Мазкур ярмаркада тумандаги барча корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этишди.
Шу билан бирга, ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизлар учун ҳунармандчилик ва замонавий техникалар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркаси давомида «Мен жамиятнинг фаол аъзосиман» мавзусидаги учрашув ташкил этилди
Учрашувда бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, вилоят ҳокими ўринбосари, тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари ҳамда ходимларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди.
Шунингдек, илгари сурилаётган ушбу эзгу ташаббус натижасида ички ишлар органлари ходимларининг оилаларида қўшимча даромад манбаи яратилиши, уларнинг турмуш ўртоқлари жамиятнинг фаол инсонларига айланишлари мумкинлиги алоҳида эътироф этилди.
Жараёнда мутахассислар томонидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга яратилган имкониятлар, имтиёзли кредитлар ажратиш тартиблари, касб ҳунар эгаллаш учун мавжуд ўқув курслари тўғрисида маълумотлар берилди.
Якунда, ўз хизмат вазифасини бажаришда сафдошлари орасида намуна кўрсатган 7 нафар ходимларнинг турмуш ўртоқларига бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шу куни 4 нафар ходимнинг турмуш ўртоғи шу ернинг ўзида иш билан таъминланган бўлса, 3 нафарига тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун субсидия асосида тикув машиналари тақдим этилди.