Халқимиз тарихи, қадрияти, илм-фани ва маданият дурдоналарини ҳар томонлама илмий ўрганиш ва таҳлил этиш ғоят муҳим. Бу ҳақда сўз кетганда, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилган қуйидаги жумлаларни эслаш ўринлидир: “Улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, бу бебаҳо бойлик янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир”.
Мазкур қарор асосида Ислом цивилизацияси маркази барпо этишда уни қандай нақшлар билан безашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу безаклар одатдагидек бўлмай, мантиқий ечимга эга, ўзида тарихимиз, давлатчилигимиз, илм-фанимизга хос фалсафий маънони мужассам этган бўлиши керак эди.
Меъморлар, олимлар, санъатшунослар ўртасида кечган муҳокамалар пайтида Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси пештоқида Ислом цивилизацияси марказининг асосий дарвозаси учун айнан мос нақшларни топиш мумкинлиги тўғрисидаги таклиф илгари сурилди. Бу ғояни чуқур ўрганиш учун мамлакатимиз қурилиш вазирига топшириқ берилди. Ўша куни вазир бир қанча олим ва меъморларни йиғиб, Улуғбек мадрасаси пештоқидаги безакларни ўрганиш учун Самарқандга юборди.
Топшириққа асосан, 2018 йили олти ойдан ортиқ вақт давомида илмий изланиш олиб бордик. Натижада Улуғбек мадрасаси пештоқига XV асрда Мирзо Улуғбек раҳбарлигида ишланган астрономик безакда бутун оламнинг космогоник харитаси тасвири аниқланди. Ушбу харита ўша даврда яратилган биринчи ва дунёда ягона нусха ҳисобланиб, 600 йилдан бери ўз тадқиқотчиларини кутиб келмоқда эди. Бу янгилик ҳақида кўплаб олимлар ижобий фикр билдирди.
Жумладан, академик Аҳмадали Асқаровнинг ёзишича, ушбу харита ҳозир Ислом цивилизацияси марказининг асосий портали бўлмиш Улуғбек дарвозасига туширилмоқда. Зотан, марказ биносининг ҳар бир дарвозаси ўз номи ва рамзий мазмунига эга. Шундан сўнг тажрибали олимлар ва ўнлаб ёш мутахассислар тадқиқотга жалб қилинди. Улардан бири — ёш олим, архитектура фанлари бўйича фалсафа доктори Мадина Соипова билан биргаликда Мирзо Улуғбек қурдирган меъморий обидаларда, Зангиота мақбараси, Шоҳизинда мажмуасининг киравериш дарвозаси пештоқида, Тожмаҳал ва бошқа меъморий ёдгорликларда ҳам оламнинг космогоник харитаси рамзий тасвири акс эттирилгани исботланди.
Ислом цивилизацияси маркази дарвозаларининг номланиши ва уларнинг безагида мантиқий асос борлиги дунё олимларини лол қолдириши табиий. Президентимиз марказга ташриф чоғида “Ушбу марказ миллий тарихимиз ва маданиятимизни, миллий ўзлигимизни тиклаш ва янада равнақ топтириш йўлида янги даврни бошлаб беради. Бу марказ Учинчи Ренессанснинг илмий пойдевори бўлиши керак”, деган эди. Шунинг учун марказдаги меъморий безаклар шунчаки безак эмас, балки муайян мантиққа, ҳикматларга эга бўлмоқда.
Шу даражадаки, тарихдан хабардор инсон уларнинг рамзий маъносини очиб, китоб сингари ўқиса бўлади. Олимларга шундай вазифалар қўйилдики, Ислом цивилизацияси маркази шундай санъат асари бўлиши лозим, токи дунё олимлари кўзи билан қараганда, ҳар бир мажмуанинг ҳар бир қисми, безаги томошабинга, зиёратчига фикр бера олиши, ўзига хос рамзий маънога эга бўлиши ва энг замонавий дизайнда безатилиши, асрлар давомида ўз қийматини ва теран моҳиятини йўқотмаслиги керак.
Шу маънода, жаҳон астрономия илмини ларзага солган, олти юз йилдан ортиқ вақт давомида дунё олимлари тилида достон бўлган буюк олим Мирзо Улуғбек ҳаёти, илмий фаолиятини ўрганиш ва тадқиқ этиш натижасида маълум бўлаётган илмий кашфиётлар ҳанузгача башариятни лол қолдирмоқда. Илмий-маърифий меросини тадқиқ қилиш бўйича ўрганилган маълумотлар бобомизнинг кўп қиррали фаолиятини очиб бериш билан бирга, номини мангуликка муҳрлади.
Мирзо Улуғбек барпо этган меъморий ёдгорликларга боқсак, ўша даврда тасвирий ва амалий санъат турлари нақадар юксак даражада ривожланганига иқрор бўламиз. У қурдирган расадхонанинг ички девори ва шифтида фалакиёт, Ер шари, етти иқлим билан боғлиқ кашфиётлар, муҳим белги, рамз, тимсол ва рақамлар тасвири туширилган. Уларни Абдураззоқ Самарқандий бундай таърифлаган: “... У олий бунёд ва улуғсифат иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъатию тўққиз (осмон) доиралари шакллари даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларгача (чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра, собита юлдузлар кўриниши ва ер курраси ҳайъатию иқлимлар сувратлари тоғлар, биёбонлар, ...дилназар нақшлару, беназир рақамлар билан дарж этилди”.
Мирзо Улуғбекнинг дўстлари ва яқинлари орасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи каби машҳур математик-астрономлар Улуғбек мадрасаси деворига (расадхонада ҳам) етти иқлим харитасини чизганлар. Ҳозир етти иқлим харитасининг қоғозга кўчириб олинган нусхаси сақланади. XV асрда Регистонда қурилган Улуғбек мадрасасининг тархи ўқув юртлари композициясига хос. Ҳовли айланасида икки ошиёнли қилиб талабалар учун махсус хоналар қурилган.
Ғарб томонида масжид, бинонинг тўрт томонида талабалар ёз кунлари шуғулланадиган энли айвонлар жойлашган. Шарқ томонида икки ёнини юксак миноралар эгаллаган. Анча ботиқ равоқнинг бурчакларида юлдуз нақшли гириҳ — юлдузли осмон тасвирланган. Улуғбек учун бу мавзу тасодифий эмас: у ҳаётини фалакиёт илмига бағишлаган. Мазкур мадраса талабалари ушбу фанни эгаллаши зарурлиги, таълим бериш тартиби айрим қоидалар доирасида чекланмаслигига ишора қилади.
Улуғбек мадрасаси безаклари геометрик, ёзувли ва ўсимликсимон нақшлардан иборат. Энг кўп ишлатилган нақш геометрик гириҳ, яъни ҳандасий нақшлардир. Бундай нақшлар жуда катта математик аниқликни талаб қилади. Геометрик нақшлар борлиқнинг аниқ ўлчам ва шаклга эгалигига ишора қилади. Юлдузсимон нақшларнинг кўп ишлатилгани Мирзо Улуғбек бутун умрини фалакиёт илмига бағишлагани далилидир.
Улуғбек мадрасаси пештоқидаги безакларда галактикаларнинг бир-бири билан занжирсимон, умумий ўзаро тортишиш кучи билан боғланган чексиз гравитацион тизим, яъни дунё (метагалактика) харитаси ўз аксини топган. Бу коинотдаги барча жисмлар, сайёралар тортишиш қонунига бўйсунганини ҳам билдирса ажабмас. Шундай қилиб, Мирзо Улуғбек фикр-мулоҳазалари ва илмий фаразларини астрологик нақшлар орқали акс эттиришга муваффақ бўлади.
Ислом цивилизацияси маркази миллий тарихимиз ва маданиятимизни, миллий ўзлигимизни тиклаш ва янада равнақ топтириш йўлида янги даврни бошлаб беради. Халқимизнинг юксак маърифати ва маънавиятини кўрсатиш, буюк тарихимизни ўрганиш, аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиб, дунё аҳлига тақдим қилишда муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади.










