Ҳазрат навоийдан ўлмас ўгитлар

    Инсон бошқаларга нимаси билан наф келтиради? Унинг ҳаётда яшашдан мақсади нима? Бу ҳақда шоир кенг мулоҳаза қилади. Ўқувчиларни атрофимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар моҳиятига диққат қилиш ва қуруқ гап билан эмас, амалий ишлар билан жавоб беришга ундайди.

    Ўзбек адабиёти, санъати ва маданияти тарихида ҳеч ким Навоийчалик чуқур из қолдирмаган. Шоирнинг илмий, диний-фалсафий, бадиий асарлари ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Унинг қаламига мансуб бўлган “Хазойин ул-маоний”, “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Назм ул-жавоҳир” сингари асарлар жуда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

    Шоир асарларининг мавзулари ранг-баранг ва серқирра. Ҳар бири ўқувчини маънолар оламига олиб киради, инсон камолоти борасидаги ўгитларидан ўзига керакли хулосалар чиқариб олишига туртки беради. Навоий ўз асарларида инсон шахсини юксакларга кўтаради, инсонпарварликни, одамийликни, эзгуликни, халқпарварликни улуғлайди. Давлатимиз раҳбарининг “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини кўрамиз”, деган даъвати том маънода улуғ бобомиз ғояларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш вазифасини кун тартибига қўяди. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган ҳозирги паллада Навоий асарлари миллий ғоя атрофида жипслашишга, миллий руҳнинг юксалишига хизмат қилиши табиий. Шоир “Ҳайрат ул-аброр” достонида “Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур”,деб айтади. Юртимиздаги янгиланиш жараёнларига дахлдорлик ҳисси билан яшамоқ, бу борада давлатимиз юритаётган пухта ўйланган сиёсатни ҳаётга татбиқ этишда ташаббускорлик, аввало, ўзимиз, оиламиз манфаатига хизмат қилишини унутмаслигимиз керак.

    Шоир ёзади: “Ким жаҳон аҳлида инсон эрур, Балки нишони анга имон эрур. Бас ани инсон атағил бериё, Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё”. Ҳазрат демоқчи: “сабр қилишни, шукр қилишни ва ҳаёли бўлишни ўзига шиор қилган кишини ҳақиқий имонли одам дейиш мумкин”. Яна айтади: “Хирадманд чин сўздин ўзга демас, Вале борча чин ҳам дегулик эмас”. Бугун жамиятимизда, фуқароларимиз тафаккурида фикр эркинлигининг тўғри шаклланишида бу ўгитларнинг аҳамияти беқиёс. Яна бир ўринда Навоий таъкидлайди: “Жаҳл аҳли била кимгаки улфат бўлғай, Ул улфати ичра юз минг офат бўлғай. Фақр аҳли била ангаки суҳбат бўлғай, Шак йўқки, зиёда шукри неъмат бўлғай”. Бу билан Навоий инсонларни жоҳил ва қора ниятли одамлардан сақланиш, шукроналик ҳисси билан яшашга чақиради.

    Инсон бошқаларга нимаси билан наф келтиради? Унинг ҳаётда яшашдан мақсади нима? Бу ҳақда шоир кенг мулоҳаза қилади. Ўқувчиларни атрофимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар моҳиятига диққат қилиш ва қуруқ гап билан эмас, амалий ишлар билан жавоб беришга ундайди. Инсон деган номни кўтариб юрган ҳар бир шахсга фикран бундай деб мурожаат қилади: “Тухум ерга кириб, чечак бўлди, Қурт жондин кечиб, ипак бўлди. Лола тухмича ғайратинг йўқму?! Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!” Бу сатрлардан ҳар бир ёш етарлича хулосалар чиқариб олмоғи даркор. Жонзот борки, барча-барчаси, қурту қумурсқалардан тортиб баландпарвоз қушларгача кейинги авлодга ошён яратиш, уларни учирма қилиш, яхши шароитларга эга макон излаш учун тинмай ўзини ўтга-чўққа уради. Нега энди инсон боласи келажагига лоқайд, атрофидаги ўзгаришларга бепарво яшаши керак экан?! Аксинча, у эл-юрт, порлоқ келажак учун ёниб яшамоғи даркор. Бунинг учун эса инсон, аввало, Ватанини, она заминини, ўз миллий қадриятларини қаттиқ севиши, миллий ғоя мафкурасини маҳкам тутмоғи лозим. Биринчи навбатда, ёшларимиз ҳар томонлама чуқур билимларни ўрганиши, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш, она тили ва адабиётини севиш, миллий анъана ва қадриятларини улуғлаш каби фазилатларга эга бўлмоғи даркор. Акс ҳолда у, Навоий айтганидек, ҳаммомга кириб, ювинмасдан, покланмасдан чиқиб кетгандек бўлади (“Камол эт касбким олам уйидин, Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ, Жаҳондин натамом ўтмак биайниҳ, Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ”).

    Алишер Навоий асарларидаги Фарҳод, Ширин, Шопур, Меҳинбону, Лайли, Қайс, Анушервон, Баҳром, Дилором, Суҳайл каби юзлаб тимсоллар бизларни яхшиликларга, эзгуликларга етаклайди, Хисрав, Шеруя каби образлар эса сергак, огоҳ бўлиб яшашга чорлайди. Ҳозир Президентимиз томонидан илгари сурилаётган миллий руҳни кучайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли кенг қатламларининг жамиятимиздаги улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик жараёнига онгли равишда қўшилишига қаратилган чора-тадбирлар Алишер Навоий томонидан илгари сурилган ғояларнинг ҳар бир ёш қалбидан жой олишини тақозо этади. Бизнинг бош мақсадимиз ёшларга замонавий илм-фан, техника сирларини ўргатиш ва уларни маънан юксак ва жисмонан баркамол авлод қилиб тарбиялашдан иборатдир. Бу йўлда бизга тўсиқ бўлаётган иллатлар истаганча топилади. Бизнинг юксак марраларни кўзлаб ташлаётган дадил қадамларимиздан безовталанган ғанимларимиз орасида тинч ва осуда ҳаётимизни лойқалатишга, ёшларимизнинг онгини заҳарлашга, атайин беқарорлик юзага келтириб, норозилик кайфиятини авж олдиришга уринаётганлар йўқ эмас. Уларга қарши туриш, ёшлар мафкурасини тўғри йўналтиришда ҳазрат Навоий ҳикматларини ишга солиш катта ёрдам беради. Уларни тушуниш учун Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини чуқур ҳис қилиш, сатрларда яшириниб ётган маъноларни тўла англаб етиш ва улардан тўғри хулосалар чиқариш лозим. Зеро, Навоий айтганидек: “Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл, Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл”.

    Бу йил Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлди. Президентимиз қарори билан 2021 йил ноябрь ойида буюк шоир ва мутафаккир бобомизнинг ушбу табаррук ёши мамлакатимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланади. Миллатимиз фахр-ифтихори бўлган улуғ бобокалонимизнинг шеърий ва насрий асарларидаги юксак гуманизм ғояларини ўрганиш ва тарғиб этиш, Алишер Навоий орденининг таъсис этилиши, Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ва Алишер Навоий халқаро жамоат фондининг ташкил этилиши, шоир асарлари асосида кўргазмалар, танловлар ўтказиш, махсус кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, ўқув-маърифий фильмлар яратиш ишлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ёшларнинг маънавий тарбиясига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

    Шоир асарларида илгари сурилган халқпарварлик, мардлик, жасурлик, меҳнатсеварлик, миллатлараро тенглик, бағрикенглик сингари ўлмас ғоялар асло ўз қимматини йўқотмайди, бизларни янгидан-янги марралар, зафарлар сари чорлаб тураверади.

    Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

    Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор