Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга контракт пуллари тўлаб берилади

    Яқинда мамлакатимизда олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ўтказилган тест синови натижалари эълон қилинди. Тест натижаларига кўра, минглаб йигит-қизлар талабалик бахтига мушарраф бўлди. Албатта ўқишга қирганларнинг маълум қисми бюджет, аксарияти эса контракт тўлови асосида таҳсил олади.

    Дейлик талабалик бахтига эришганлар орасида эҳтиёжманд оиланинг фарзанди ёки тақдир тақозоси билан ёшгина фарзанди билан турмушдан ажраб, ота уйига келиб қолган ёш аёлнинг бўлиши табиий. Ўқишга қабул қилинган ана шу тоифадаги хотин-қизларни энди контракт тўловини қандай тўлайман, деган юк, ташвиш безовта қилиши аниқ.

    Ана шу каби, умуман, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ўқиши, давлатимиз томонидан уларнинг контракт тўловларини тўлашларига қаратилган имтиёзлар ва бу борадаги бошқа саволлар билан Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза СУЛТОНОВАга мурожаат қилдик.

    – Яшаш шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ёки ота-она қарамоғидан марҳум қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг таълим олиши учун қандай имтиёзлар белгиланган?

    – Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни ва нуфузини кўтаришга қаратилган жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, яшаш шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг олий ўқув юртларида таълим олиши учун қатор имтиёзлар белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида эҳтиёжманд хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, билим олишлари учун имкониятлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги «Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан марҳум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори билан «Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.

    Мазкур низомга асосан,

    - ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар (талабгорлар) олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида базавий тўлов-контракт миқдори тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тўлаб берилиши белгиланган.

    - талаба хотин-қизлар (яъни талабгорлар) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул параметрлари доирасида давлат олий таълим муассасасининг бакалавриат таълим йўналишига (таълим шаклидан қатъи назар) талабаликка тавсия этилган бўлиши лозим.

    - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 40 нафардан, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар, жами 150 нафар хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўлаб беради.

    – Ушбу имтиёздан кимлар фойдалана олмади?

    – Юқорида қайд этилган имтиёздан иккинчи (яъни иккинчи мутахассислик) ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этган талабгорлар фойдалана олмайди.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий олий таълим муассасалари ёки уларнинг филиаллари, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари талабаларига нисбатан ҳам имтиёзлар татбиқ этилмайди.

    – Имтиёздан фойдаланиш бўйича тайёрланган ҳужжат амал қилиш муддати қанча ёки бир марта тайёрланган ҳужжат асосида 4 йил давомида контракт пуллари тўлаб бориладими?

    – Бир марта тайёрланган ҳужжат бир йил амалда бўлади. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ушбу қарор ижросини таъминлашда шаффофлик тамойилига риоя этган ҳолда, ариза топширган талабаларга, олийгоҳга ўқишга кирганлиги тўғрисидаги буйруқ чиққандан сўнг бир йиллик контракт пули 100 фоиз тўлаб берилади. Келаси йили у эҳтиёжманд оила вакили сифатида рўйхатдан чиқарилиши мумкинлиги ва бошқа сабаблар ҳисобга олиниб, ҳар йили контрактини тўлаб берилиши бўйича қайта ҳужжат тайёрланади.

    Тайёрланган ҳужжатларни талабгор ўзи таҳсил олаётган олийгоҳ масъулларга тақдим этиши шарт.

    – Имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлган талабгорлар қандай шартлар асосида танлаб олинади?

    – Талаба хотин-қизлар (яъни талабгорлар) Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синови натижаларига кўра давлат олий таълим муассасаларига якуний тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб (агарда улар талабаликка қабул қилинган бўлса) имтиёздан фойдаланиш ҳақидаги аризани 10 календарь кун ичида олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этиши лозим.

    Худди шундай 2 ва ундан юқори курс талабалари ҳам аризани 10 календарь кун ичида ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасасига тақдим этишади.

    Ўз навбатида олий таълим муассасаси талабгорларни рўйхатини шакллантирган ҳолда 5 календарь кун ичида Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигига юборади.

    Тайёрланган ҳужжатлар, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва белгиланган ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади.

    – Нима сабабдан талабаларининг баллари кўрсатилади?

    – Агарда талаба хотин-қизлар (яъни талабгорлар) ичида мезонларга тўғри келадиган бўлиб аммо квотадан ошиб кетса унда, талабанинг билим олиши, унинг олийгоҳдаги бириктирилган фанларни қай даражада ўзлаштира олганлиги ўрганиб чиқилади ва ана шулар инобатга олиниб, уларнинг энг яхши балл тўплаганларига тўлов-контракт суммаси 100 фоиз тўлаб берилади.

    Ҳокимликлар томонидан Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси тузилади. Шунингдек, туманларда туман ҳокими ўринбосари оила ва хотин-қизлар бўлим бошлиқлари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

    Ишчи гуруҳ 5 календарь иш кунида талабгорларнинг доимий яшаш жойи бўйича ижтимоий ҳолатини ўрганади, ўрганиш натижаларига кўра, Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир талабгорлар бўйича далолатнома тузади ва Комиссияга тақдим қилади.

    Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб, талабгорларнинг тўплаган баллари, ҳудудлардаги таълим йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамда талабгорларнинг таҳсил олаётган босқичларини инобатга олиб, баённома расмийлаштиради ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига юборади.

    Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 10 календарь иш кунида тавсияномаларни тасдиқлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборади.

    Комиссия ҳар ўқув йилида базавий тўлов-контракт суммалари тўлаб берилиши белгиланган (тавсиянома берилган) хотин-қизлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни тегишли давлат олий таълим муассасаларига ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради.

    – Талабгорлар қандай мезонлар асосида танлаб олинади?

    – Комиссия томонидан базавий тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш мақсадида талабгорларни танлаб олиш 3 та мезон асосида амалга оширилади.

    Булар:

    - кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган оила тушунилади;

    - ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар;

    - ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.

    – Талабгорларга, яъни комиссиянинг ижобий тавсиясини олган талаба хотин-қизларга тўлов контракт пуллари қанча муддатда ва қанча миқдорда тўлаб берилади?

    – Ҳокимликлар танлаб олинган талабгорларнинг ўқиши учун зарур маблағларнинг белгиланган тўлов-контракт миқдорининг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларгача, 50 фоизини — 1 январгача, 75 фоизини — 1 апрелгача ва 100 фоизини — 1 июлгача улар талабаликка тавсия этилган давлат олий таълим муассасаларига тегишли базавий тўлов-контракт миқдорида ўтказиб беради.

    – Ўтган 2022/2023 ўқув йилида қанча хотин-қизга тўлов-контракт пули тўлаб берилган?

    – 2022/2023 ўқув йили давомида Комиссияга тавсия этилган 223 нафар талабгордан 120 нафари Комиссия хулосаси асосида танлаб олиниб,

    уларга 935 миллион 500 минг сўм миқдорида контракт тўловлари тўлаб берилган.

    – Бу борада қандай муаммолар мавжуд? Сиз янги ўқув йилида талабгор талаба хотин-қизларга қандай тавсия ва маслаҳатлар берасиз?

    – Баъзида контракт тўловларини тўлаб берилишини хоҳлаган талабгор хотин-қизларимиз кеч мурожаат қилиш ҳолатлари бўлади ёки тартиб бўйича олий таълим муассасасига эмас ҳокимликка мурожаат қилишади. Натижада турли муаммолар, норозиликлар юзага келади. Шунинг учун энг аввало, олий ўқув юртига кирган, имтиёз олиш бўйича белгиланган мезонларга мос талабалардан ҳужжатларни ўз вақтида ва бекаму кўст тайёрлаб ўзлари таҳсил олаётган ОТМларига тақдим этишларини сўраган бўлардим.

    Талабгорлар тегишли ҳужжатларни қай тартибда тайёрлаш бўйича маълумотларни ўзлари таҳсил олаётган олий ўқув юртлари мутасаддиларидан сўраб, билиб олишлари керак.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, хусусан, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган опа-сингилларимиз давлатимиз томонидан доимий қўллаб-қувватланади. Чунки илм олган, олий маълумотли аёлларимиз нафақат фарзанд тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлашга ўзгача ёндашади, балки жамият равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Шундай экан, Янги Ўзбекистонимизда аёлларнинг жамиятдаги, оиладаги мақоми, ўрни ва нуфузи янада юксалади.

    – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.


    Суҳбатдош Зулхумор АКБАРОВА

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates