“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Муҳокамада давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, шунингдек, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқди. Таъкидланганидек, ушбу Концепция “Янги Ўзбекистон” ислоҳотларининг мантиқий давоми сифатида очиқлик, шаффофлик, ҳисобдорлик ва фуқаролар иштирокини таъминлайдиган замонавий давлат бошқаруви моделини шакллантиришни мақсад қилади.
2016 йилдан буён амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, 2023 йилги Конституциянинг қабул қилиниши, рақамли жамият ривожи ҳамда БМТ, ОECD, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар тавсиялари фуқаролик жамиятини ривожлантиришни стратегик вазифага айлантирди.
Ҳужжат таълим, ижтимоий ҳимоя, экологик сиёсат, тадбиркорлик, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги каби соҳаларда давлат-жамият шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, фуқаролик жамияти — бу жамоатчилик фикри, фуқаролар фаоллиги ва давлатнинг ҳисобдорлигига асосланган сиёсий тизимдир.
Қабул қилиниши режалаштирилаётган Концепция “очиқ давлат — фаол фуқаро” моделини шакллантиришда, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси лойиҳасини республика миқёсида ННТлар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда концепцияни такомиллаштириш ҳамда давлат ва жамият ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат грантлари тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг фуқаролик жамиятидаги фаоллигини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан жамоат ташкилотлари, давлат органлари ва бошқа фуқаролик институтлари ўртасида самарали мулоқот ва ҳамкорлик платформасини шакллантириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича миллий стратегияда ННТларнинг ўрни, вазифалари ва масъулиятини аниқ белгилаш, концепцияни амалга ошириш жараёнида шаффофлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, шунингдек, қабул қилиниши кўзда тутилган мазкур ҳужжатнинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолашга хизмат қиладиган амалий таклиф ва механизмларни ишлаб чиқиш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди.










