Тошкентда “Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталиги” бўлиб ўтди

    Кейинги пайтларда Қатар амирлиги билан ҳар томонлама муносабатларимиз ривожланиб боряпти. Хусусан, маданий ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилаётгани қувонарли. Жумладан, жорий йилнинг 20-26 февраль кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилган бўлса, 11-14 октябрь кунлари Ўзбекистондаги “Ташкент Cити Парк” мажмуасида “Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталиги” бўлиб ўтди.

    Тўрт кун давом этган тадбирларда минглаб юртдошларимиз Қатарликлар маданиятига бефарқ эмасликларини амалда кўрсатди. Яқин келажакда Қатар олийгоҳларида ўқимоқчи бўлган ёшлар учун ҳам бу ажойиб туҳфа бўлди. Қатар миллий либослари, ҳунармандчилиги, миллий таомлари, айниқса, кемасозлик, ғаввослик санъати сирлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бир сўз билан айтганда, юртдошларимиз Қатар этнографияси билан яқиндан танишди. Зеро, уй қурилиш услубларидан тортиб яшаш тарзигача акс этган кўргазмалар тарих ва ҳозирги кунни акс эттирган. Маданият вазирининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Шоҳруҳ Акбаровнинг айтишича, бунинг учун қатарликлар ўзлари билан 10 тоннадан ортиқ кўргазма юклари, қурилиш материалларини олиб келишига тўғри келди.

    — Бу мустаҳкам ҳамкорликка икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташаббуслари сабаб бўлди. Келгусидаги мақсадларимиз бу алоқаларни янада юксакка олиб чиқиш, — дейди Қатар амирлиги маданият вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Марям Ал Ҳаммади.

    Дарҳақиқат, келажакда Қатар билан алоқаларимиз сезиларли даражада ривожланишига умид катта. Зеро, қатарлик композитор Нассер Сахимнинг юртимизда ташкил қилинган муаллифлик концерти мисолида Қатар маданиятига қизиқиб қолган ўзбекистонликларда албатта бу давлатга бориш истаги туғилганига шубҳа йўқ.

    Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд, йўллар очиқ. Чунончи, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, икки давлат раҳбарлари қарори билан виза режими олиб ташлангани учун айни пайтда ўзбекистонликлар ва қатарликлар ҳар икки давлатга бемалол ташриф буюряпти. Тўғридан-тўғри авиапарвозлар натижасида қатарлик сайёҳлар сони кескин ошди. Келажакда икки давлат медиа вакилларининг ҳам ўзаро ташрифларини йўлга қўйишга келишиб олинди. Бу мамлакатларимиз сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, қатарликлар кўпроқ қишки сайёҳликка қизиқиш билдиряпти. Шу маънода Ўзбекистон қишки туризмини тарғиб қилувчи контентлар, телекўрсатувлар тайёрлашга алоҳида эътибор бериляпти. Ўйлаймизки, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз юртимиз иқтисодига яхшигина ҳисса қўшишга хизмат қилади.


    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири