“Ўзгидромет“ агентлигининг хабар беришича, ушбу иш ҳафтасининг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича иқлимий меъёрга яқин бўлган ҳаво ҳарорати билан бироз иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундуз кунлари ҳарорат 36-39 даража атрофида, республика жанубида ва чўл ҳудудларида 40-42 даражагача кўтарилади.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ кучаяди. Жуда иссиқ об-ҳаво даври шанба кунига қадар давом этади. Кундуз кунлари термометр устуни 40-42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-44 даражагача кўтарилади.
Шу кунларда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Қисқа муддатли ёмғирлар фақат 14-16 июль кунлари айрим тоғли ҳудудларда кузатилиши мумкин.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 14-16 июлда кечалари 22-24 даража, кундуз кунлари 37-39 даража бўлади. 17-19 июлда ҳарорат кечалари 25-27 даражагача, кундуз кунлари 40-42 даражагача кўтарилади.









