Энг буюк хилқат дея аталган инсон ва унинг манфаатлари барча нарсадан устун саналган янги Ўзбекистоннинг бахтли фуқароларимиз!
Ўзбекистоннинг катта ва бебаҳо хазинаси ҳисобланган ёшлар тақдири ишониб топширилган педагоглар вакилиман. Ҳозирда ҳеч бир соҳа йўқки, ислоҳотлар четлаб ўтаётган бўлса. Таълим-тарбия масаласи бу соҳалар орасида ҳамиша олдинги сафларда экани бизни қувонтиради, фахр бағишлайди. Мактаб таълимини тубдан янгилаш ва сифатини яхшилаш, биз, муаллимларга етарли шароит яратиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар янада шижоат билан ишлашимизга ундайди. Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, дея юксак эътироф этгани ва алоҳида эътибор бергани самараси ўлароқ, айни тизимда юксалишлар даври бошланди.
Сўзим исботи учун ўзим фаолият юритаётган таълим масканини мисол келтирмоқчиман. Учқўрғон туман ихтисослаштирилган мактаби Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги 106-сонли Фармони билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ўтган йили 5 сентябрда Наманган вилоятида биринчилардан бўлиб фойдаланишга топширилди. Мана, илк ўқув йилимизни ортда қолдирдик. Қисқа муддат бўлса-да, ютуқларимиз басма-бас бўй кўрсатаётганидан жуда мамнунмиз.
Хусусан, 21 нафар битирувчимиздан саккиз нафари халқаро тил билиш даражасини белгиловчи IELTS сертификатларидан юқори балларни қўлга киритиб, муддатидан аввал талаба бўлишди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг STEAM фан олимпиадасида олти нафар ўқувчимиз вилоят босқичида ва биттаси республикада ғолиб бўлишди. Жумладан, 5.02-синф ўқувчиси Комила Мирзомиддинова математика фанидан республикада 1-ўринни олиб, Агентлик томонидан муносиб тақдирланди. 5.01-синф ўқувчиси Хондамир Бахтиёров информатика фанидан, 6.02-синф ўқувчиси Абдумўмин Абдупаттаев математика фанидан кучли ўнталик таркибига кириб, халқаро фан олимпиадасида қатнашиш учун Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинди. 5.03-синф ўқувчиси Маржона Абдуманнопова инглиз тилидан HIPPО, 5.01-синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Абдужабборов ва 7.01-синф ўқувчиси Ҳумоюн Ғофуровлар SPELLING BЕЕ халқаро олимпиадаларида республикада ўтказиладиган ярим финал босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.
Билим даргоҳимиздаги ўқувчи ва ўқитувчилар, нафақат фан бобида, балки “Беш муҳим ташаббус” доирасида уюштирилган турли маънавий-маърифий танловларда илғорлик қайд этдилар. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Ибн Сино номидаги таянч ихтисослаштирилган мактаби ташкил этган “Бобур каби севинг Ватанни” танловида камина йўналишлараро республикада 1-ўринга, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг “Ўзбегим Зулфияси” танловида дарс ишланмам 3-ўринга лойиқ топилди.
7.01-синфдаги ёш китобхон ўқувчимиз Асила Ўлжабоева “Навоий издошлари” танловида, ҳарбий тўгарагимиз аъзоларидан тузилган “Ўзбегим ўғлонлари” жамоаси “Ёш гвардиячилар” танловида вилоят ғолибига айланишди. “Ўзбегим Зулфияси” танловида 9.01-синф ўқувчиси Заҳро Олимжонова шеърият йўналишида республикада 1-ўринни эгаллагани биз учун ифтихордир. Яқинда бир қатор қаламкашларнинг ижод намуналари босилган “Ёниқ юраклар” номли тўпламдан жой олди. Мактабимизнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Муҳайё Султонова, 9.01-синф ўқувчиси Заҳро Олимжонова, 7.02-синф ўқувчиси Муаззам Набижоноваларнинг қалб қўридан, юрак тўридан тўкилган сатрлари китобхонларга ёқади, деган умиддамиз.
Албатта, юқоридаги илк натижаларнинг бари тўғри ва одилона ислоҳотнинг мевасидир. Атрофга боқаман, касбдошларим чеҳраларидаги мамнунлик, кўзларидаги масрурлик, тилларидаги миннатдорлик дилимни шукроналик ҳиссига тўлдиради. Биз учун аталган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган миллатимизнинг бир фарзанди сифатида, ана шу қимматбаҳо бойликни асраб-авайлаш, ёш авлодлар қалбида она Ватанга муҳаббат, ўз халқига садоқатни тарбиялашга, кўнглида тарих ва адабиётга, она тилига ҳурматни шакллантиришга ҳиссамизни қўшиш олий мақсадимиздир. Зеро, Ҳазрат мир Алишер Навоий таъкидлаганидек:
Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,
Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил.
Сарвиноз АБДУЛЛАЕВА,
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги
Учқўрғон туман ихтисослаштирилган мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари