баннер
1 апр 2025
05:36

    Илм – поклик, у умрни нурга буркайди ёхуд икки йиғилишда акс этган муштарак мақсадлар

    Мутолаа жараёнида Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларига дуч келдим: “Агар киши тижорат билан машғул бўлса, бу дунёда фаровон яшайди, агар ибодат билан шуғулланса, у дунёда охирати обод бўлади, агар илм билан шуғулланса, у икки дунё саодатига эришади”.

    Камида бир аср муқаддам улуғ мутафаккир бобомиз бундай хулосага ўз-ўзидан келмагани аниқ. Абдурауф Фитратнинг юқоридаги фикрлари қаторидан жой олиши мумкин бўлган иқтибосларни излаб, яна манбаларга мурожаат қилдим. “Илм ёлғизликда ҳамроҳ, ғурбатда сирдош, дўстлар ҳузурида зийнат, душманларга қарши ўткир қурол”, деган экан ­Ризоуддин бин Фахриддин.

    Одам бўлиш, оила тутиш, овқатланиш, кийиниш, юриш-туриш, саломлашиш, сўзлашиш, деҳқончилик ва тижорат учун ҳам илм керак. Илм кирмаган ва бошқармаган бирор соҳа йўқ. У инсонга ато этилган неъматларнинг энг фазилатлиси ва қудратлиси, дунёдаги бор нарса — амалнинг, бахту саодатнинг, савобу гуноҳнинг барчасини мағзини чақа билади, мафтункор ва яширин ҳақиқатни кашф эта олади.

    Илм инсонга бешикдан то қабргача ҳамроҳ бўлади, таълим-тарбия беради, раҳнамолик қилади. Доноларимиз: “Илм дунё ва охиратда ўзига фойда ва зарар бўладиган нарсаларни билмоқ демакдир”, “Илм йўли бир муборак йўлдир, лекин кўп машаққатли ва оғирдир, шундай бўлса-да, боши — саодат, охири камолотга бориб тўхтайди”, деб ёзиб қолдирган. Яҳё ибн Муоз эса: “Илмнинг боши сукут, кейингиси тинглаш, ундан кейингиси эса уни ёд олиш ва навбатдагиси унга амал қилиш ва энг охири инсонларга ўргатишдир”, деган. Назаримизда, бундан ортиқ таъриф топиш ва келтириш ортиқча уринишдан бошқа нарса эмас.

    Инсон ҳаёти мобайнида ўзидан яхши ном қолдириш учун интилади, изланади, ўқийди. Натижада эса шакллантирган теран тафаккури, ақлу шуури билан ён-атроф­га маърифат нурини сочишга муваффақ бўлади. Кишиларни эзгуликка чорлайди, яхшиликка ундайди. Асосийси, жамиятда соғлом муҳит яратишга муносиб ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Ҳаётнинг гўзаллиги, инсонийликнинг бардавомлиги, жамиятнинг фаровонлиги эса илм туфайлидир.

    Бир куни академик Аҳмадали Асқаров билан катта интервью тайёрлаб, айрим фикр­ларни тўлдириш, пишитиш масаласида маслаҳатлашгани яна ҳузурига бордим. Мақолани қайта ўқиб, айрим тузатишлар киритдик. Олимнинг кайфияти аввалгидек эмасди, сал хафақон. Кетар чоғим бунинг сабабини сўрадим.

    — Айрим талабаларни кўриб, асабим бузилади. Дарсларга илм олиш учун кел­яптими, шунга ҳаракат қилиши керак-да. Баъзилар ўзининг ҳам, домлаларнинг ҳам вақтини беҳуда совуради. Алам қиладигани, иқтидорлилар қаторида танбалроқлари ҳам ўқишни битириб, дипломли бўлади. Бундайлар илмсизлик оқибатида ўзини ўтга-чўққа уради, қинғир йўллар билан бўлса-да, моддий манфаат кўзлайди, умрининг охиригача фақат ўзини ўйлайдиган, ҳамманинг асабига тегадиган уқувсиз кадр бўлиб қолаверади, — деди академик куйиниб.

    Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг “Одоб дурдоналари” (“Ал-Адаб ал-муфрад”) китобида келтирилган муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади. Хулқу одобнинг таг замирида эса илм ётади, у илм-маърифат воситасида шаклланади.

    — Ўзбекистон азалдан ­интеллектуал кучлар ватани бўлиб келган, — дея давом этди Аҳмадали ака. — Яқингача бола тарбиясини боғчадан, мактабдан, олий ўқув юртларидан талаб қилиб келдик. Унинг асл илдизи оиладан бош­ланишига эътибор бермадик. Эндиликда фарзанд тарбиясида оиланинг роли катта эканини яхши билсак-да, бу аснода ҳалигача кенг кўламли амалий ишларга ўтилгани йўқ. “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақоллар бежиз айтилмаган. Тарбиячи бола олдида ҳар жабҳада ибрат намунаси бўла олмаса, унинг таъсири бўлмайди. Тарбия­чилар эса кўпроқ ўз вазифасини эмас, балки кўпроқ пул ишлашни ўйлайди, боланинг ота-онасидан ҳар бир байрамда совға-саломлар кутади. Мактаб­ларда ҳам шу аҳвол. Булар айрим фуқаролар қалбида тарихий тафаккурнинг саёзлигидан далолат беради.

    Илм олиш жараёнида ёшларнинг ния­ти пок ва бир бутун бўлса, албатта, илм уни ёруғликка етаклайди, ундан келажакда кишиларимизнинг маънавий эҳтиёжларини қондира биладиган, бахту саодатга тўғри ва чиройли эришишга чорлайдиган олим чиқади. Шундай комил мутахассисларни етиштирувчи таълим муассасаси педагоглари ҳам бугунги кунда ҳаёт заруратига айланган. Қарс — икки қўлдан, дейдилар. Икки қўл бир-бирига уйғунлашганда, ҳаракатга кирганида бир-бирини поклайди, икки қўл бирлашганда куч-қудрат ҳам янада ошади.

    — Баъзи ёшларимиз, уларнинг ота-­оналари ва қўштирноқ ичидаги айрим педагоглар ўқиш баҳона сохталикни вужудга келтираётганига, сохталик юзакиликни эргаштириб келаётганига, юзакилик билимга эмас, қуруқ дипломга етаклаётганига, яъни ҳаминқадар мутахассис эгаси бўлишга сабабчи эканига тўлиқ тушунмайди ёки уни англашни истамайди, — дейди профессор Қудратилла Каримов. — Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ­тарала-бедод қилиб, ота-онасининг ­пулини кулга айлантираётганлар вақтини, умрини ­бекорга совураётганини ўйлаб кўрмаса ҳам керак. Ҳамма фожиа шунда.

    Илм поклик ва ҳалолликни шакллантиради. Поклик ва ҳалоллик эса буюклик, инсонийлик, гўзалликни етаклаб юради. Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан учрашуви мамлакатимизда навқирон авлодни қўллаб-қувватлашга, уларни илмли қилишга нечоғлиқ юксак эътибор қаратилаётганини кўрсатиш билан бирга, ҳукумат ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги уфқларини ҳам очиб берди. Бугун дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар шароитида бундай самарали ва самимий учрашувлар, мулоқотлар ­жуда-жуда зарур ва долзарб.

    Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари ёшлар тимсолида янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлаб, турли соҳадаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, ўқимишли, билимли ­йигит-қизлар сафини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларимизга ҳаққоний баҳо берди. Мазкур учрашув ҳукумат ва ёш авлод ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш йўлида муҳим ­қадам бўлди.

    Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фан, айниқса, унинг замонавий йўналишлари нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқ. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради. Бугун IT сектор ва рақамли технологияларни ривожлантириш ҳар қачонгидан долзарб. Жорий йилда Ўзбекистон IT соҳаси экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг ёш жалб этилади. Coursera ­платформасида сунъий интеллект ёрдамида ўзбек тилида таълим олиш имкониятига эга 3000 дан ортиқ курс ишга туширилади. Қорақалпоғистонда “Муҳаммад Хоразмий ворислари” лойиҳаси йўлга қўйилади ва унда яна 1000 та ёш иштирок этади.

    Бундан ташқари, БАА билан Ўзбекис­тонда “Бир миллион сунъий интеллект фойдаланувчилари” лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳани рўёбга чиқариш билан Рақамли технологиялар вазирлиги шуғулланмоқда. Ўтган йили 25 минг қиз ахборот технологиялари соҳасида бепул таълим олди. Жорий йилда дастурчи аёллар сонини икки баробар ошириш режалаштирилган. 1000 нафар иқтидорли қиз IT лагерларда халқаро олимпиадаларга тайёрланади.

    Йиғилишда ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини барвақт аниқлаш, салоҳия­тини монетизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга жалб этишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Президентимиз масъул идораларга рақамли ижтимоий экотизимни жорий этиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш топшириғини берди.

    Бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

    Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибержиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

    Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққан. Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини кўп таъкидлайди, жамоатчиликни, зиёлиларни фаолликка, ҳушёрликка чақиради.

    Шу каби ижтимоий иллатларни бартараф этишда ахлоқан поклик, ҳалоллик фазилатларини шакллантириш масалалари бўйича барча таълим муассасалари ва ташкилотларда доимий ўқитиш ва малака оширишни таъминлаш, шунингдек, бу борада амалий йўналишга эга тегишли ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

    Президентимиз шу йил 5 март куни яна бир муҳим мавзуда маъруза қилди. Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишдаги ушбу нутқда давлат ва жамият бошқарувида замонавий ходимнинг ахлоқан поклик, ҳалоллик фазилатларини шакллантириш, маънавиятини юксалтириш долзарблигича қолаётгани, давлат хизматчилари коррупцион хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олиш мақсадида асосий эътиборни жамиятимиз аҳлининг маънавий-ахлоқий фазилатларини ривожлантиришга қаратиш, кенг жамоатчилик, биринчи навбатда, мутасадди ташкилотлар биринчи раҳбарларининг кундалик вазифаси экани каби масалалар ўртага ташланди.

    Сабаби, бугун дунёнинг қатор мамлакатларида моддиятга берилиш, нафсни қондириш, буюмга сиғиниш каби иллатлар урчиди. Фикр ва буюмлар, инсон

    танаси ва руҳияти, табиат ва маданиятнинг товарга айлантирилиши бугунги куннинг асосий муаммосига айланиб қолмоқда.

    Давлатимиз раҳбари йиғилишда бу муҳим масалага тўхталиб, “Коррупцияни енгиш учун, биринчи навбатда, унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган ўқ илдизларини қуритишимиз шарт. Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти, одамлар уларга тенглашаман деб ўзини ўтга-чўққа уряпти. Бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап”, деди куйинчаклик билан.

    Демак, бугун кенг жамоатчилик бирлашиб, эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар йиғилиб қолган. Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Ортиқча орзу-ҳаваслар инсонни нопок йўллар билан пул топишга ундайди. Энди тўй-ҳашамлар ва турли маърака тадбирлари билан боғлиқ масалаларни қатъий тартиб­лаштириш талаб этилади.

    Дабдабабозлик ва ҳашаматчиликнинг жамият учун ўта зарарлигини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари ҳам мазкур йиғилишда парламент палаталари, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, маҳалла раислари, нуронийларни бу масалага бош-қош бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

    Коррупцияни енгиш қийин, токи инсон дунёқарашининг асосини имон, эътиқод, виждон, ҳалоллик каби маънавий-ахлоқий фазилатлар ташкил этмаса. Коррупциянинг олдини олиш мураккаб, токи бунинг муҳим шарт-шароити сифатида ҳалол меҳнат орқали даромад топиш инсоннинг ҳаётий эҳтиёжига айланмаса.

    Назаримизда, Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан учрашуви ва 5 март куни коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда кўрилган масалаларда боғлиқлик бордек. Гап шундаки, илмли инсон ҳеч қачон коррупция ботқоғига ботмайди. Негаки, у ҳар бир қадами, хатти-ҳаракати учун ҳар қанақасига ҳисоб бериши кераклигини билади. Коррупция ўзи яшаётган жамият тараққиётини ортга суришини, қилмиш­ларининг асоратлари келгусида фарзанд­ларини таназзулга дучор қилишини анг­лайди. Илм орқали ўзини таниган инсон коррупциядан ҳазар қилади.

    Коррупциядек иллатга қарши кураш мамлакатимизнинг яқин ва узоқ йиллар учун белгилаб олинган Тараққиёт стратегиясини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади. Коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир.

    Қаердадир жиноят содир этиб, яъни пора олиб қўлга тушган амалдорлар, ­масъул шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида турли ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари кунда хабар бериб турибди. Бизнингча, бу иллатнинг томири илмсизликка бориб тақалади. Агар ҳафсала билан тадқиқот олиб борилса, уларнинг аксарияти умрида қўлига китоб ушламаган, ўз вақтида амал-тақал қилиб, пора эвазига ўқишга кирган ва пора билан ўқишни тугатиб, диплом олган бўлиб чиқса ҳам керак. Бундайларда мақсад азалдан мўмай даромад топиш, бирорта масъул вазифани эгаллаб, фақат моддий манфаат йўлида ҳеч нарсадан қайт­маслик бўлган. Шукрки, таълим тизимидаги бугунги ислоҳотлар бундай ҳолатларнинг илдизига болта урмоқда.

    Бу энди алоҳида мавзу.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Телеграм каналимиз
    Text to speech