Бу ҳақда The Times of India нашри хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, кўприк қулаб тушаётган пайтда юк машинаси, фургон ва енгил автомобиль кўприкдан ўтаётган эди.
Ананд округидан парламент депутати Митеш Пателнинг айтишича, ҳозиргача 3 кишининг жасади топилган, 4 киши қутқарилган.
“Вадодара ва Ананд округлари ҳокимияти томонидан қутқарув ишлари давом этмоқда”, деди у.
Маҳаллий аҳоли биринчи бўлиб ёрдамга келган ва фавқулодда хизматларни чақирган. Воқеа жойида полиция, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар ишламоқда.
“Кўприкнинг бир қисми тўсатдан қулаб тушди. Ўша қисмидан ўтиб кетаётган учта машина дарёга қулаб тушди. Қутқарув операциясини бошладик ва дарёдан 10 киши олиб чиқилди”, деди ёнғин хавфсизлиги хизмати ходими.
Қутқарув операцияси давом этмоқда. Расмийлар қулаш сабабларини ўрганмоқда.
Гамбхира кўприги Вадодарадан (Гужаратнинг учинчи йирик шаҳри) тахминан 25 километр узоқликда жойлашган ва ҳудуднинг транспорт алоқасида муҳим аҳамиятга эга, деб хабар беради report.az.









