Ҳайит байрами: меҳр-оқибат туҳфаси

    Фикр 31 июл 2020 4183

    (Халқчил фармоннинг тарихий аҳамияти)

    Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму-ситам йўлини тўсдим.

    Амир Темур

    Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами бўлиб, жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат диний ва миллий кундир. Ҳатто бир оғиз ширин гап, кўнгилни кўтарувчи, илҳом бергувчи муомала ҳам туҳфадир.

    Айниқса, халқимиз карантин талабларини инобатга олган ҳолда бугунги байрамни телефон орқали яқинларини, қариндош-дўстларини ўзаро қутлаши, масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олишининг ўзи ҳам қадриятдир.

    Мана шу қадриятнинг яна бир амалий ифодаси бу халқимизнинг, айниқса, унинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 июль куни давлатимиз раҳбарининг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қабул қилган фармони таҳсинга сазовордир.

    Фармонга биноан пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтожлар рўйхатига киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилади. Бунга республика бюджетидан қўшимча 380 миллиард сўм ажратилганининг ўзи бирор бир фуқаро эътиборсиз қолмаганининг ёрқин намоёнидир.Давлат томонидан ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро жиддий эътиборга олиниб, карантин шароитида муҳтожлик ва ночорлик кайфиятидан чиқариб, эртанги кунга умид бағишлаган фармон ва амалий қадамдир. Бу эса, қалб ободлиги, кўнгил хотиржамлиги обод ва фаровон турмушнинг асосий бўғинидир.

    Бир синиқ кўнгилни кўтариш Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани ҳақида барчамиз, Алишер Навоийнинг бебаҳо мисраларини яъни: «Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай» деганларини яхши биламиз. Бугун миллионлаб қалблар қувончга тўлди,-десак тўғри бўлади.

    Иккинчидан, барча республикамизнинг ҳудудий бошқармалари яъни жойлардаги «Саховат ва кўмак» жамғармалари орқали 220-250 минг оилага республика бюджетидан жами 200 миллиард сўм ажратилади. Бунинг натижасида 1 миллиондан ортиқ аҳоли нақд пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон билан таъминланади. Бу ҳам бўлса, қурбон ҳайитининг меҳр-мурувват байрами бўлиб, инсонларга меҳр-оқибатли бўлишга, дини, миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъий назар, ўзаро адолатли бўлиш, иззат-ҳурмат кўрсатиш байрами эканлигининг мантиқий давомидир.

    Зеро, диний бағрикенглик (толерантлик) ислом динининг энг одил хислатларидан биридир. Исломда илм-фанни эгаллаш савобли иш эканининг кўрсатилиши, бешикдан то қабргача илм излаш лозимлигини қайд қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳадислардаги, «Садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишдир». «Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир», деган фикрлари ижтимоий тараққиёт учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Шу боис ҳам, жаннатмакон ватанимизнинг ҳар қарич тупроғи муқаддаслиги, уни эъзозламоқ, ўзаро дўстлик ва оқибатда бўлишликни тарғиб этаётган диний соҳа вакилларини моддий рағбатлантириш учун ушбу улуғ айём кунлари «Вақф» хайрия жамоат фондини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилгани хушхабардир.

    Ҳозирги синовли кунларда халқимизни эсанкиратиб қўйган коронавирусга қарши курашда куну-тун фидоийларча хизмат қилаётган шифокорлар, тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳам ушбу муқаддас кунда эътиборга олиниб, тез тиббий ёрдам бригадаларининг шифокорлари, ҳамширалари, кичик тиббий ходимлари ва ҳайдовчиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бунинг эвазига 26 минг оиланинг моддий аҳволи яхшиланади.

    Юқоридаги чоралар ҳисобига Ўзбекистондаги 652 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилади.

    Шунингдек, Бундан ташқари, қабул қилинган Фармонда пандемия даврида ижтимоий нафақа олувчилар сонини кескин ошириш кўзда тутилмоқда. Бу эса, оилалардаги етишмовчиликнинг олдини олиб, мустаҳкам оила сақланиб қолишига яна бир туртки бўладиган қадамдир. Жумладан: икки ёшгача бўлган бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналар сони ҳар ойда 14-15 мингтага оширилиб, декабрь ойида 400 мингтагача етказилади ёки йил бошига нисбатан қарийб 1,5 баробарга кўпайтирилиши ҳамда 14 ёшгача болалари бўлган нафақа олувчи оилалар сонини йил бошига нисбатан 2,5 баробардан ортиққа ошириб, уларнинг сони декабрь ойида 700 минггача етказишнинг ўзи оиланинг давлат муҳофазасида эканлигининг тасдиғидир.

    Мен, йиллар давомида шарқ мутафаккирларининг сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини тадқиқ этар эканман, бугун бу таълимотларнинг ҳаётийлигининг гувоҳи бўлдим. Илмий ишларда неча марта адолат ва ҳақиқатга эришган давлатлар ва уни амалга ошириш йўлларини қиёсий ўрганган бўлсам:қомусий олими Ибн Сино: «ўта камбағаллик ва қашшоқлик ҳукм сурган жамиятда адолат ҳақида гапириб бўлмайди, чунки унда маърифат бўлмайди», деганидек, бугун янги Ўзбекистон «Жаҳолатга қарши маърифат» билан курашаётганининг ифодаси сифатида фармонда қайд этилганидек : кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам олувчилар сони йил бошига нисбатан 1,5 баробарга оширилиб, 100 мингтага етказилмоқда.

    Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 600 мингга кўпайиб, жорий йилнинг декабрь ойида 1,2 миллионга (мамлакатдаги жами оилаларнинг қарийб 14,1 фоизи) етказилиши кўзда тутилгани ва бунга бюджетдан қўшимча 426 миллиард сўм ажратилганининг ўзи муҳим қадамдир. Чунки бу ажратилган маблағ эвазига йил охирига бориб мамлакатдагибарча камбағал оилаларнинг ҳар бир қатлами тўлиқ қамраб олинади.Бунга юқорида айтиб ўтилган бир марталик моддий ёрдам олувчи оилалар сонини қўшсак, давлатдан молиявий кўмак оладиган оилаларнинг сони сезиларли даражада кўпаяди. Яна бир ҳолат: маълумки, ахлоқий мерос шаклланишида инсон ҳаѐт фаолиятининг ўзаги ҳисобланган меҳнат алоҳида ўрин тутади.

    Меҳнат фаолиятининг яратувчилик функциялари энг аввало ахлоқ қонун-қоидаларида намоён бўлади. Меҳнатсиз ахлоқий қадриятларнинг шаклланиши мумкин эмас деган тушунча мавжуд. Лекин ногиронлар-чи? Уларнинг турмуш тарзи қандай кечади, деган ўй ҳаммани ташвишлантиради. Қувонарли томони мазкур фармонда, шунингдек, кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиши кўзда тутилган. Бу эса, жорий йил январь-июль ойларидаги инфляция кўрсаткичларидан 4,3 фоиз юқоридир.

    Бу 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларни, 687 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларни, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган шахсларни пандемия даврида моддий қўллаб-қувватлаш имконини беради. Бунда, ўртача пенсия миқдор 764 мингсўмдан 841 минг сўмгача ошади. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори амалдаги 466 68 сўмдан 513 35сўмгача кўпаймоқда.Шу ўринда, яна Форобийнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини эслаш жоиз деб билдим. Жумладан, Форобий ахлоқий меросининг муҳим хусусиятларидан бири ахлоқий камолотни «бахт» тушунчаси орқали баён этганлигидадир. «Бахт-саодатга эришишнинг бирдан-бир йўли барча эзгу ишларни хайрли ниятлар ила бажариш, фазилатли амалларга таяниш баробарида разолат ва бахтсизлик келиб чиқариши мумкин бўлган ишлардан ўзини тия билишдир... Фазилатнинг жозибаси унинг хайрли амаллар илдизидан келиб чиққанлигидандир... Ушбу далилга кўра, бахт-саодат хайрли амал ва фазилат билан узвий боғлиқдир», - деб таъкидлаган. Фармон ана шу хайрли ишнинг амалий ифодасидир. Форобий қарашларига кўра, «Бахт-саодатга эришиш учун барча шаҳарларга ўзаро ёрдам берувчи халқ фазилатли ва етук халқдир». Фармоннинг моҳияти халқимизни бахту-саодатга интилтирганлигидадир.

    Агар эътибор берсак, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига (7 йил) эга бўлмаган, ҳаёти давомида Пенсия жамғармасига умуман бадал тўламаган 37,5 минг нафар кекса фуқарога бериладиган нафақа ойига 315 030 сўмгача оширилмоқда.Фармонда кўзда тутилган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига 2020 йилнинг охиригача бюджетдан жами қўшимча 2,5 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

    Дарҳақиқат, шарқ мутафаккирларининг талқинида қайд этилганидек: «Адолат қандайдир қотиб қолган тушунча бўлмай, одамларнинг ижтимоий турмуши билан боғлиқ, маълум даражада реал воқеликни акс эттирадиган ҳақиқат» лигини англасак, фармоннинг асл моҳияти халқимизнинг эртангги порлоқ келажагининг умиди” яъни инсонни улуғлаш, инсонга бўлган эътиборнинг асосий ғояси деса бўлади.

    Ҳа азиз ҳамюртлар!!! Қурбон Ҳайитининг туҳфаси давлатимиз раҳбарининг ватандошларимизга қилаётган ғамхўрликлари, ёши улуғларга эътибор, беморларга саховат, тадбиркорларга яратиб берилаётган шароитлар, ёшларимизга кўрсатилаётган имконият, барчамизнинг кўнглимизга хотиржамлик, қалбимизга ободлик ҳадя этгани қадриятдир. Зеро, карантин кунларида нишонланаётган Қурбон Ҳайитининг туҳфаси албатта, қалбимизни поклаб — юрт равнақига умид бағишлайди. Зеро, «Ислом динининг қуввати» деган мақомга эга юртнинг туҳфасидир.

    Фируза Мухитдинова,

    ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates