Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Аввалроқ қўмита томонидан «Концерт-томоша фаолияти» хизмати бўйича «Солиқ» мобил иловасида солиқ декларацияларини юбориш йўлга қўйилганди.
Ушбу хизмат хонанда ва ижрочиларга йиллик даромадлари бўйича декларацияни солиқ органларига тақдим этиш имконини беради.
Жараён «Ўзбекконсерт» давлат муассасасининг маълумотлар базаси билан солиқ органларининг ахборот тизими интеграция қилиниши натижасида соддалаштирилди.
Шу сабабли, «Концерт-томоша фаолияти» бўйича лицензияга эга бўлган хонанда ва ижрочилар «Солиқ» мобил иловасида шахсини тасдиқлагач, «Face ID»дан ўтгач, ушбу хизматдан автоматик тарзда фойдаланиши мумкин.
Қўмита маълумотларига кўра, 1954 нафар лицензия эгаси солиқ декларациясини топширган.
Тақдим этилган декларациялар сони бўйича топ 5 та ҳудудга қуйидагилар киради:
- Хоразм вилояти — 294 та;
- Тошкент шаҳри — 291 та;
- Бухоро вилояти — 212 та;
- Самарқанд вилоятида — 207 та;
- Тошкент вилояти — 157 та.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси томонидан концерт ва саҳна санъати соҳаси вакиллари ўртасида #mendeklaratsiyatopshirdim_challenge ва #яподаюдекларацию хештеги остида челленж бошланди.









