Шу кунларда юртимизда Корея Республикасининг Улсан шаҳри ҳокимлиги ҳамда жаҳонга машҳур "Hyundai” корпорацияси вакилларидан иборат делегация меҳмонда бўлиб турибди.
Улар охирги 3-4 кун ичида Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларидаги Касбга ўқитиш марказлари фаолияти билан танишди. Бугун Миграция агентлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда келажакдаги режалар муҳокама қилинди.
Мавжуд келишувларга кўра, "Hyundai” корпорацияси 2025 йилда мамлакатимизда “Касб-ҳунарга ўқитиш маркази"ни ташкил қилади. Шу ерда тил ва юқори технологиялар асосида Корея стандартларига биноан касбга ўқитилади.
“Бошланғич даврда Ўзбекистондан 350 нафар ишчи кучини жалб қиламиз”, - деди Улсан шаҳар ҳокими ўринбосари Song Yeon Ju.
Учрашувда Улсанда хорижлик ишчиларга талаб юқори эканлиги қайд этилди. "Hyundai” кемасозлик компанияси ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишида дунёда етакчи ўринларда туради. 2500 дан ортиқ кемага хизмат кўрсатади. 2027 йилги буюртмалар ҳам шаклланиб бўлган. Талабдан келиб чиқиб, 5 000 нафар чет эллик ишчи ишлаб келади.
“Ўзбекистондан ишчи жалб қилишимизга сабаб бўлаётган омиллардан бири — ўзбек ёшлари меҳнаткаш, янгиликни тезда ўзлаштиради, атрофдагилар билан чиқишиб кетиш кўникмалари юқорилиги билан ажралиб туради”, - деди “Hyundai Heavy Industries” компанияси вице-президенти Kim Seong Hoon.
Мулоқотда 2025 йилнинг февраль ойидан “Hyundai”га мақсадли ўқитиш ишларини бошлашга келишиб олинди. Унгача, Кореядан тажрибали ходимлар, Корея технологиялари бўйича ўқув дастурлари, ускуналар олиб келинади.
Учрашувда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Von Do Yon ҳам иштирок этди.