“Маданият карвони”нинг навбатдаги манзили Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази Наманган вилоят филиали бўлди. Бу ерда Марказ раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо бошчилигидаги илм-фан, адабиёт, санъат, маданият намоёндаларидан иборат гуруҳ оғир
хасталикларни бошидан кечирган, соғлиқ учун курашиб, сабру матонат кўрсатаётган инсонларга далда беришди.
— “Ҳаммангизга раҳмат, — дейди кекса она Маҳбуба Валиева. — 34 яшар қизим кўкрак саратони касаллигидан азият чекиб, бутунлай тушкунликка тушиб қолганди. Уйда икки нафар боласи чирқирайди. Нима қилишимизни билмай саросимага тушиб қолгандик. Хайриятки, таниқли олима Жамила Шермуҳаммедованинг қимматли ўгит ва насиҳатларидан қизим анча ўзига келиб қолди. Тўшакка михланиб қолганди, туриб овқатини ўзи ея бошлади, яшашга ишончи ортиб, бизгаям умид уйғотди. Ҳеч қайси она фарзанди учун куйинмасин!!”
Ушбу лойиҳа “Инсон қадри учун!” деб номланган бўлиб, меҳрга муҳтож, бирон сабаб билан қийинчиликка учраган ҳамюртларимизга яқиндан кўмак беришни кўзда тутади. Зеро, биз — ҳаммамиз ягона бир оиламиз, орамизда бегона йўқ!
Наманган вилоятига етиб келган, Тошкентдан ташриф буюрган “Маданият карвони” мукарраму мушфиқ кўнгилларга умид ва эзгулик улашишда давом этади.