Биз учун эътиборли жиҳати, мамлакатимиз спортчиларининг муносиб иштирок этиши учун давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратилгани бўлди. Бунда, ҳатто озиқ-овқат масаласи ҳам назардан четда қолмади. Шу юртнинг фарзанди сифатида спортчиларимизга кўрсатилган эътибор ва меҳрдан қувондик. Минг шукрки, чинакам жонкуярлик билан яратилган шароитлар ўз самарасини берди. Буни спортчиларимиз эришган натижаларида ҳам кўриш мумкин.
Мамлакатимиз делегациясининг шу пайтгача энг яхши натижаси “Рио — 2016”да бўлиб, унда 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза медаль қўлга киритилган. “Париж — 2024”да тарихий натижа қайд этилиб, Ўзбекистон 206 та мамлакат орасида 13 медаль билан 13-ўринни эгаллади.
Парижда 8 олтин, 2 кумуш, 3 бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон МДҲ, Марказий Осиё, туркий ва мусулмон давлатлари орасида энг яхши натижани қайд этди. Бу тарихий натижа давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида қўлга киритилгани янада қувончли.
Биринчидан, шуни айтиш зарурки, юксак ютуқларга эришган спортчиларни, чемпионларни мукофотлаш орқали ёш авлоднинг спортга бўлган иштиёқи ва қизиқиши кескин ортади. Мамлакатда соғлом турмуш тарзига риоя қилувчилар сафи кенгаяди. Бунинг қийматини миллиардлаб доллар билан ҳам ўлчаб бўлмайди.
Франциялик зиёли ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) асосчиси Пьер де Кубертен уюшган спорт маънавий ва ижтимоий куч яратади, деб ҳисоблаб, ирқи, миллати ва даромадидан қатъи назар, бутун дунё бўйлаб ёшларнинг таълим ва спорт билан шуғулланиш имкониятини кенгайтиришни тарғиб этган.
Бугунги кунда ҳам Пьер де Кубертен ғоялари ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси спортнинг тинчлик ва тараққиётга қўшаётган ҳиссасини эътироф этиб, спорт бағрикенглик ва ҳурматни рағбатлантиришини эълон қилди.
2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида спортдан ўқув қуроли сифатида фойдаланиш, бутун Бразилия мактабларида таклиф қилинадиган спорт турларини кўпайтиришга қаратилган “Трансформа” таълим дастури ишга туширилди. Тадқиқотлар 28 мингдан ортиқ Бразилия мактаблари ушбу дастурда иштирок этаётгани ва мамлакатда спорт билан шуғулланиш миқдори ва сифати ортганини кўрсатган.
Иккинчидан, спортчиларга кўрсатилаётган эътибор ёшлар ўртасида ўзига ишонч руҳини оширишга, уларни баркамол инсон сифатида ҳаётга тайёрлашга хизмат қилади. Ёшлар чемпионларга ҳавас қилиб, улардек бўлишга интилади. Йигит-қизларда ҳаётга нисбатан қараш ўзгаради, аниқ мақсад сари интилиш характери шаклланади. Юртимиздан келажакда янада кўплаб чемпионлар етишиб чиқади. Бундай мақсад, соғлом турмуш иштиёқи учун ҳар қанча рағбат кўрсатилса арзийди.
Ҳавас деганимизга, шу кунларда қиз фарзандли бўлган кўплаб юртдошларимиз қизалоқларига Диёра, деб исм бераётган экан. Бу Олимпиада чемпионимиз Диёра Келдиёрова мисолида спортчиларимизга кўрсатилаётган эътибор маҳсулидир.
Маълумотларга кўра, Диёра Келдиёрова 28 июль куни Тошкент вақти билан соат 21:46 да ғалаба қозонган. 29 июль – 12 август оралиғида мамлакатимизда 20 минг 861 нафар қиз чақалоқ дунёга келган бўлса, уларнинг 466 нафарига Диёра исми қўйилган.
Учинчидан, ХОҚ маълумотига қараганда, “Токио — 2020” ўйинларини бутун дунё бўйлаб 3 миллиард киши, Японияда эса мамлакат аҳолисининг 91 фоизи (тахминан 116 миллион киши) томоша қилган. Австралияда бу кўрсаткич 20 миллионни ташкил этган. Бу яшил қитъа телевидениеси тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.
Яна бир гап. ХОҚнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари тахминан 110 миллион обуначига эга ва ойлик ўзаро алоқалар сони 640 миллионни ташкил этади, бу 2020 йилга нисбатан 966 фоиз кўп.
Париждаги Олимпиаданинг расмий ижтимоий медиа каналлари ўйинларнинг биринчи ҳафтасида 8,5 миллиарддан ортиқ томошабинни йиғди. Бу “Токио — 2020”дагидан 40 фоиз кўпдир.
Энг муҳим воқеа, ҳар бир ОАВ ва ижтимоий тармоқда Олимпия ўйинларининг намойиш этилиши ва ватанимиз спортчиларининг зафарли юришлари, юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, чемпионларимиз шарафига мадҳиямиз янграши бутун дунё эътиборини Ўзбекистонга қаратди.
Ўз навбатида, бу мамлакатимизни кашф этишга бўлган қизиқишнинг ортишига хизмат қилади. Айниқса, рақиб спортчилар ватандошлари ва давлатлари эътиборини қозонамиз. Муносиб эътиборга жавобан қўлга киритилаётган юксак натижалар келгусида халқаро тадбирлар ва спорт мусобақаларида мамлакатимизга алоҳида диққат қаратилиши ва вакилларимиз билан ўйлаб муомала қилинишига замин яратади.
Тўртинчидан, курраи замин эътибори бизга қарагач, шу юртни бир бор зиёрат қилишга қизиқиш ортади. Туризм ривожига ҳисса бўлади.
Дунёга машҳур телеканалларда бир сониялик лавҳанинг нархи қанчалар қиммат туришини кўпчилик яхши билади. Чемпионларимиз эса Ўзбекистон номини такрор ва такрор янграшини текинга уддалашди. Масалан, Диёранинг ғалабасига оид роликлар 10 миллион мартадан ошиқ кўрилган. Ҳар бир лавҳа мамлакатимиз номини янада машҳур қилади.
Шу маънода, туризмга фойда келтириши ҳақидаги гап шунчаки олди-қочди эмас. Масалан, айрим ватандошларимизнинг Европа мамлакатларига саёҳат қилган чоғи дунёга машҳур футбол клублари майдонларини кўришга ошиқиши, у ердан олинган фото ва видеолавҳани ўзларининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида катта завқ билан эълон қилишини кўп кузатганмиз. Ҳатто уларга ҳавасимиз ҳам келган.
Шундай экан, Ўзбекистонда спорт турларининг ривожланиши туризм салоҳиятимиз ошишига ҳам фойда беради. Бунга ишончим комил. Дунёнинг турли ўлкаларидан ўзбек спорт мактабларини кўришга, чемпионларимиз мактабларига ташриф буюриб, улар билан расмга тушиш истагида бўлган кўплаб спорт ихлосмандлари кела бошлайди. Яъни мамлакатимизда спорт туризми ривож топади.
Бешинчидан, ижтимоий тармоқларда чемпионларга берилган мукофот пулига мактаб қурса бўларди, деган фикрларга тўхталсак. Тўғри, жуда асосли гап. Лекин мактаб фақат моддий тушунчами?
Эсингизда бўлса, Ўзбекистон делегацияси 1996 йилда Атлантада ўтказилган Олимпиадада ўз иштирокини бошлаган, ўшанда 1 кумуш ва 1 бронза медаль билан кифояланган.
2000 йилда Сиднейда бўлиб ўтган Олимпиадада боксчимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистонга тарихий илк олтин медални тақдим этган. Бу улкан муваффақият мамлакатимизда ёшлар ўртасида боксга қизиқишнинг кескин ортишига, спорт билан шуғулланувчилар сафи кенгайишига туртки берди. Муҳаммадқодир чинакам ўзбек қаҳрамонига, ёшларимизнинг идеалига айланди. Ҳар бир боланинг қалбида унга ўхшаган йигит бўлиб улғайиш орзуси пайдо бўлди.
Ёки Нигина Абдураимова, Ирода Тўлаганова, Сабина Шарипова ва Оқгул Омонмуродова каби теннисчи қизларимиз сабаб юртимизда теннис билан шуғулланиш оммалашгани ҳам кечагидек ёдимизда.
Рустам Қосимжонов муваффақияти қанчадан-қанча шахматчи чемпионларимиз етишиб чиқишига туртки бўлганини кўриб турибмиз.
Икки карра Олимпиада чемпионимиз Баҳодир Жалолов ва бошқа боксчиларимиз ўз мактаблари фаолиятини йўлга қўйгани эса келажакда Муҳаммадқодир, Баҳодир ва Ҳасанбойдек кўп лаб боксчилар, Диёрадек курашчи қизларимиз етишиб чиқишига, ёш авлоднинг мард, жасур ва ориятли бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Олтинчидан, юртимизда фан ва таълимга ҳам катта эътибор берилаётганини таъкидлаш ўринли. Ўзбекистон Фанлар академиясининг барча институтлари тўлиқ тикланиб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди. Моддий-техник базаси такомиллаштирилди. Тўхтаб қолган академиклик сайловлари тикланди.
Шунингдек, мамлакатимизда фан олимпиадалари совриндорларини олий таълим муассасаларига қабул қилишда имтиёзлар яратилган. Халқаро фан олимпиадалари совриндори бўлган ёшларимиз моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратишимиз жоиз бўлади. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, биргина футбол бўйича топ чемпионатларда футболчилар қанчалик катта маош олади? Ёки профессионал бокс бўйича бўлиб ўтадиган йирик жангларга қанча гонорар тикилади? Буларнинг бари спортчининг ўз соғлиғи ва ҳаётини гаровга қўйиб майдонга тушиши боис. Хатарнинг жиддий ва катталиги, ўз навбатида, курашга тикиладиган ҳақнинг ҳам салмоғига таъсир кўрсатади.
Энг ёрқин футболчилар фаолияти ҳам саноқли йилларни ташкил этишини инобатга олсак, спортчининг фаолият бозоридаги барқарорлик вақти узоқ эмаслигини англаш осон.
Ҳар бир жангга киришаётган спортчи катта босим остида бўлади. Мағлубиятлар қаттиқ руҳий чарчоқни юзага келтиради, ўзига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келади. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан бардам спортчигина мағлубият ва қийинчиликларни енгиб ўта олади.
Мураббийлик эса ундан-да машаққатли. Буни Париж Олимпиадасида бокс бўйича жамоамиз мураббийи Тўлқин Қиличев билан юз берган ҳолат мисолида ҳам кўрдик.
Ва ниҳоят, спорт — тинчлик элчиси. Париж Олимпиадаси ҳам қўлга киритилган медаллардан ташқари, баҳоси ҳеч бир моддий бойлик билан ўлчанмайдиган яхшиликларни тақдим этди. Эзгулик, дўстлик туйғулари кенг ёйилишига хизмат қилди.
Айниқса, ўзбекистонлик мураббийнинг қирғиз боксчига секундантлик қилгани, ўзбек, қозоқ ва қирғиз спортчиларининг ўзаро яқин муносабатларидан лавҳалар ва бу воқеаларга билдирилган фикрлар халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди. Қирғизистонлик сиёсий таҳлилчи Султон Каназаровнинг “Ўзбекистон ғалабалари бутун минтақаникидир” номли муносабати кенг жамоатчилик эътиборини тортиб, ижтимоий тармоқлар аҳиллигимиз абадий бўлсин, деган истакларга тўлди.
Мусобақа якунига қадар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, хусусан, туркий халқлар — барча бир-бирини қўллаб-қувватлади. Марказий Осиё халқларини янада бирлаштирган, бирдамлигини мустаҳкамлаган Париж Олимпиадаси чинакам дўстлик элчиси вазифасини бажарди. Бу улуғ неъмат, бу натижа ҳар қандай ютуқдан ҳам қимматли ва азиздир. Биз ўзаро дўстликни, қалбан яқинликни ҳис этдик. Бунга моддий бойлик орқали эришиб бўлармиди?
Халқаро олимпиадалар тарихига назар ташласак, мамлакатимиз спортчилари эришган натижалар билан, ҳаттоки, кучли йигирматаликка ҳам кирмаган эканмиз. Уларда иштирок этиш бўйича энг яхши кўрсаткич 1996 йили 71 спортчини ташкил этган. Бу йилги Олимпиадада мамлакатимиз шарафини 86 спортчимиз ҳимоя қилди. Бу эса, Олимпиадага йўлланма берувчи халқаро мусобақаларда рақобатбардошлигимиз ортиб, салоҳиятли спортчиларимиз сафи кенгайиб бораётганидан далолат.
Давлатимиз раҳбарининг медални қўлга киритган ҳар бир спортчимиз билан телефон орқали боғланиб, табриклаб бориши барча юртдошларимизга ғурур бағишлаши баробарида спортчиларимиз учун улкан мадад ва иштиёқ бахш этди. Бор меҳр ва ишончи билан мухлислик қилаётган халқи, Президентини хурсанд қилиш, кўрсатилган ғамхўрлик ва билдирилган ишончни оқлаш учун янада фаол бўлишга илҳомлантирди.
Ўзимизга бир савол берайлик, не-не номдор давлатлар спортчилари бир дона бўлса ҳам олтин медаль олиш ишқида ёнди, лекин насиб этмади. Улар ана шу биргина олтин медаль учун биз саккиз чемпионимизга тўланган пулни беришга тайёр эди.
Аслида, Олимпиада шунчаки бир мусобақа эмас, у мамлакатлар учун ҳар тўрт йилда бир ўтказиладиган имтиҳондир. Бу учун ҳар бир давлат йиллар давомида тайёргарлик кўради, спорт учун моддий ресурс тикади. Қилинган меҳнат ва ҳаракатлар натижаси кўнгилдагидек бўлиши учун ҳосилни йиғиш палласи, яъни мусобақа жараёнида ўз иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга уринади. Минг шукрки, юртимизда сўнгги йилларда спортга кўрсатилаётган эътибор Париж Олимпиадасида ўз самарасини берди.
Чемпионларимиз сабаб спортга бўлган иштиёқнинг ортиши келаси мусобақаларда Ўзбекистон номи янада кўпроқ довруқ ёйишига хизмат қилажак.
Бугун юксак натижалари билан Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиши ва мамлакатимиз мадҳияси янграшига сабаб бўлган чемпионларимизга, шу спорт мусобақасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун астойдил курашган барча спортчиларимизга миннатдорлик билдирсак арзийди.
Хуллас, дунёнинг энг номдор жамоалари орасида муносиб натижаларни қайд этган спортчиларимиз сизу бизнинг яқинларимиз, Ўзбекистон, деган ягона, аҳил оиланинг аъзолари. Бизга бир-биримизнинг ютуқларимиздан қувониш ва қутлаш, қайғу ва мушкулларда елкадош бўлиш ярашади. Чемпионларимиз сабаб бугун юртимизда байрам бор экан, уни аҳиллик ва юқори кайфиятда ўтказамиз.
Донолар айтадики, ҳасад қилиш — одатда омадсизлар иши. Ички муҳитни бузишга, иноқлик ўрнига нифоқ солишга қаратилган, ғайир ва ҳасадга етаклайдиган ғояларга алданманг. Ҳамиша ҳавас билан, аниқ ва улкан мақсадлар билан, яхши кунларда бир-биримизни қутлаб юриш бахтидан баҳра олиб яшайлик. Тинчлигимизга, аҳиллигимизга кўз тегмасин. Ғалабаларимиз бардавом бўлсин.
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
журналист
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 16.08.2024 й, 164-сонида чоп этилган)