Икки давлат ҳамкорлиги асрларга татийди

    Яқин йилларда ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

    Ўзбек халқи азалдан барча миллат ва элатлар билан ҳамжиҳатликда, тотув ва иноқликда яшашни қадрият даражасига айлантирган. Бунга холис тарихнинг ўзи гувоҳ. Бугунги кунга келиб ушбу қадрият замонавий муносабатларга йўғрилиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Бунга биргина ён қўшнимиз — қирғиз миллати билан тобора ривожланиб бораётган дўстлик алоқаларимизда ҳам кўришимиз мумкин.

    Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбарининг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифини биргаликда кузатдик. Расмий учрашувлар доирасидаги амалий жараёнлар ҳар иккала халқ учун манфаатли битимларга бой бўлди. Бу ҳамкорлик алоқалари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

    Ўзбекистонда қирғиз маданияти

    Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Уларнинг 300 мингдан ортиғи қирғиз миллатига мансуб. Мамлакатимизда ўқитиш қирғиз тилида олиб бориладиган 60 та мактаб бор. Қирғиз халқининг анъана, қадриятлари бизникига жуда ўхшаш ва яқин. Юртимизда жами олтита Қирғиз миллий-маданий маркази фаолият юритиб келади. Уларда ўзбек миллий байрамларига ўхшаш “Наврўз”, “Орозоайт”, “Курбанайт” каби миллий ва диний байрамлар доимий тарзда нишонланади. Сўнгги йилларда диёримизда қирғиз миллати вакилларининг маданияти, қадимги урф-одатлари, хусусан, бешиктой (чақалоқни бешикка ётқизиш), тушокесу (боланинг қўйган биринчи қадамига бағишланган) каби қатор халқ маросимлари қайта тикланди. Қирғиз милий-маданий маркази қошида “Дўстлик”, “Жаш киял”, “Манас”, “Жан Жанай” сингари жамоалар фаолияти йўлга қўйилган. Бу масканларда қирғиз маданияти, анъаналари, урф-одати ва тилини ривожлантириш мақсадида халқ оғзаки ижодиёти, миллий ва жаҳон маданияти гавҳари бўлмиш “Манас” халқ достонига алоҳида эътибор қаратилади.

    Ўзбекистонда қирғиз халқига кўрасатилаётган эътибор ва ғамхўрликни ҳар лаҳзада ҳис этиш мумкин. Масалан, 2018 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Обод қишлоқ дастури” доирасида биринчилардан бўлиб Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги аҳолисининг 90 фоизи қирғизлар бўлган эски “Манас” қишлоғи 45 кун ичида қайта қурилиб, янги шаҳар қиёфасига кирди. Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллуднинг 90 йиллиги диёримизда кенг нишонланди. Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилди ва буюк ёзувчимиз хотирасига бағишлаб, ёдгорлик ўрнатилди.

    Ишонч яхши қўшничиликни мустаҳкамлайди

    Яна бир қизиқ маълумот: икки давлат ҳам бир кунда — 1991 йил 31 августда мустақилликни қўлга киритишган. Дипломатик алоқалар 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, шундан бери ўзаро муносабатларни тартибга солувчи 200 дан зиёд ҳужжат қабул қилинган. Улар орасида 2017 йил 5 октябрдаги Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни алоҳида тилга олиш лозим. Зеро, ўшанда Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзоланган. Шундан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасида 18 та назорат пункти очилди. Бу эса икки мамлакат фуқароларига анча қулайлик яратди.

    2017—2022 йиллар мобайнида эса чегаранинг қолган 15 фоиз (баҳсли) участкаларида делимитация ва демаркация қилиш ишлари олиб борилди. Ҳар икки томондан ҳам алоҳида комиссия тузилиб, гоҳ Ўзбекистонда, гоҳ Қирғизистонда бир неча бор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, комиссия ўта мураккаб масалаларни кўриб чиқди ва катта натижаларга эришди. Икки давлат раҳбарларининг биродарлик иродаси билан бугунги кунда чегара чизиғи билан боғлиқ бирорта ҳам баҳсли ёки келишилмаган бўлак қолмади, десак асло муболаға бўлмайди. Сиёсий алоқалардан ташқари, халқларнинг кўнгли бир-бирига яқинлиги ҳам ўзаро муносабатларни яхшилашга асос бўлмоқда.

    Самарали келишув

    Президентимизнинг Қирғиз Республикасига бу галги ташрифи икки давлатнинг кейинги йилларда ҳар томонлама фаоллашаётган ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлди. Давлатимиз раҳбари “Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир”, дея таъкидлайди. Албатта, яхши ҳамкорик бор жойда барака, ривожланиш бўлади. Ана шу жиҳатни ўзбек-қирғиз муносабатларида кўришимиз мумкин.

    Ўзаро савдо-сотиқ айланмаси охирги йилларда бир неча баробар ўсди. Хусусан, 2016 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 7 баробарга ўсиб, 167,5 миллион доллардан 1 миллиард 260 миллион долларга етгани кўрсатилмоқда. Яқин йилларда бу миқдорни 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

    Ташриф давомида икки давлат раҳбари ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги, кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар. Қолаверса, давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзолангани ташриф қанчалик самарали бўлганини кўрсатмоқда.

    Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, икки давлат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар, борди-келдиларни ривожлантириш режалари белгиланди. Жиззах ва Иссиқкўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023—2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурларнинг имзоланиши ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини мустаҳкамлаши турган гап.

    Узоқ кутилган битим

    Икки томон учун кутилмаган, аммо қувонарли яна бир битимга ҳам расман имзо қўйилди. Бу 2006 йил 3 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённомадир. Унинг муҳим аҳамияти шундаки, энди икки давлат фуқаролари ID-картани кўрсатиш орқали чегарадан ўтиши мумкин бўлади. Яъни, фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади ва паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.

    Ушбу енгиллик исталган транспорт воситаси орқали чегарани кесиб ўтишда амал қилади. Мазкур тартиб имзоланган ҳужжатлар иккала давлат томонидан тегишли тартибда тасдиқлангандан сўнг кучга киради. Бу тахминан 1-2 ой вақт олишини маълум қилишмоқда. Янги тартиб, айниқса, Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғарадаги юртдошларимиз учун катта енгиллик бўлади. Уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча оворагарчиликларга чек қўяди. Аҳамиятлиси, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Бу борада Қирғизистон биринчиси бўлгани ҳам рамзий маънога эга.

    Умуман, ташриф давомида имзоланган барча ҳужжатлар ўзбек ва қирғиз халқлари ривожига бирдек хизмат қилиши назарда тутилган. Уларда, айниқса, икки давлат халқининг, фуқароларнинг манфаатлари кўзлангани қардош элларда инсон омили ҳар нарсадан устун эканига яна бир ишора.

    Азизбек ОМОНОВ,

    Бухоро давлат университети биринчи проректори,

    социология фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates