммага жўшқин кайфият улашиб, Нукус шаҳрини иккига бўлиб турган "Дўстлик" каналининг икки қирғоғидаги манзаралар барчани завқлантирмоқда. Эрта тонгда бошланган байрам сайли театрлаштирилган саҳнадаги анъанавий рақс ва куй-қўшиқларга уланиб кетди.
"Қадриятларинг абадий бўлсин, Наврўз!" шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари ҳар бир юртдошимизга қувонч ва илиқ кайфият бағишламоқда. Каналнинг икки қирғоғига тикилган оқ ўтовлар ичида дастурхонлар чиройли қилиб тўлдирилган, турли хил томошалари ташкил этилган. Дўстлик ришталари мустаҳкам кўп миллатли халқимиз "Дўстлик" канали бўйида ҳар бир миллатнинг ўзига хос миллий либослари, урф-одат ва анъаналари, рақс ва қўшиқлари йиғилганларга кўтаринки руҳ ва шодлик улашмоқда. Ёши катталар байрам сайлида бир-бирини янги кун, янги йил билан қутлаб фотиҳага қўл ёймоқда.
Минажатдин Қутлымуратов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.