Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 26 август куни соат 20:45ларда Данғара тумани ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ўз ваколати доирасида муқаддам ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан судланиб, соат 18:00дан соат 06:00га қадар яшаш жойини тарк этмаслик тақиқи билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган туманнинг Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган.
Бироқ, фуқаро Х.Э. хонадонида йўқлигини, жазони ўташ тартибини бузганлигини аниқлаган.
Шу вақтда фуқаро Х.Э. маст ҳолда яшаш хонадонига ташқаридан келиб, бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган ва хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб чиқиб, кутилмаганда Н.М.нинг кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган ҳамда воқеа жойидан қочиб яширинган.
Афсуски, профилактика инспектори Н.М. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган.
Ҳозирда фуқаро Х.Э. қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ушбу ходимни сафдошлари ҳеч қачон ёддан чиқармайди, — дейилади хабарда.