Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, 250га яқин ходимларнинг содир этиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарликлари барвақт олди олинди. 300дан ортиқ ходимга нисбатан пора таклиф қилган шахсларга тезкор тадбирлар ўтказилиб, қонун устуворлиги таъминланди. 557 нафар раҳбар ва ходим турли ноўрин ҳаракатлари учун интизомий таъсир чоралари қўлланилиб, 479 нафар ходим тизимдан бўшатилган.
Тошкент вилоятидаги ҳолатда, ИИББнинг Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходими фуқарони келгусида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини ўтказиб юбориш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтда ушланган. Ўшбу ҳолат бўйича ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ходимга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Навбатдаги ҳолат Самарқандда қайд этилган. Пастдарғом туман ИИБ профилактика инспектори иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича фуқарога чора кўрмаслик эвазига ундан 800 АҚШ доллари олган вақтда ушланган. Бу ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан ҳам «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Яна бир ҳолат Наманган вилояти Давлатобод туманида содир бўлган. ИИБ патруль-пост хизмати ходими фуқаронинг автомашинасида аниқланган гиёҳвандлик моддаси бўйича чора кўрмаслик эвазига ундан умумий қиймати 11 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни тамагирлик йўли билан олган вақтда ушланган. Ходим ИИОдан бўшатилган ва тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилган.








