Ҳаракатлар стратегияси: ислоҳотлар натижалари муҳокама қилинди

    Пойтахтимизда “Ўзбекистон: беш йил давомида амалга оширилган жадал ислоҳотлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбир халқаро мулоқот майдонига айланди. Тадбирда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот берди. Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертларнинг баҳолари ва фикрлари эшитилди. Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Адлия вазири Р.Давлетов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э .Туляков, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Ш. Адриан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси вице-президенти Ф.Дмитров, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси раҳбари ва бошқалар нутқ сўзлади.

    Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатнинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича стратегик ҳужжатга айланди. Ислоҳотлар натижалари ҳақидаги рақамлар ва фактлар бўйича батафсил маълумотни энди Reforms.uz ягона электрон платформасидан топиш ва танишиб чиқиш мумкин. Конференция давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков ушбу меда-маҳсулот тақдимотини ўтказди. Тадбир давомида Ҳаракат стратегиясининг ҳар бир йўналиши бўйича ялпи мажлислар ташкил этилди.

    Жумладан, “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш” йўналиши хусусида иштирокчилар парламентнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги роли мустаҳкамланаётганини, Ҳукумат соати институти жорий этилганини, Олий Мажлис палаталари соғлиқни сақлаш, ташқи ишлар, ички ишлар, адлия вазирлари ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари ҳисоботларини вақти-вақти билан эшитиб бориши таъкидланди. 2019 йилда Давлат дастури ижроси юзасидан Ҳукумат ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш амалиёти жорий этилди.Бюрократияга қарши курашиш натижасида давлат хизматларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 2 баравар (167 тадан 79 тагача) қисқартирилди. 4 йил ичида “Ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган хизматлар сони 10 баравар (16 тадан 157 тагача) оширилди.

    Суд ҳокимияти мустақиллиги кучайтирилгани ўтган беш йилдаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Бу ялпи мажлисда “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” йўналиши муҳокама этилди. Бизнес-омбудсман институтининг пайдо бўлиши эса тадбиркорлар ҳимоясини мустаҳкамлади.

    Қайд этилганидек, “Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш” йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар бир қатор солиқлар ставкаларини камайтириш имконини берди. Шунингдек, давлат фондларига ажратмалар ва суғурта бадаллари ҳам бекор қилинди, солиқ текширувлари турлари эса 13 тадан 4 тагача қисқартирилди. 2017-2020 йиллар мобайнида республиканинг ташқи савдо айланмаси 1,4 баробар ошди, инфляция даражаси 18,8 фоиздан 11,1 фоизга пасайтирилгани таъкидланди.

    Бу даврда ижтимоий соҳа ривожланди. Аҳоли турмуш даражаси ошди, соғлиқни сақлаш тизими мустаҳкамланмоқда. Мактабгача таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй берди. 2016 йилда 5,2 мингта болалар боғчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 18,3 мингтага етди. 2020 йилда мактабгача таълим билан болаларни қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 27,7 фоиздан 61 фоизга ошди.

    Олий таълим тизимида ҳам катта натижалар қўлга киритилди. 80 дан ортиқ янги олий ўқув юрти ташкил этилди, хорижий олий ўқув юртларининг 20 га яқин филиали очилди, 10 та хусусий олий ўқув юрти ўз фаолиятини бошлади. Педагог ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш амалиётига барҳам берилди.

    Мамлакатда қашшоқликни камайтириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда: унинг даражаси 2000 йилдаги 28 фоиздан 2020 йилда 11 фоизгача пасайди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш ва молиявий ёрдам шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

    Ялпи мажлис иштирокчилари “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш” йўналиши хусусида Ўзбекистон биринчи марта диний масалалар бўйича “алоҳида ташвиш уйғотувчи” мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганини, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланганини, чегаралар ва сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш масалалари ҳал этилганини таъкидладилар.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 86 та мамлакат фуқаролари учун визасиз режим амал қилмоқда (2016 йилда бу кўрсаткич 9 тани ташкил этган), республика халқаро рейтингларда бир неча поғонага кўтарилди.

    Мазкур халқаро анжуман иштирокчиларга нафақат Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижалари билан танишиш, балки ўз баҳолари ва тавсияларини тақдим этиш имконини ҳам берди. Улар мамлакатни ислоҳ қилишни давом эттиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳисобга олинади.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates