Ҳудудлардаги қон билан ишлаш муассасаларига кўчма донорлик комплекслари топширилди

    Саломатлик 16 март 2023 2062

    Бугун пойтахтимиздаги «Технопарк» мажмуасида Республика қон қуйиш марказининг ҳудудлардаги қон билан ишлаш хизмати муассасаларига 13 та кўчма донорлик комплекси – махсус автобусларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    Унда вазирлик ва марказ мутахассислари, соҳага алоқадор тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.

    Биргина мисол. Бугун битта жигар трансплантацияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Бу компонент эса 120 нафар инсондан олинади. Шунинг ўзиёқ донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.

    Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, давлатлар ўз аҳолисининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун донорлар сони ҳар 1000 кишига 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши лозим. Бизда эса бу рақам қарийб 7,5 нафарни ташкил этяпти.

    Тадбирда шу ҳақда сўз юритилар экан, юртимизда сайёр донорликни ривожлантириш, бунинг учун ҳудудларда сифатли қон компонентларини йиғиш ишларини самарали ташкил этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

    Ҳудудларга тақдим этилган «ISUZU HC40» русумли автотранспорт воситалари негизида тайёрланган ушбу кўчма донорлик мажмуалари эса бу борада айни муддао бўлди. Айтиш керак, мазкур автобуслар махсус каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.

    — Замонавий тиббиёт қанчалик тараққий этмасин, ҳозирча инсон қонининг тўлақонли муқобили яратилгани йўқ, — дейди Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидов. — Айни сабабдан донорлик масаласи ҳамиша долзарб.

    Таъкидлаш керак, ўтган 2022 йил юртимизда 120 тонна сифатли донор қони тайёрланиб, қон захираларининг 3/1 қисми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келди. Бироқ бугунгача жойлардаги қон хизматларида мана бундай махсус автобусларнинг йўқлиги ишни сифатли ташкил этишга тўсқинлик қилаётган эди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates