Бу бўйича Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўмитада ўтказилган сайлов конференциясида «Навоий кон-металлургия комбинати»нинг бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Саноқулов Қувондиқ Саноқулович номзоди Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилди.
Ўз навбатида, Спорт вазири Адҳам Икрамов спорт соҳасида ҳам улкан тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида мамлакат сузиш федерацияси раиси лавозимида фаолият олиб борган Қувондиқ Саноқулович ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Қ.Саноқулов мамлакат гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон гандбол федерациясининг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси атрофлича кўриб чиқилди.
Унда расмийлар бўлажак Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турларида ҳам йўлланма олиш муҳим экани, бунинг учун барча терма жамоаларимизга керакли шароитлар яратиб берилиши ҳақида тўхталиб ўтди. Тақдимотда эркаклар ва аёллар терма жамоаларимизнинг бу борадаги имкониятлари ўрганилди.