Ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирилди

    Долзарб 5 июн 2022 1425

    Мусулмонлар идораси ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирди.

    Унда “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида тўхталиб ўтилган.

    Яъни, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилгани ва шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилгани, қайд этилган.

    Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун “Иқтисодий”, “Люкс” ва “VIP” пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.

    Энг эътиборли жиҳати – Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчиларимиз учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади.

    Айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси баёнотида яна шундай дейилади: юртдошларимиз жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.

    Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

    Юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

    Яна бир муҳим жиҳат – жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

    Жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

    Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

    Ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:

    • Ҳаж визаси;
    • Авиабилет;
    • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
    • Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
    • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
    • Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
    • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
    • 24 соат тиббий хизмат;
    • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
    • 24 соат транспорт хизмати;
    • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
    • Ҳаж қўлланмаси;
    • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
    • «Замзам» суви (5 литр);
    • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
    • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
    • Қурбонлик.

    Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабарида.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates