Ҳар туни қадрли, ҳар тонги фараҳбахш

    Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!

    Айни кунларда она диёримизда яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил — Наврўзи оламни кутиб олиш ва уни кенг нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Президентимизнинг “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қадимий ва асл миллий байрамимизни ўзига хос ўтказиш йўлида муҳим ҳужжат бўлди.

    Наврўз байрамининг асл мазмун-моҳияти, тарихи, ўлмас қадриятлари ва яна қайси мамлакатларда у кенг нишонланиши тўғрисида барчамиз ҳам тўлиқ тасаввурга эгамизми? Наврўзнинг миллий қадриятларимиз билан боғлиқ қандай жиҳатлари бор? Уни байрам сифатида нишонлаш тарихи қайси даврларга бориб тақалади? Қайси давлатларда қачон, қай мақсадда нишонланади?

    Қадриятларга юксак эҳтиром

    — Наврўз оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча ва тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган, неча замонлардан буён элимизни эъзозлаб, юртимизни улуғлаб келаётган байрамдир, — дейди тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов. — Бу айём ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги, мазмун-моҳиятининг теранлиги билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Шу шукуҳли кунларда одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати, беморларга, имконияти чекланганларга кўмак бериши, қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олиши, ёши улуғларнинг дуосини олиб, теварак-атрофни ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш учун ҳашар ташкил этилиши ушбу байрамнинг азалий удумларидан энг асосийлари ҳисобланади. Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу байрамни муносиб нишонлашга катта тараддуд кўрилмоқда. Зеро, уч минг йилдан зиёд тарихга эга Наврўз — шарқона Йилбоши янгиланиш, яшариш ва баҳор нафасини бошлаб келиши билан ҳам қадрли ва суюкли ҳисобланади. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг унинг нуфузи янада ошди. Ҳар йили Наврўз байрами арафасида улуғ сана муносабати билан давлат раҳбарининг қарори қабул қилиниши бежиз эмас. Жорий йилда ҳам Президентимизнинг тегишли қарори асосида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни акс эттирадиган, бугунги осойишта ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган, маъно-мазмунига кўра ғоят таъсирчан усулларда нишонлаш режалаштирилган. Ҳа, ушбу баҳор айёмини ҳар йили давлатимиз раҳбарининг қарори асосида нишонлашга ўрганиб қолганмиз. Чунки бу байрамга ҳаётимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишлар, зафарли ютуқлар учун дебоча — янги даврнинг бошланиши деб қаралади.

    “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!”

    — Кун тунга тенг бўлган ва ҳар бир кейинги келадиган тундан бир неча дақиқани ёруғлик фойдасига тортиб оладиган, янгиланиш даври, янги қуёш йили бошланадиган кун — Наврўз, — дейди филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин Муҳиддинов. — Аждодларимиз Наврўз байрамини янги йилнинг боши ҳисоблаб, фаслнинг қандай келиши, қай тарзда бошланишига қараб йил давомида деҳқончилик, чорвачилик, тижорат ва умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълум хулосаларини ёзиб қолдирган. Шу асосда “Солнома”, “Наврўзнома”, “Меърожнома” каби асарлар битилган. Аслида, бу байрам, аввало, яратувчилик ва хотиржамлик байрами деб ҳисобланади. Байрамнинг энг муҳим маъноси — унинг маънавий ва маданий ҳаётдаги, тинчлик ва тотувликни, меҳр-оқибат ҳамда инсонпарварлик ғоясини, дўстлик ва ўзаро ёрдамни мустаҳкамлашдаги ролидир. Яъни қариндош-уруғни йўқлаш, хонадонларда миллий таомлар тайёрланиши ва гина-кудуратлар унутилишидир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!” деган битиклари бугун ҳам халқимизга хайрихоҳ. Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар тунию кунини ҳикмату маърифати билан улаётган муқаддас Рамазон ойи офият ва фаровонлик нафасини юртимиз узра ёймоқда. Бугунги кунда юритилаётган оқилона ижтимоий сиёсат байрамона кайфият сурурини жадаллаштирар экан, халқимизнинг ҳар туни қадрли, ҳар тонги фараҳбахш бўлишини тасдиқлаётгандек.

    Президентимиз таъбири билан айтганда, Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда.

    Фасллар алмашинуви

    — Биз ҳар йили Наврўз байрамини ўзгача ҳаяжон билан нишонлаймиз ва ҳар йили янгидан янги қирраларини, асрлар бўйи сир-синоат бўлиб келаётган жиҳатларини кашф этиб бораверамиз. Тарих бу — шунчаки рақамлардангина иборат эмас. У ҳар бир халқнинг тушунча ва тасаввурлари, қувончу ташвишлари, орзу-умидларини ҳам ифода этади, — дейди фольклоршунос олим, ­филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов. — Маълумки, мавсумий маросимлар дунёнинг барча халқлари орасида энг кўҳна тасаввурлар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлади. Улар ҳар бир халқ яшаётган ҳудуднинг шарт-шароити, об-ҳавоси, турмуш тарзи ва бошқа бир қатор хусусиятлари билан боғлиқ равишда шаклланади, ривожланади. Шунинг учун ҳам халқнинг асл, азалий байрамлари, энг аввало, унинг фольклорида ўз аксини топади. Йил фаслларининг алмашинуви билан боғлиқ билим ва тажрибалари, тақвим ва ҳисоблари авлоддан авлодга турли айтим, мақол, матал, топишмоқ, нақл ва афсоналар шаклида мерос бўлиб ўтади. Байрам маросимларида ижро этилувчи қўшиқларда эса унинг мазмун-моҳияти бетакрор метафора ва ўхшатишлар орқали, тимсолий тарзда ифода этилганини кузатамиз.

    Айни кўклам чоғида табиатнинг қайта тирилиши, уни жонлантириш билан боғлиқ “Қозон тўлди” каби қадимий маросимлар, ­томоша санъати, полвонлар кураши, бахшилар беллашуви, сумалак, лола сайиллари бўлиб ўтган. Ушбу маросим ва сайиллар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини Яратгандан сўраш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида янги йилнинг қандай бўлишини чамалаб кўришга хизмат қилган.

    Ушбу эътиқод ва у билан боғлиқ маросимлар тизими элимиз орасида бугунги кунгача яшаб келмоқда. Биз Наврўзни қанча ўргансак, унинг тарихи шунчалар теран эканини янада кўпроқ англаб бораверамиз. Наврўз ҳақидаги афсоналардан бирида ушбу айём кунида давлат қуши учирилиб, у кимнинг бошига қўнса, ўшани шоҳ этиб сайлаганлари ҳақида сўз юритилади. Аслида, бу давлатчилик ҳақидаги қарашларнинг илк куртаклари эди. Бу юртда, бу тупроқда Амир Темур давлати каби улкан салтанат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бунинг замири жуда олис замонларга, аждодларимиз ўз қадриятларини улуғлаб, уни Наврўз деб аталган қомусий бир тизимга сола бошлаган даврларга бориб тақалади. Наврўз шунчаки бир байрам эмас, бу халқимизнинг жипслашиши, давлатчилик тушунчаларининг шаклланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ улкан қадриятдир.

    Наврўз қачон, қандай пайдо бўлган?

    — Наврўз байрами Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистонда Аҳамонийлар даврида, милоддан аввалги VI асрларда кенг тарқалгани ҳақида бизгача етиб келган қадимий манбалар маълумот беради. Шу маънода, олимлар Наврўз тарихини 25-30 асрга эга, деб тахмин қилади. Наврўз қачон, қандай пайдо бўлганидан қатъи назар, у ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилган, — дейди Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир Элов. — Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг жонланиши — Наврўз деб қабул қилинган. Наврўз эски қуёш тақвими ҳисобида фарвардин ойининг бошланишига (22 мартга) тўғри келган ва “кичик Наврўз” деб аталган. Айни шу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради деб ҳисобланган.

    Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган. Унда кичик байрам фарвардин ойининг олтинчи кунигача давом этиши таъкидланган. Демак, олим фарвардин ойининг олтинчи куни “Катта Наврўз”нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақда шундай ёзади: “...У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган”.

    Ўзбекистонда Наврўз байрами 21 март куни нишонланади. Ушбу кун кеча билан кундузнинг тенглашган пайти. Ер бутунжаҳон астрономик тенглашган даврига кириб келади. Яна шу даврда яримшар бўйича йил фасллари ўзгариб туради, агар жанубий яримшарда куз келса, шимолий яримшарда баҳор. Ҳозирги кунда ушбу байрам дунёдаги энг кўҳна байрам саналиб, бир қанча Шарқ халқлари ва Европадаги баъзи давлатларнинг айрим минтақаларида ҳам нишонлаб келинади. Жумладан, Aфғонистон, Aлбания, Баҳрайн, Сурия, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Озарбайжон, Покистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон давлатлари ва Россиянинг айрим ҳудудлари шулар жумласидан. У барча халқларнинг дўстлик ва бирлик рамзига эга бўлган умумхалқ байрамидир.

    * * *

    Олимларимизнинг Наврўз ҳақидаги фикрларини тинглар эканмиз, байрам билан боғлиқ қарашларнинг асл негизида ёвузлик устидан эзгуликнинг, зулмат устидан ёруғликнинг тантана қилишини кўрамиз. Наврўзи олам нафақат тун билан куннинг тенглашиши, балки қиш фаслида уйқуга кетган ва эрта баҳорда кенг қулоч ёзаётган кўкламойнинг, ҳаётимиз юксалишининг бошланиши, деганидир.

    Зеро, она замин бағрига қадалган уруғ эртанги ризқимиздан, момоларимиз сумалаги эса меҳр-оқибатдан дарак беради. Элимизнинг кўп асрлик урф-одатлари, орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз айёмини юртимизда яшаётган барча миллатлар орзиқиб кутади ва умумхалқ байрами сифатида нишонлаб, ўзбекона урф-одатларимизнинг бетакрорлиги ва боқийлигини бутун оламга ёяди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates