Узун бўйли, қоп-қора сочларига оқ оралай бошлаган. Қоматини адл тутиб, хаёлга ботиб юриб келаётган, озғин эди. Ҳайратланиб йўлакнинг четроғига ўтдим ва дарҳол салом бердим. У алик олиб, бошларини қимирлатиб, йўлида давом этди. Беш-ўн қадамлар юриб, бир эшикни очиб кириб кетди. Бир тўхтаб, мен томонга қараб қўйгани эсимда. Сабабини билмайман. Ўшанда Иброҳим Ғафуровнинг расмларини бир-икки бор кўрганим боис машҳур шоир Усмон Носирга ўхшатган эдим...
Ўша лаҳзаларда мендан бахтиёр одам йўқ эди. Йўлакдан гўё мен ахтариб юрган нур ўтиб кетгандек бўлди. Чунки Иброҳим Ғафуров билан “Жозиба” китоби орқали мактабнинг юқори синфида ўқиб юрганимда ғойибона танишган эдим. Бу китобни Карманадаги китоб дўконидан сотиб олгандим. Дўкон менга жуда қадрдон эди. Ҳатто уни тез-тез тушларимда кўриб турардим. Тушларимда даста-даста, уюм-уюм китоблар орасида юрардим. Тушимда ҳам китоб излардим. Шундай мўъжизаларга бой ҳолат “Жозиба”, сўнг Абдулла Ориповнинг “Руҳим” китобларини олганимда кўпроқ содир бўлган ва ҳайратларга солган.
Дўкондан олган китобларимни Жалойирнинг кенг далаларида, Зарафшон дарёси ва Қасоба канали бўйларида мол боқиб юрган кезларимда қўлдан қўймай ютоқиб ўқир эдим. Бу китоблар ҳаёт сирларини, гўзалликларини ёш юрагимга ҳадя этарди.
“Жозиба” ўша кезларда мактабдан, айниқса, адабиёт фанидан олган билимларимни тўлдириб, адабиётшунослик, танқид, таҳлил ва адабиётни баҳолаш мезонларидан сабоқлар берган эди. Энг муҳими, китобни тушуниб ўқиш кераклигини англаб етганман. Ижодкор кимлигини, бадиий асар нималигини, шеър, ҳикоя, достон, роман жанрлари жозибаси, сири нимада эканини ёш ақлим билан идрок этишга уринганман. Айниқса, севимли ижодкорларим Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижодлари теран ва қизиқарли таҳлил қилингани боис, китобда Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат” ҳикояси таҳлилини ўқиб, шу ҳикояни яхши кўриб қолганман. Ҳануз уни қайта-қайта ўқиб тураман. Бу китоб менга адабиёт сирларидан илк сабоқлар билан бирга, адабиётга муҳаббат уйғотган ва унинг бир умрлик мухлисига айланишимга катта туртки берган.
1973 йилда Тошкентга ўқишга келиб, илк сотиб олган китобларимдан яна бири Иброҳим Ғафуровнинг “Ёнар сўз” китоби бўлди. Бу китобнинг мазмун-мундарижаси анча юксак ва теран эди. Ўқувчини адабиётнинг сирли ва сеҳрли дунёсига янада чуқурроқ олиб кириш билан бирга, изчил фикрлашга, энг муҳими, адабиётни чуқур ўрганиш сирларидан сабоқлар берилган эди. Китобнинг “Шеър билан суҳбатлар” бобида 60–70-йиллар адабиётга гуриллаб кириб келган шоирларнинг ижоди янги фикр, янги сўз орқали қизиқарли ёзилган эди. Шоирларнинг ютуқлари билан бирга камчиликлари, айрим хатолари ҳам рўй-рост таҳлил ва танқид қилинганди.
Китобнинг “Насрлар, носирлар” бобида берилган “Севги қиссалари” мақоласи кўпроқ эсимда қолган. Сабаби, мақолада севиб ва қидириб китобларини ўқийдиган ёзувчиларимнинг асарлари ҳақида сўз борган. Абдулла Қаҳҳорнинг “Муҳаббат”, Учқун Назаровнинг “Ғубор”, “Кунлар”, Ўткир Ҳошимовнинг “Шамол эсаверади”, “Қалбингга қулоқ сол”, Одил Ёқубовнинг “Қанот жуфт бўлади”, “Матлуба” қиссаларини ўқиб чиққан бўлсам-да, Иброҳим аканинг мақоласи туфайли асарларнинг ҳаётийлиги, қаҳрамонлар тақдири, характери қанчалар маҳорат билан ёзилгани ҳамда бу асарлар адабиётга ва китобхонга қандай маънавий озуқалар бериши ҳақидаги ўтли, ибратли фикрларни ўқиб, асар нималигини тушунгандай бўлганман. Энг муҳими, мақолада қиссаларнинг ютуқлари билан камчиликлари ҳам босиқлик билан, меъёрида айтилган эди. Лекин мен, ёш китобхон бу асарларнинг камчилигини тополмаганман. Чунки адабий саводим етарли бўлмаган...
Иброҳим Ғафуров туфайли бу қиссалар ҳақидаги жўн фикрларим нурли мулоҳазаларга айланди. Иброҳим аканинг баҳоларидан сўнг айримларини қайта ўқиб чиқдим. Муаллифнинг ҳақлигига, теран фикрларига ишондим. Ҳали-ҳануз кўплаб ижодкорлар, олимлар Иброҳим Ғафуровнинг таҳлилда ишонтириш ва қойил қолдириш санъатига тан бериб келади. Бунда биз олим ва тадқиқотчи, олим ва танқидчи, олим ва файласуф, олим ва фикрчан зиёли, олим ва етук китобхон бўлган Иброҳим Ғафуровни кўрамиз. Бу улуғ сиймо турли ракурсларда бизга самимий нигоҳ билан боқиб турган бўлади...
Энди Иброҳим Ғафуров ва у ёзган китобларнинг чин мухлисига айланган эдим. Газета-журналларда бу юракка яқин фамилияни кўрсам, ўша заҳоти унда чоп этилган мақола ёки бадиани ўқиб чиқардим. Ташна қалбим таскин топарди. Узоқ вақт ўқиганларимнинг тотли завқида юрардим.
Устознинг “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак-аланга” (1979), “Лириканинг юраги” (1982) китоблари сотувга чиққанида биринчилар қаторида қизиқиш ва меҳр билан ўқиб чиққаним ҳамон ёдимда. Айниқса, “Ям-яшил дарахт” китоби менга мўъжиза бўлиб туюлган. Биз бу китобда фикрлари, дунёқараши юксалган йирик олим Иброҳим Ғафуровни кўрамиз. Адабиёт, асар, китоб ҳақидаги ғоят теран мулоҳазалардан ҳайратга ва ҳаяжонга тушамиз. Масалан: “Нуқтаи назар ҳақида” мақоласида бундай деб ёзади: “... ёзувчи бўлишни истаган одамда тайинли бир қараш, тайинли бир нуқтаи назарнинг йўқлиги у яратган асар ёхуд у ёзган асар қаҳрамонларидан ҳам аллақандай ғалати умуртқасизликларга сабаб бўлади. Бу ёш адиб ўзи нимани ёзмоқчи, ёзаётган нарсаси орқали нималарни кўзламоқда, қандай ғоявий, сиёсий, бадиий мақсадларни илгари сурмоқчи, асарнинг пафосини кимга қарши кўрсатмоқчи ёки кимга хизмат қилдирмоқчилигини ҳали ўзи ҳам яхши, тўла-тўкис англаб етмаган бўлади”.
Муаллифнинг бу жиддий фикр-мулоҳазалари бугунги адабиёт ва ёш ижодкорлар учун ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Яна бир ўринда Иброҳим Ғафуров ёш адибларга қарата: “... эзгулик учун, олижаноблик учун, чинакам одамийлик учун ҳар дамда, ҳар сонияда, ҳар кун курашиш кераклиги”ни алоҳида таъкидлайди.
Бу Иброҳим Ғафуровнинг боқий сабоқларидан бир томчи, холос...
“Роман – тарих ойнаси” мақоласида буюк адиб Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романини тарих ва замон нуқтаи назардан кенг, атрофлича таҳлил қилади. Мақолада асарнинг айрим камчиликлари ҳақида ҳам очиқ-ойдин ёзади. Бу Иброҳим Ғафуровнинг адолатли, куюнчак ижодкорлигини яққол кўрсатиб турибди. Мақола бундай якунланади: “Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси”сини носир сифатида кучга тўлган ёшда яратди. Биз кучга тўлган ёшда ёзилган бу асар китобхон томонидан узоқ йиллар қўлдан қўймай ўқилишини, роман Улуғбек ва замондошлари тарихининг ёрқин ҳамда ҳаққоний адабий ойнаси бўлиб қолишини орзу қиламиз”.
Иброҳим Ғафуровнинг “Юрак – аланга” китобидан ўрин олган теран ва гўзал мақолалардан бири — атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги “Қалбнинг кимё тоши”ни ҳар сафар қайта-қайта ўқиб, ҳузур қиламан. Назаримда, адабиётшунос ва тақризчилар ёзган, Абдулла Қаҳҳорга бағишланган анча-мунча мақолалар орасида энг сараларидан бири шу. Муаллиф ҳайрат билан ёзганидек: “Қандай гўзал мамлакат бу абадий сиймолар мамлакати!”.
Иброҳим Ғафуров китобларини, мақолаларини ўқиганим сайин у билан учрашиш ва суҳбатлашиш истаги пайдо бўлди. Лекин бу иштиёқ ҳадеганда амалга ошавермади. Иброҳим акани кўп марта Абдулла Қаҳҳорнинг уй-музейида бўладиган хотира кечаларида учратар эдим. Лекин гап-сўзимиз салом-аликдан нарига ўтмасди. Тўғриси, яхши маънода Иброҳим акадан ҳайиқар эдим. У ҳақидаги яхши ва ибратли гапларни Кибриё Қаҳҳорова, Озод Шарафиддинов ва устозим Неъмат Аминовдан кўп эшитганман. Улар Иброҳим акани зукколиги, билимдонлиги, камтар-камсуқумлиги, кўп китоб ўқиши, мумтоз ва замонавий адабиётни пухта билиши, моҳир таржимонлиги тўғрисида самимият билан гапирар эди. Фақат уни Кибриё опа “мулло йигит” деб таърифлар эди. Бир суҳбатда Неъмат Аминов: “Иброҳим Ғафуровга қойил қолиш керак. Бир адабиёт институтининг ишини бажаряпти”, деган. Бу гапни Озод ака ҳам мамнуният билан тасдиқлаб: “Директори ҳам, ходими ҳам ўзи”, деб ҳазил қилганди.
* * *
Тақдиримда машҳур газета – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” таҳририятида ишлаш ёзилган экан. Бош муҳаррир Одил Ёқубовнинг шарофати билан 1983 йил 19 апрелда газетанинг санъат бўлимида иш бошладим.
Бир куни мен орзиқиб кутган узоқ йиллик учрашув рўй берди. Бўлим мудири топшириғи билан Иброҳим аканинг хонасига қайсидир муаллифнинг мақоласини олиб кирдим. Тартиб шунақа эди. Санъат бўлимидан тушадиган материаллар Иброҳим аканинг нигоҳидан ўтарди. Кейин котибиятга топшириларди...
Иброҳим Ғафуров китоб ўқиб ўтирган экан. Столи устида яна икки-учта китоб бор эди. Салом аликдан сўнг қўлимдаги мақолани узатдим. У мақоланинг охирги саҳифасига, муаллифга қаради.
– Ўзингиз қачон мақола ёзасиз, оғайни, – деб сўради.
– Санъат янги соҳа бўлгани учун ҳозир кутубхоналарга қатнаб, санъат турлари ва жанрларини ўрганяпман, – дедим астагина.
– Чуқур ўрганинг санъат соҳасини. Жуда қизиқ ва ажойиб санъат олами. Яхши мутахассис бўлсангиз, қийналмайсиз. Санъат муассасаларида кўпроқ бўлинг. Мутахассислар билан тез-тез суҳбатлашинг. Санъатнинг турлари кўп. Айниқса, кино, театр, рассомлик ва мусиқани яхши билсангиз, яхши ёзасиз. Ижод қилишни орқага суриб бўлмайди. Ёзинг. Ғайрат қилинг, ука...
Бу ҳам устоз Иброҳим Ғафуровдан олган яна бир жиддий сабоғим эди. Кейинчалик англаб етдимки, Иброҳим ака жуда тўғри маслаҳат берган экан. Газета сабаб яна бир улуғ устоз топган эдим...
* * *
Устоз бир мақоласида бундай дейди: “...Чингиз Айтматов ўз оқ кемаси, Эркин Воҳидов ўз поэтик сайёраси билан машҳур бўлди”. Иброҳим Ғафуровнинг ўзи эса тафаккур ва фикр сайёраси билан адабиёт оламини бойитди. У мақолаларидан бирида “фикр адабиётини яратмоқчиман”, деб ёзган эди. Устоз ўз олдига қўйган шарафли вазифасини юксак даражада адо этди.
Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжоновнинг юксак маҳорат билан яратиб кетган ижод мактаблари ёнида, устозларга эҳтиром келтириб, ўз тафаккур ва фикр сайёрасини бунёд этди. Буни фақат қутлаш, устоз истеъдодига таҳсин айтиш керак.
Иброҳим ака адабиётга чуқур меҳр қўйиб, ўқиб-ўрганиш ва китобга жиддий муҳаббат қўйган кезларидаёқ вақтни жиловлаган эди. У вақтдан жуда унумли, мўл-кўл фойдаланган. Баъзан вақтни ҳам ухлатиб қўйиб, ижод қилган бўлса, ажаб эмас. Вақтдан ўзига тегишли умрини ортиғи билан олганига шубҳа йўқ. Устоз ёзганидек: “Китоб ўқиш учун кўп вақт керак, кўп вақт ажратиш керак”.
Бу тафаккур ва фикр сайёрасини топганимга ҳам қирқ йилдан ошди. Қирқ йилдирки, унинг атрофида айланаман, ижод сирларидан воқиф бўлишга интиламан, маънавий озиқ оламан, суқротона доно суҳбатларидан, ноёб фикрларидан баҳраманд бўламан. Нима бўлганда ҳам бу қутлуғ сайёрадан узоқлашмай ўрганишга астойдил интиламан. Бу сайёра эса ўз салобати, куч-қудрати ва салоҳияти билан одамни суст торттиради. Ҳайбати босиб туради. Баъзан унга яқинлашолмай қийналиб юраман. Устознинг бағри кенг – Қизилқум чўлларидай бепоён. Мен ташна, иштиёқманд ва тортинчоқ талабани кечиради. Бу улуғ зот ёмонлик ва ҳасад қилганларни, кўнглини оғритганларнинг барча-барчасини – каттадан-кичигигача ҳануз кечириб келади. Иброҳим ака кечирган лаҳзаларида лиммо-лим, тўлиб-тошиб оқаётган сокин дарёни эсга солади. Адабиётимизда, атрофимизда шундай бағрикенг, кечиримли, теран ва сокин дарё яна бормикин?.. Кечириш ҳам донишмандликнинг олтин саҳифаси.
Мен бу улуғ дарёни ҳар гал зиёрат қилганимда руҳим юксалади, юрагим ҳайрат билан ура бошлайди. Ўша кун мен учун бахтли, ёруғ лаҳзаларни ҳадя этади. Узоқ вақт Иброҳим аканинг нурли сиймоси, оқ толалар ишғол эта бошлаган киприклари, қошлари кўз олдимдан кетмайди. Бу нурли чеҳра қайсидир кўҳна китобларда ўқиганим нуроний авлиёларнинг муборак сиймосини ёдга солади... Баъзан бу – китоблар сеҳргари, жаҳон адабиётининг фавқулодда билимдони, ҳар бир сўзида донолик уфуриб турган файласуф чиндан ҳам авлиё, деб ўйлайман. “Авлиё авлиёлигидан белги беради”, деган ибратли гап бор. Иброҳим Ғафуровда эса авлиёлик белгилари сероб... Ёки Иброҳим Ғафуров Фридрих Нитшенинг Зардўштимикин?..
“Мен шундай одамни севаманки, у қалбини тортиқ этади, у миннатдорлик кутмайди ва миннатдорлик қилмайди: зотан, у мудом ўзини тортиқ этади ва аямайди ўзини”.
“ – Қўзғал, эй тубсиз фикр, менинг теранликларимдан ташқари чиқ”.
“Ўз кучингиз етмаган нарсаларни орзу қилманг”.
“Агар сиз юксакликка кўтарилмоқчи бўлсангиз, ўз оёқларингиздан фойдаланинг! Сизни кўтариб юришларига йўл қўйманг, бировнинг бошига ва елкасига ўтирманг” (“Зардўшт таволлоси”дан).
“Маржону марваридлар эсланмаса ҳам бўлгай, ёқутлардан қимматроқ тургай донолик...
Қаердан бошланади донолик! Ва қаердадир ақлнинг ўрни?”
“Ким юракка донолик ато этди, ким ақлга маъно берди?” (“Аюб нидоси”дан).
Устоз бунёд этган донолик ва ақл сайёрасининг олтин пойдевори – КИТОБ!
Бу қутлуғ даргоҳнинг деворлари, тоши, нақшлари, ойналари ва эшиги ҳам китобдан бунёд бўлган. Ҳайратли китоб қасри...
Қаср ҳовлисидаги катта боғда дарахтлар эмас, турфа китоблар барқ уриб ўсиб ётибди. Дарахтларнинг катта-кичик гуллари ҳам китобга ўхшаб очилган.
Бу қутлуғ маконнинг қўрғони ҳам, ҳашамати ва улуғлиги ҳам китоб. Бу муборак маконни ёритиб турадиган нур ҳам китоб.
Иброҳим Ғафуров ёзади: “Аллоҳ нурни яратган экан ва Ўзи ҳам шу нур ичида экан, китоб ҳам илмлар, ҳиссиётлар, ақлларнинг нурномасидир. Менинг ҳақиқатим шуки, одам китоблар оламига шўнғимагунича ҳеч қачон сайқал топмайди. Китоблар инсон ҳаётининг хайрли поғоналаридир”. Бир ўринда устоз бундай дейди: “Мен китоб ўқиш мақтанарли бир нарса деб билмайман. Одам нон ейиши, сув ичиши, ҳаво олиши билан ҳеч қачон мақтанмайди-ку, тўғрими?”.
Устоз “Китоб ва шахс” мақоласида: “Китоб ақлга ҳам, юракка ҳам фаол таъсир кўрсатади: ақлни тўлдиради, юракнинг ҳиссиётлар дунёсини бойитади, ранг-баранг қилади. Лекин китоб ўқиш ва китобдан ўз ҳаётий мақсадларида фойдаланишнинг ёзилмаган қоидалари, тартиблари бор”, дейди.
“Устоз, шахсий кутубхонангизда тахминан қанча китоб бор?” деган саволимизга, у бундай жавоб берган: “Ҳисоблаб чиққан эмасман. Уч уй китобим бор. Улар орасида ҳали ўқилмаганлари ва қайта ўқиладиганлари кўп. Ҳаракатсиз ётган китоблар жигаримни эзади. Қўлимда, кўксимда дуога очилган ибодатдаги кафтдай очилиб турса, китоб ўз хизмат вазифасини ўтаяпти, дейман”.
Иброҳим Ғафуров ва китоб, адабиёт ва китоб ўта ноёб ҳодисалар. Туганмас, боқий хазинага ўхшайди. Ёзган сайин ёзгинг келаверади. Хазина тўла қудуққа ўхшайди. Иброҳим Ғафуров бунёд этган маънавий-бадиий илм дорилфунунининг илдизини топиш, сирларини билиш мушкул вазифа. Бу ҳодисани ўрганиш ва тадқиқ қилиш мутахассис ва олимларнинг, қолаверса, ижодкорларнинг ҳам ишидир. Бундан адабиёт, китоб ва ёш ижодкорлар, адабиётга меҳр қўйган мухлислар ютади, холос.
Бир суҳбатимизда устоз бундай деган:
– Энг зўр гап ва фикрни ҳазрат Нақшбанд айтган: “Дил ба ёру даст ба кор”. Бундан зўри йўқ. Мен шу ҳикматли фикрга доимо амал қиламан...
Иброҳим Ғафуровнинг истеъдоди ва меҳнаткашлигига Ўзбекистон халқ шоираси раҳматли Ойдин Ҳожиева ниҳоятда топиб баҳо берган эди: “Иброҳим ака ипак қуртига ўхшаб тинимсиз ишлайди. Асаларига ўхшаб заҳмат билан бол йиғади”.
Эркин Воҳидов эса устознинг туғилган кунида: “Иброҳимжон адабиётшунос бўлмаганида, албатта шоир бўларди”, деган эди.
Абдулла Орипов бир суҳбатда эътироф этганидек: “Иброҳим Ғафуров туғма донишманд”.
* * *
Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган 8 жилдли китоблари ҳам юқоридаги фикрларнинг ёрқин исботидир. Худди Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева асарлари каби Иброҳим Ғафуров асарлари, юксак таржималари бир юз йилликдан иккинчи юз йилликка қутлуғ қадамлар билан ўтди. Ўзбек адабиётидан ўзининг мустаҳкам ўрнини топди. Бу умрбоқий китоблар янги Ўзбекистоннинг янги авлодларини, фарзандларини тафаккурнинг гуллаган бўстонларига чорлаб туришга ишонамиз. Адабиётнинг янги-янги илм сирлари билан уларнинг қалбларини нурлантиради.
Иброҳим Ғафуровнинг саккиз жилдли китоблари – унинг заҳматли, фидойи ва меҳнаткаш умрига қўйилган бебаҳо ҳайкал. Иброҳим Ғафуровнинг бу китоблари ўзбек адабиётининг салкам етмиш йиллик даврини қамраб олган бўлиб, адабиётнинг ёруғ ва жозибадор ойнасидир. Унда адабий жараённинг ютуқлари, юксалишлари, изланишлар, оқсашлар ҳамда адабиётга айнан шу даврларда кириб келган катта бир истеъдодли авлод ҳақидаги таҳлилий мақолалар, янгича қарашлар, янгича таҳлиллар, қисқаси, адабиётнинг ўзига хос бебаҳо, қизиқарли маълумотларга бой энциклопедияси, десак асло муболаға бўлмайди. Бу китоблар янги Ўзбекистоннинг янги адабиёти ҳам гуллаб-яшнашидан ҳаётий далолат ва ёрқин мисолдир.
Давримиз мутафаккири Иброҳим Ғафуров ва китоб мавзуси боқийлиги, кенглиги, долзарблиги билан бир мақолага сиғмаслиги аён бўлиб қолди...
Устозга меҳр-муҳаббатимизни яна бир бор изҳор этиб, Президентимизнинг Иброҳим Ғафуров ҳақидаги нурли фикрларини бирга ўқиймиз:
“Мен муҳтарам Иброҳим ака тимсолида Навоий ҳазратлари каби пок юракли, олижаноб ва матонатли инсонни кўраман. Шу боис, устоз адибимизга “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон бериш тўғрисидаги фармонга хурсандчилик билан имзо чекдим.
Иброҳим Ғафуров ўзининг беқиёс ижодий ва ижтимоий фаолияти билан эл-юртимизга жуда катта хизмат қилган улуғ замондошимиздир. Ишонаманки, у киши бундан кейин ҳам ўзининг янги-янги гўзал ва баркамол асарлари билан барчамизни, бутун халқимизни хушнуд этади”.
Ашурали Жўраев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист