Гулга буркаб ҳамма ёғини, гуллаётган Намангандир бу!

    Туризм 21 июн 2023 4352

    Наманганда 62-халқаро гуллар фестивали ниҳоясига етди ва якунлари эълон қилинди. Бундан роппа-роса бир ой аввал Наманган шаҳрида халқаро гуллар фестивали бошланганди.

    Байрамнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев нутқ сўзлаб, ўша машҳур “Сира кетгим келмайди бундай гўзал гулзордан, Йўқолиб қолса Ёдгор, излангиз Намангандан”, дея ажойиб шеърий лутфни қўллаганди. Рост-да, биринчи кунги 30 мингга яқин гуллар билан безатилган 200 дан зиёд гулдор машиналар карвонини кўриш учун йиғилган тумонат одам ичида адашиб қолиш ҳеч гапмас эди. Дастлабки санада меҳмонлар ташрифи 500 мингдан ортди, гулларга бурканган автопарадни бевосита кузатгани шаҳар кўчаларига 300 минг аҳоли чиқди.

    Турфа гуллар воситасида вилоятнинг тикувчилик-тўқимачилик, тадбиркорлик-ҳунармандлик, ижодкорлик салоҳиятини гавдалантирган костюм-шимдаги куёв ва оқ-қизил либос кийган келин, Чуст дўпписию пичоғи ҳамда Наманган кўҳна обидалари ва замонавий иншоотлари, аэропортдан юқори парвозга шайланаётган самолётни ифодалаган улкан макетлар томошабинларни маҳлиё қилди. Бир пайтлар қирмизи олмаси билан етти иқлимга донг таратган Наманган гулчилик маҳорати бобида ҳам ҳақли равишда шуҳрату довруқ қозонмоқда.

    Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг музей ва кутубхона рўпарасидаги дарвозаси ёнига ўрнатилган баланд саҳнада таниқли сухандонлар – телебошловчи Жамшид Умрзоқов ва латофатли актриса Дилноза Кубаева, машҳур хонандалар Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Милена Матмусаева, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг дилрабо қўшиқлари, ёш истеъдодли операчилар Комрон Мамадалиев ва Шаҳноза Ёқубжонова ижросидаги гуллар байрами мадҳияси, журналист ва блогерларнинг хушхабарлари, ранг-баранг лавҳалари барчани вилоят марказига чорлайверди. Эшитган ва кўрганлар гуррос-гуррос келаверди. Ҳар бир кун бетакрор зайлда кўнгилларга нақшланаверди.

    Ҳаш-паш дегунча айём даврийлиги белгиланган муддат ниҳоясига етди. Салкам ўттиз кун мобайнида дилларга қувонч, кўтаринки руҳ, юқори кайфият улашиб, тинчлик ва ҳамжиҳатликни, эзгулик ва гўзалликни тараннум айлаган фестиваль қалбларда бир олам завқ, унутилмас таассуротлару ширин лаҳзалар муҳрланди. Беихтиёр рақамларга юзланасан, киши. Ўтган йилги ва бу галгисини солиштиришга тушасан, афзал жиҳатлари ва катталашган сонлар эътиборингни тортади. Кутилмаган статистика қаршисида фахр-ифтихор туйғуси жўшади. Янгиланаётган ва нуфузи ошаётган Наманганнинг ўктам “овози” қулоғинг тагида янграётгандек.

    Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва тавсияси, гулчиликни ривожлантириш йўлида қабул қилган муҳим қарор ва фармонлари билан халқаро мақомда нишонланаётган фестивалга жорий йилда 6 миллион нафардан ортиқ гул шайдоси, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Корея, Хитой, Покистон, Замбия, Буюк Британия, АҚШ, Саудия Арабистони, Япония, Германия, Туркия, Эрон, Бангладеш каби 45 та мамлакатдан 100 мингга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Агар 2022 йилда фестиваль арафасида 25 млн. туп гул кўчати экилган бўлса, бу сафар Бобур боғининг ўзига 22 млн. туп, кўча ва хиёбонларга 10 млн. туп ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркига 10 млн., жами 40 млн. тупдан зиёд гул кўчати ўтқазилди. Халқаро фестиваль учун Наманганнинг икки йирик ва файзли боғи мезбонлик қилди. Гуллардан 300 хил композиция яратилди. Гулзорларга 500 минг туп атрофида муаттар атиргуллар қайтди.

    - Анвойи гуллар билан безатилган ҳар хил русумдаги, айниқса, ретро автомобиллар саф тортиб шаҳар айланганида, ҳар кеча икки боғнинг амфитеатрлари, майдону стадионларда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркия, Озарбайжон санъат усталари куйлашганида одамлар ҳаёт қувончи, бахт нашидаси, умр лаззатини чуқурроқ ҳис қилдилар, - дейди Наманган вилояти ҳокимининг маданият ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. - Бир ойга мўлжалланган махсус дастурга мувофиқ, ҳар куни алоҳида маданий тадбирлар, халқаро форум ва илмий-амалий конференциялар, спорт мусобақалари уюштирилгани Наманганни бир ой давомида юртимизнинг энг қайноқ нуқтасига айлантирди.

    Халқаро гуллар фестивали доирасида дунёнинг бренд АйТи компанияларида фаолият юритаётган ватандошларимиз ва юртимиздаги етакчи компаниялар вакиллари иштирокида ўтган халқаро АйТи форум ахборот-коммуникация технологиялари ривожи йўлида дадил қадам бўлди. Наманганда сўнгги уч йилда АйТи компаниялар сони ўн баробарга ортиб, қарийб 200 тани ташкил этмоқда. АйТи соҳасидаги хизматлар экспортида ҳам Наманган кучли учликда экани бизни хурсанд этади. 16 та давлатдан, 20 нафар номдор экспертни бир даврага жамлаган “Фарғона водийсида туризм: Ахсикент туризм марказини яратиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция эса водийда туризм даражаси юксакликка чиқиши учун креатив ғоялар ва мақбул ечимларни берди. Тошкент ҳалқаро кимё университетининг Наманган филиалида “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш: ҳалқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар” мавзусида ҳалқаро конференция ҳам бўлди.

    Ҳунармандлар кўргазмаси, ўзбек палови чемпионати, қўл жанги бўйича халқаро турнир, Фарғона водийси модалар ҳафталиги, жаҳон киноси кунлари, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги концерти, Миллий академик драма театри спекталлари, профессионал дизайнерларнинг кўргазмали чиқишлари, цирк томошалари, болалар учун анимацион томошалар, бахшичилик фестиваллари, қорақалпоқларнинг “Айқулаш” ансамбли концерти, аския ва кулгу, назм ва наво кечалари фестиваль мазмундорлигини бойитди.

    - Мен серқуёш диёрингиздаги фаолиятимни ўтган йил декабрь ойида бошлаганман. Бу Наманганга илк ташрифимдир, - дейди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши жаноблари. – Самолётдан ҳам шаҳрингиз жуда чиройли кўринди. Аэропортдан марказга келишда шаҳар чинакамига гуллар макони эканига ишонч ҳосил қилдим.

    Жаҳон эстрадаси юлдузлари – туркиялик Рафет Эл Роман, озарбайжонлик Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасанийларнинг шоу-концертлари фестиваль меҳмонлари учун ҳақиқий совға бўлди. Мазкур концертларга умумий ҳисобда 50 минг санъат ихлосманди ташриф буюриб, сара мусиқа ва қўшиқлардан баҳраманд бўлишди. “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори мужассамлашган фестиваль эса миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг миллий урф-одатлари, маданияти ва санъати, қадриятларини тарғиб этди.

    Гулларнинг нафис анжумани меҳр-оқибат ва табиат шодиёнаси сифатида онгу шуурда ўчмас из қолдиришига ишончимиз комил. Хусусан, миллионлаб йигит-қизларимиз учун мунозара, қизғин беллашувлар майдони вазифасини ўтади. Фестиваль доирасида вилоят ҳокими кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйинларида Фарғона водийсининг 18 та олий таълим муассасаси жамоалари ўзаро баҳслашишди. Нафосат ва гўзаллик байрами “Ёшлар ойлиги” лойиҳаларига уланиб, шаҳар-туманларда кўчди.

    - Наманганнинг тоза ҳавоси ёқди ва бетакрор гуллари билан мафтун этди. Сўлим гўшага келаётган сайёҳлар, меҳмонлар оқими бизни ҳайратлантирди, – дейди Хоразм вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчонова. – Наманган шаҳридаги Бобур боғи куну тун байрамона қиёфада. Таърифлашга тил ва қаламимиз ожиз. Хиёбондаги такрорланмас гулу чечаклар дарҳол эътиборингизни тортади. Теварак мўъжаз ва табиий муҳит оғушида, манзурлик сурури чулғаган. Мукаммал уйғунликни ҳар қайси меҳмон, сайёҳ ҳис қилади. Гуллар фестивали сабаб касбдошлар фаолияти билан танишиш, тажриба алмашишга муваффақ бўлдик.

    Байрам муносабати билан Янги Наманган туманида янги гул дўкони очилди. Илк бора 2017 йилда Наманган шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида фаолият бошлаган “Orxideya” гул марказига гулчилар сулоласи вакили Абдулло Сатторов асос солган, тадбиркор Сатторовлар сулоласининг 5-авлоди ҳисобланади. Гул дўкони 1 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилди ва ўнта иш ўрни яратилди. Бу ерда юздан ортиқ гул нави мавжуд, улар асосан Голландиядан келтирилган. 50 хил гулдаста ҳам тайёрланади.

    - 1980-1984 йилларда Наманганда олий таълим таҳсилини олганман. Талабалик давримизда шаҳар марказидаги истироҳат боғи Пушкин номи билан аталарди. Эрта баҳордан кеч кузгача анвойи атиргуллар очилиб турадиган чаманзорлар ҳануз кўз ўнгимда. Бугун эса тамомила ўзгариб кетибди, - дейди Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги фермер Абдухолиқ Саодатов. - Поплик курсдошимиз Шуҳратжоннинг таклифи билан 63 ёшли кактусни кўрдик. Турмуш ўртоғим Шарифахон, дўстларим Хайрулло, Мавлуда ва набираларимиз билан келгандик. Бизни халқаро гуллар фестивали чорлаганди. Энди Наманган гуллари воҳанинг Яккабоғ туманида ҳам барқ уриб очилиб-яшнайди.

    Дарвоқе, фестиваль сабаб нафақат Наманган шаҳридаги меҳмонхона ва меҳмон уйлари, балки туманлардаги санаторий ва шифохоналар, меҳмон қабул қилиш имкониятига эга бўлган барча масканлар сайёҳлар билан тўлиб-тошди. Географик миқёси, хизмат кўрсатиш соҳасидаги даромадлар 5-6 баробарга ўсди. Оддий қилиб айтганда, савдогару ошпаз, ҳайдовчию сотувчини қўнжи пулга тўлди. Маҳаллий ва бошқа вилоятлик 200 нафар ҳунарманд-устанинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ва савдоси йўлга қўйилгани меҳмонларда илиқ тасаввур уйғотди.

    Расталарда маҳаллий ва республикамиз ҳудудларидан келган беш юзга яқин гулчилар ўз савдоларини қизитдилар. Хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида вилоятимизда туризм соҳасига қизиқадиган 150 нафар ёшдан иборат волонтёрлик гуруҳлари эртаю кеч хизматда туришди. Гуллар сайли баҳонасида Наманганда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси вилоят тадбиркорлари салоҳиятини намойиш этиш билан бирга янги-янги савдо келишувлари имзоланди.

    Халқаро гуллар фестивали муваффақиятли ўтиши замирида кўпчиликнинг машаққатли меҳнати ётибди. Ғайратли гулчиларимиз ва ободонлаштириш хизмати ходимлари, ташкилот, муассаса, хусусий корхоналар жамоаларига фидокорона хизматлари туфайли Наманган шаҳри бугунги кўркам қиёфага кирди, жозибадор таровати билан ёдда қолмоқда.

    - Қирқ уч йилдан буён шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ишлаб келаман. Гулчилик орқасидан инсонларга яшиллик улашдим. Камтарона меҳнатимни давлатимиз муносиб қадрлаб, “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Узоқ йиллардан буён Ҳаж зиёратига боришни ният қилиб юрардим. Шукурки, ҳалол ҳунардан маблағ жамғариб, муродимиз ҳосил бўлиб, улуғ сафарга отландим, – дейди Наманган шаҳридаги “Шарқ тонги” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Саодатхон Усмонова.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида” 2021 йил 4 августдаги 5209-сонли ва 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 135-сонли қарорининг тегишли бандлари ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга ошириляпти. Зарур шароитлар яратилди, йўллар қайта таъмирланди, фойдаланишга топширилди, туризм инфратузилмаси яхшиланди. Албатта, буларнинг бари мамлакатимиз ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада оширишдан иборатдир.

    Маълумот учун, кўрсаткичлар 2022 йилдаги гуллар фестивалига келган хорижий сайёҳларга нисбатан 170 фоизга, маҳаллий сайёҳларга нисбатан 260 фоизга ортганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, 2023 йил учун 1 миллион 920 минг нафар маҳаллий, 154 минг нафар хорижий сайёҳни жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, биргина фестивалнинг ўзида маҳаллий сайёҳларнинг йиллик ташриф режаси 88 фоизга, хорижий сайёҳлар эса 55 фоизга бажарилганини билиш мумкин. Чет эллик меҳмонларнинг аксарияти қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон Республикаларидан, Россия Федерациясидан.

    15 та йирик халқаро гулчилар уюшмалари ва ташкилотларига (“Azerbaijan Flower Producers”, “Korea Flower Association”, “Royal Union of Belgian Florists”) таклиф хатлари чиқарилиб, тадбирларга жалб этилди. Наманган вилоятида янги туризм соҳаларини яратиш ва ривожлантириш мақсадида ҳамкор чет эл ташкилотлари, жумладан, “Жаҳон банки”, Германиянинг “GIZ”, Малайзиянинг Сабаҳ штати йирик туризм корхоналари, “Keios” ва “The Journey” ҳамда UNESCO ва БМТ вакиллари ҳам ташриф буюришди.

    - Бу йилги фестиваль ўнлаб чет эл оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, - дейди Наманган вилояти Медиа департаменти раҳбари Анвар Икром. - Байрамга хориж ва марказий нашрлар, халқаро ахборот агентликларидан юз нафар журналист ва блогер келди. Журналистлар томонидан ҳар куни тўғридан-тўғри эфирлар ва репортажлар, лавҳалар узатилди. Фестивалга бағишланган ижодий материаллар 30 та маҳаллий телеканал ва 200 дан ортиқ хорижий, маҳаллий ОАВлар, ижтимоий тармоқларга кетма-кет жойланди.

    Наманган шаҳри, Давлатобод туманида жойлашган замонавий “Афсоналар водийси” тематик парки ёзги амфитеатри. Тантанали ёпилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов халқаро гуллар фестивали Наманганнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутаётганлигини, вилоятнинг ўзига хос “ташриф қоғози” эканлигини таъкидлади. Фестиваль ўтказилишига яқиндан кўмаклашган барча масъул идоралар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар, Маданият ва туризм, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддиларига самимий миннатдорлик билдирди.

    Сўлим оқшомнинг ҳаяжонли дақиқалари. Анъанавий гуллар фестивали якунларига кўра, ҳокимликлар ўртасида Норин тумани ҳокимлиги, ташкилотлар ва бошқармалар орасида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали – “Энг яхши ландшафт дизайн учун”, Чортоқ туманидаги “Chortoq Mineral Water” МЧЖ қўшма корхонаси – “Автопарадда энг яхши безатилган автомашина”, профессионал гулчи Ойбек Нуриддинов – “Энг яхши дизайнер гулчи” номинациялари бўйича олий ўрин соҳиблари деб эълон қилинди. Ғолибларга “Жентра” ва “Монза” автомашиналари калитлари топширилди. Шунингдек, “Энг яхши қадимий гулчи сулола давомчиси”, “Энг яхши гул композицияси”, “Энг яхши гулчилик мактабининг гулчиси”, “Энг кўп гул етиштирган гулчи”, “Гуллар фестивали гул автопарадида фаол қатнашган кун қаҳрамони” каби номинацияларда ҳам илғорлар тақдирланиб, уларга пул мукофотлари берилди. Тадбирга мушакбозлик якун ясади, осмону фалакда ранго-ранг чироқлар ёғдуси порлади.

    Ҳа, Ўзбекистон халқ шоири, Наманган фарзанди Ҳабиб Саъдулла “гулзорлар яратган, бунёдкор халқим”изни ўз шеърида мақтаганди. Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир башоратли битганидек,

    Ишимни ҳурмат қилур,

    Гуллардан ҳайкал қурур.

    Минг йиллардан кейин ҳам

    Унутмас мени боғим!..

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова, Улуғбек Раҳматуллаев ҳамда вилоят санъат усталари ижросидаги қўшиқлар мамнунлик шукуҳини кўтарди. Гарчи халқаро гуллар фестивали расман ёпилган бўлса-да, бироқ у яна боғ оша маҳаллаларда, хонадонларда давом этаверади, хушбўй ифори билан ўзига ром этаверади, бекату манзилларга гуллардан гиламлар тўшалаверади. Чор тарафда экзотик манзаралар кўзга ташланаверади. Дарҳақиқат, озод ва обод, мустақил юртга мана шундай айёмлар ярашади. Гуллар эса ҳар қандай байрамнинг бебаҳо ва азиз нишонасидир. Зеро, оташнафас шоир Бобораҳим Машраб ундаганидек, “Мани борар жойим ўшал Намангон!”

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири

    Раҳмонжон Мамадалиев, Ойбек Нарзуллаев олган суратлар.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates