Эзгулик ва хайрли амаллар қанот ёзади. Элдаги шукроналик қут-барака бўлиб ёғилади. Давлатимиз раҳбарининг нутқини жон қулоғимиз билан тинглар эканмиз, кўз олдимизда бўлаётган тарихий ўзгаришлар руҳидан қувонч ҳиссини туя бошлаймиз.
Ана шу кўтаринки кайфият таъсирида тадбирдан чиқиб, хаёлимдан ўтган ғужғон фикрларни қоғозга тиза бошладим.
Сенда бўлса — элга ўтар, элда бўлса — сенга
...Шаҳарнинг сершовқин ва тирбанд кўчаларида баҳор нафаси кезади. Йўл четидаги ўрик ва олчалар қийғос гуллаган. Ёмғирдан сўнг ҳаводан тоғ нафаси келади. Бундай вақтда сайр қилиш тан ва руҳга қувват беради. Сайрдан сўнг яна иш томон келар эканман, банкомат ёнидаги киши иши битгач, тез юриб олдинга ўтди. Беш-олти қадам нарида уни ёши элликка яқинлашган ҳамроҳи кутиб турарди. Ўрта бўйли, буғдой ранг бу киши йўғон овозда йўлдошини сўроққа тутди:
— Банкомат ишлаяптими, узоқ қолиб кетдингиз?
— Ишлаяпти, нақд долларим бор эди, банкоматда сўм қилиб, бирдан пластик картамга тушириб олдим. Уйга пул зарур экан, картадан ўтказиб юбордим.
— Шу банкоматлар қулай бўлиб қолди-да, — деди бояги киши ўша-ўша йўғон овозда. Ҳамроҳи унинг гапини тасдиқлади. Сўнг иккиси яна нималарнидир гаплашиб мендан олислади. Уларнинг суҳбатидан сўнг яқин йиллардаги ўзгаришлар ҳақида ўйлаб кетдим.
Ҳозир банкоматдан пулни нақд қилиш, валютани эркин алмаштириш оддий ҳол. Ваҳоланки, яқин-яқингача валюта алмаштириш, пластик картамиздаги пулни нақдлаштириш ёки у орқали тўлов қилиш азоб эди. Хусусан, валютанинг қора бозор ва банкда алоҳида нархи бўларди. Биргина ҳаётий мисол, машина сотиб олиш учун қора бозордан қиммат курсда валюта олинар ва автосалонга банк белгилаган арзон қийматда топшириларди. Ана шу орадаги фарқнинг ўзи каттагина йўқотиш ҳисобланар, маблағ айланмасидаги бу каби сунъий тўсиқлар оёққа солинган тушов эди. Шундай вазиятда тадбиркорлик қилиш, бир сўмни икки сўмга айлантириш қанчалик машаққат эканини соҳа одамлари яхши билади.
Ўшанда ҳар йили юзлаб тадбиркорлар банкротлик эълон қиларди. Қизиғи, яна шунча миқдорда янги тадбиркорлар пайдо бўларди. Чунки банкрот бўлган ҳам, янги иш бошлаган ҳам аслида бир кишига тегишли, ҳужжатда раҳбари ўзгарган субъектлар эди. Улар шу орқали солиқдан қочар, айланма маблағини яширишга уринарди. Ачинарлиси, уларга имконият бериш, тадбиркорга ҳам мададкор кераклигини тушуниш ўрнига соҳага янги тўсиқлар қўйиларди. Рўйхатдан ўтиш йил сайин қийинлашиб борар, банкротликка қарши курашнинг янги йўллари ўйлаб топиларди. Оқибатда тадбиркор вақти, қуввати ва маблағини ташкилотни тугатиш ва янгисини ташкил этиш учун асос топишга сарфларди. Лўнда қилиб айтганда, тадбиркорнинг ишбилармонлиги, уқуви яшаб қолиш йўлини ахтаришга сарф этиларди.
Табиийки, солиқлардан қочиш ва ташкилотини банкротликка тайёрлаб бориш учун маблағ нақд пул шаклида айлантириларди. Бу ўз-ўзидан бозорга таъсир этарди. Дўконларда пластик карта орқали савдо қилиш деярли имконсиз эди. Тадбиркор бой бўлса, халқ фаровон яшаши ҳақидаги ҳикматнинг асл моҳияти шу ерда аниқ кўринади. Ахир халқимиз “Сенда бўлса — элга ўтар, элда бўлса — сенга” деган мақолни шунчаки айтмаган.
Яқин ўтган кунлардаги бу манзарани бежиз эсламадик. Президентимизнинг ифторлик маросимидаги нутқида ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилгани, кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг бола боғчага жойлаштирилгани, уларнинг 176 минг аъзосига тиббий кўмак кўрсатилгани, 182 минг нафари эса ижтимоий хизматлар билан қамраб олингани таъкидланди.
Буларнинг замирида мамлакатимизда ўтган йилларда тўйинган тадбиркорлик муҳитининг ўрни бўлакча. Гап шундаки, бугун тадбиркорларга яратиб берилган шароитлар, керакли имтиёзлар натижасида янги Ўзбекистонда мутлақо янгича ишбилармонлик муҳити яратилди.
Бугунги тадбиркор кечаги тадбиркор эмас
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашув кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун янги даврни бошлаб берди. Ана шу учрашув чоғида кўплаб тадбиркорларимиз давлат раҳбарига ташаббус ва таклифларини айтди. Ўз ўрнида уларнинг жўяли таклифлари қўллаб-қувватланди. Масъулларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Туб ислоҳотлар сабаб янги Ўзбекистон тадбиркорлари соҳада етакчи бўлиш, жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин олиш ҳақида ўйлайдиган ишбилармонларга айланди. Уларнинг дунёқараши, иш тутуми ҳам тубдан ўзгарди. Чунки уларда эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч бор. Бу ишонч анъанага айланган учрашув, давлат раҳбари ва тадбиркор ўртасидаги очиқ мулоқотлар доирасида тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бундай мулоқотлар соҳадаги муаммоларни аниқлаш, масалаларга ечим беришда муҳим фактор бўлиб хизмат қиляпти.
Ахир асл ҳолатни ўша соҳанинг эгалари яхши билади. Улар камчиликларни ҳам, ютуқларни ҳам келтириб чиқараётган омилларни таҳлил эта олади. Шунга қараб, қандай режа қилиш кераклигини ҳам билади. Шу боис, Президентимиз тадбиркорларни шахсан ўзи тинглаяпти. Масалалар ечими учун замин яратиб бермоқда. Бунинг натижаси ҳам қувонарли, албатта. Хусусан, жорий йилдан кичик бизнесга 300 миллион сўмгача кредит берила бошланди. Энди охирги бир йилда йириклашиб, кичик ёки ўрта корхонага айланган тадбиркорларга шунинг 150 миллион сўми гаровсиз берилади. Шунингдек, оилавий тадбиркорлар ҳам 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.
Бизнесни молиялаштиришда муқобил манба сифатида венчур фондлар оммалашмоқда. Беш йилда улар иштирокида 145 миллион долларлик 53 та стартап лойиҳа амалга оширилган.
Буни кенгайтириш мақсадида давлат банклари томонидан яна 3 та венчур компания очилиб, 50 миллион доллар фонд шакллантирилди. Хориждан ҳам яна 50 миллион доллар жалб қилинади. Бу бизнесни бошлаётган тадбиркорлар учун қўшимча имконият дегани. Муҳими, бундай лойиҳалар иқтисодиётга янги йўналиш, технология, инновация ва юқори қўшилган қиймат олиб киради.
Яқин-яқингача бундай рақам ва имкониятлар ҳақида хаёл қилиш ҳам мушкул эди. Ўзгаришлар сабаб янги Ўзбекистон ишбилармонлари халқаро миқёсда ўз ўрни ва бозорига эга бўлиб бормоқда. Биргина мисол, Президент билан мулоқотда “Tass Vision” компанияси раҳбари Шаҳзод Умрзоқов ўз фаолияти ҳақида сўзлаб, кейинги йиллардаги ўзгаришлар динамикасини кўрсатиб берди.
— Мактаб, лицейда ўқиб юрган пайтларим дадам ишлайдиган автобазада чиптачи бўлганман. Ҳозирги кунда эса сунъий интеллектга асосланган компания раҳбариман, — дейди ёш тадбиркор Шаҳзод Умрзоқов. — Беш йил ичида биз 7 та мамлакатда хизмат кўрсатиш даражасига эришдик. Эътиборли жиҳати, қамровимиз фақатгина МДҲ мамлакатлари эмас, балки Монголия, Туркия, БААда ҳам фаолият юритамиз.
Ёш тадбиркорнинг таъкидлашича, у асос солган компания сунъий интеллект асосида чакана савдони оширишга ёрдам берар экан. Компания шу кунгача 130 та йирик чакана савдо компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 1700 дан ортиқ дўконларга махсус дастур ўрнатиб берган. Ушбу дастур харидорларнинг қизиқиши, савдо жараёнини камера ёрдамида ўрганиб, маркетингни таҳлил қилиб беради.
Компания дастури орқали 2022 йилда миллий венчур фонддан 150 минг доллар инвестиция олган. Кечагина чиптачи бўлиб юрган йигитнинг компаниясини 2024 йилда халқаро венчур фондлар 7 миллион долларга баҳолаган. Бу “Tass Vision” 2 йил ичида миллий венчур фонд баҳосини 7 баробар оширган дегани. Энди ёш тадбиркор иш кўламини янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш борасида изланиш олиб бормоқда. Ислоҳотларнинг самараси мана шундай аниқ рақамлар орқали бўй кўрсата бошлагани қувонарли. Бундай ҳаётий мисоллар янги Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасидаги кескин ўсиш ва ўзгаришнинг бир қанча муҳим жиҳатларини ўртага чиқаради.
Биринчидан, тадбиркорларда ислоҳотларга, эртанги кунга кучли ишонч пайдо бўлди. Энди улар қандай яшаб қолиш ҳақида эмас, дунё бозоридан ўрин олиш, хорижий ҳамкорларни кўпайтириш чоралари ҳақида ўйламоқда.
Иккинчидан, тадбиркорлик қилиш учун катта миқдордаги кредитлар олиш осонлашди. Айни пайтда бундай маблағларни ўзлаштириб, фаолиятини кенгайтиришдан чўчимайдиган ишбилармонлар сафи кескин ошди.
Учинчидан, энг муҳим фактор — тадбиркорларнинг дунёқараши ўзгарди. Улар энди маҳсулотни бир жойдан олиб, бошқа ерда сотадиган тужжор эмас. Балки маҳсулот ишлаб чиқариб, хомашёни маҳаллийлаштириш ҳақида изланиш олиб, бораётган том маънодаги ишбилармонлардир.
Ўзгаришлар ҳаётийлиги
Дарҳақиқат, бугун тадбиркорларнинг дунёқараши бутунлай ўзгарган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади, бунга қандай эришдик?
Янги Ўзбекистон қисқа вақтда оддий ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Оддийлиги шундаки, тадбиркорлар учун ҳамма биладиган тўсиқларни йўқотиш керак эди. Бунинг учун рўйхатдан ўтишни осон ва шаффоф қилиш, солиқ тизимини ислоҳ этиш, божхона, хорижий корхоналар билан валюта алмашишни соддалаштириш, кредит олиш ва фаолиятни молиялаштириш каби йўналишларда туб ислоҳотларга зарурат бор эди. Мураккаблиги мазкур ислоҳотларни амалда бажариш, масъуллар ва тадбиркорлар дунёқарашини ўзгартира олиш, уларни янгиланишга ишонтириш эди.
Инсон дунёқарашини ўзгартириб, жамиятда ишонч уйғотишдай машаққатли юмуш йўқ. Шу боис, Амир Темур бобомиз “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган эди. Янги Ўзбекистон қисқа вақтда мана шундай машаққатли йўлни мардона босиб ўтди. Натижа эса қувонарли!
Жамиятда тадбиркорлар тинч, эркин ва фаровон ҳаётимиз гаровидир, деган қатъий қараш шаклланди. Айни пайтда тадбиркор — элга мададкор деган улкан масъулиятни зиммасига олган шахсларга имкониятлар, қўллаб-қувватлашнинг қонуний асослари яратилди.
Муҳими, ҳар бир ўзгариш ҳаётийлиги билан инсонлар қалбида ишонч уйғотди. Дастлаб валюта алмаштириш осонлашди. Очиқ бозор тамойилларидан келиб чиқиб, банклар хориж валютасининг ўзбек сўмига нисбатан қийматини мустақил белгилайдиган бўлди. Булар тадбиркорларга илк имкониятлар эди. Шундан сўнг божхона, солиқ, хориж маблағларини хусусий секторга жалб этиш, хусусийлаштириш каби йўналишларда туб ўзгаришлар қилинди.
Оддий мисол, кўпгина дўконлар, айниқса, қишлоқ жойларда ноқонуний фаолият юритарди. Бундан ўша ҳудуддаги масъуллар хабардор эди. Маҳалла, туман ҳокимлиги тадбиркорлар рўйхатига ўша ноқонуний дўконларни ҳам киритарди. Турли байрамлар, тадбирларда улар ўзига хос “солиқ”қа тортилиб, ҳомийликка жалб этиларди. Шаҳарлардаги айрим кичик ишлаб чиқариш цехлари ҳам шу “қоида” асосида фаолият кўрсатарди. Ўзгаришлар сабаб ушбу тадбиркорлар қонуний фаолият юритишга ўтди.
Журналист сифатида яхши биламан, ислоҳотларнинг дастлабки йилларида “яширин иқтисодиёт”нинг мамлакат ва халқ манфаатларига зарари ҳақида жуда кўп тарғибот ишлари олиб борилди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” газетасида ҳам устоз журналистлар, иқтидорли ёшлар ва иқтисод соҳасининг етакчи мутахассислари кўплаб чиқишлар қилди. Бугун ўзбек матбуотида бу мавзуга эҳтиёж деярли йўқ.
Матбуот — жамият кўзгуси. Бугун матбуотимизда дунё иқтисодиётидаги долзарб масалалар асосий мавзу бўлиб турибди. Булар “яшил иқтисодиёт”га жадал ўтиш, сунъий интеллектни соҳада татбиқ этиш ва ундан самарали фойдаланиш каби жиҳатлардир. “Яшил иқтисодиёт” нафақат табиатга кўмак, балки техник тараққиётнинг белгиси ҳам ҳисобланади. Чунки замонавий технологияларсиз тўлалигича “яшил иқтисодиёт”га ўтиш имконсиз. Сунъий интеллект эса тараққиётнинг энг юксак чўққиларидан бири. Демак, бугун янги Ўзбекистон тадбиркорлари тафаккури, орзу интилишлари халқаро миқёсдаги кўламга чиққан!
Бунга қандай эришдик?
Биринчидан, асоссиз текширишларга барҳам берилди.
Иккинчидан, “яширин иқтисодиёт” аниқланганда жазолаш эмас, имкон бериш йўли тутилди. Тадбиркорларга давлат рўйхатидан ўтиб, солиқ тўлаб ишласа, имтиёзларга эга бўлиши, фаолияти Президент ҳимоясида экани, хусусий мулк дахлсизлиги борасидаги ўзгаришлар тушунтирилди. Иккита иш ўрни яратган тадбиркор қонун ва Президент ҳимоясида экани бот-бот такрорланди. Бу ҳолга кўникишга қийналган айрим масъуллар билан жиддий ишланди. Умуман, мамлакатда замонавий тадбиркорлик тафаккурини шакллантириш борасида нима зарур бўлса бажарилди.
Буларнинг барчаси тадбиркорларнинг дунёқараши ўзгаришга хизмат қилди. Олис қишлоқларда ҳам экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлар пайдо бўлди. Масалан, бозорларимизда яқин-яқингача қишнинг охирлари ёки эрта баҳорда картошка, пиёз каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига узундан узоқ навбатлар кутиларди. Таҳлиллар муаммо шу турдаги маҳсулотнинг кам етиштирилганида эмас, балки уларни сақлаш билан боғлиқ эканида кўринарди.
Ўзбекистон заминида етиштирилган ҳўл мевалар витаминларга бой, шифобахш, дея ҳақли равишда мақтанардик. Аммо супермаркетлар тармоғида, асосан, хориждан импорт бўлган ҳўл мевалар сотиларди. Ваҳоланки, ёз ва куз фаслида пишиб етилган ҳосилнинг катта қисмини сақлаш тизими йўқлиги туфайли улар ерга тўкилиб, исроф бўларди.
Кейинги йиллардаги ислоҳотлар сабаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни сақлаш тизими ҳам ривожланди. Бир неча кун олдин Наврўз байрамини нишонладик. Аммо ҳозир ҳам кечагина узилгандай сақланган узумлар, анор ва олма каби ҳўл мевалар бозорларимизни обод қилиб турибди.
Цитрус меваларни сотиб олиш унча-мунча оила учун орзу эди. Соҳа ривожи сабаб бундай мевалар ўзимизда етиштирилиб, сақланиб, чўнтакбоп нархда сотиляпти.
Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар динамикасини биргина Булунғур тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманда йилига ўртача 260 минг тонна картошка етиштирилгани ҳолда, ҳудудда 5-6 йил олдин уни сақлаш ёки қайта ишлаш ҳолати ачинарли эди. Тадбиркорликка кенг йўл очилгани ҳисобига кейинги 4-5 йилда туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш имконияти 27 минг тонна сиғимга етказилди. 7-8 йил аввал аграр тармоқда етиштирилган маҳсулотларнинг
10-12 фоизи қайта ишланган бўлса, қисқа фурсатда ушбу кўрсаткич 30 фоиздан оширилди. Яқин истиқболда мазкур йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган кўплаб лойиҳалар ҳисобига қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш мақсад қилингани эса тадбиркорлик фаолияти ривожининг жойлардаги шашту шиддатидан далолат беради, албатта.
Ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш — стратегик йўлимиз
Ўзгаришлар ҳаётимизда қандай янгиликларга сабаб бўлди, деган саволга асосли жавоб бор. Масалан, тўрт йил аввал 23 фоиз ёки 7,5 миллион аҳолимизнинг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллиондан зиёд фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағаллик 11 фоизга туширилди. Энди бу кўрсаткични 2028 йилгача 7 фоизга тушириш режа қилинган. Зеро, аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни беқиёс. Ўз ўрнида бундай ўзгаришлар ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ҳам кескин ошишига сабаб бўлди.
Дастлаб мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган эдик. 2024 йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 110 миллиард долларга етди. Биз 2030 йилга бориб, иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз.
Очиғи, бошида бу маррага кўпчилик ишонмади. Чунки мамлакатимизда имкониятлар чекланган эди. Аввало, юқорида таъкидланганидек, тадбиркорларни сунъий тўсиқлар қийнарди. Иккинчидан, қўшни мамлакатлар билан алоқаларимиз кўнгилдагидай эмасди. Бу ўз-ўзидан логистика, туризм каби соҳаларнинг оқсашига сабаб бўлаётганди. Мамлакатнинг ички сиёсатидаги ижобий ўзгаришлар дастлабки кунларданоқ ташқи сиёсатда ҳам ўз аксини кўрсата бошлади. Бугун энг кўп сайёҳлар қўшни давлатларимиздан келяпти. Қувонарли жиҳати, бугун тиббий туризм оммалашиб бормоқда. Биз мазкур йўналишда мамлакатимизни Марказий Осиё хабига айлантирамиз, деган эдик. Ҳозир қўшни давлатлардан ташриф буюраётган меҳмонларнинг бир қисми даволаниш учун келяпти.
Умуман, янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати сабаб “Марказий Осиё руҳи” деган ибора ҳаётимизга кириб келди. Бу, албатта, иқтисодиётимизда ҳам ўз аксини кўрсатмоқда. Қолаверса, бошқа хориж давлатлари ҳам юксак ишонч билдириб, ҳамкорликка тайёр эканини таъкидламоқда. Хусусан, Президентимизнинг Францияга ташрифи ниҳоятда самарали кечди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари ишбилармон доираларнинг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди. Унинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон — Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида тарихий қарор қабул қилингани бўлди.
Яна бир тарихий воқелик Президентимиз Шавкат Мирзиёев Франция Республикасининг олий мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирлангани бўлди. Зеро, ушбу орден Франциянинг энг олий давлат мукофоти сифатида 1802 йилдан буён халқаро даражада юксак нуфуз ва обрў-эътиборга эга шахсларгагина бериб келинмоқда.
Қувонарли томони, Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури қабул қилинган. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган. Дастурни амалга ошириш доирасида Франциянинг етакчи банк ва молия ташкилотларини фаол жалб қилган ҳолда бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситалари кенг жорий этилиши кўзда тутилган.
Демоқчимизки, ривожланган мамлакатлар янги Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Бизга ишонч билдириб, сармоя киритяпти. Унутмаслик керак, ҳар қандай ҳамкорликдан, аввало, молиявий фойда кўзланган бўлади. Йўналтирган маблағни фойдаси билан қайтариб олиш, бунинг учун узоқ йиллик ишончли кафолат бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Шу боис, улар бирор мамлакатга инвестиция киритишдан олдин етти эмас, етмиш марта ўлчаб бир кесади. Шу маънода, ўтган даврда нафақат тадбиркорларимиз, балки хорижлик ҳамкорлар ишончини ҳам қозона олишдай катта ютуқни қўлга киритдик. Муваффақиятлар эса халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида хизмат қилмоқда.
Шу ўринда яна бир муҳим рақамга эътибор қаратиш керак. Сўнгги беш йилда кичик ва ўрта бизнесдаги тадбиркорлар сони 2 карра кўпайди. Булар энди аввалгидай солиқдан қочиш, номини ўзгартириш оқибатида пайдо бўлган сохта рақамлар эмас!
Буни аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Яъни ушбу тадбиркорлар 10 миллион 500 минг одам — жами банд аҳолининг 74 фоизини ташкил қилган. Бу шунча оила барқарор даромадга эга бўлди дегани. Иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири шу соҳа вакиллари ҳиссасига тўғри келяпти. Ваҳоланки, яқин-яқингача кўпгина кичик ва ўрта тадбиркорлар конверт усулида маош тарқатарди. Бунинг оқибатида ноқонуний ишлаётган кишини исталган вақтда бўшатиб юбориш мумкин эди. Бу ўша фуқаролар даромадининг барқарорлигини шубҳа остига қўяр, айрим юртдошларимиз арзимас пулга ҳам кўп ишлашга мажбур эди. Чунки бундай шароитда ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш имконсиз бўлади. Бу ўз-ўзидан норозилик кайфиятини уйғотар, халқимиз ибораси билан айтганда, баракани қочирарди. Халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, дея бошланган ислоҳотлар замирида ана шундай катта ҳаётий ҳақиқатлар бор.
Янги Ўзбекистонда вазият тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбари кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув чоғида: “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — бу бизнинг стратегик йўлимиз! Тадбиркорлик қанча тез ривожланса, мамлакатимиз шунча қудратли бўлади, халқимиз шунча фаровон яшайди”, деди.
Ана шу учрашув чоғида мазкур стратегик йўл ортга қайтмас тус олгани ўз исботини топди. Кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди. Хусусан, 2025 йилда унинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш вазифаси қўйилди. Иқтисодчилар яхши билади, бу жуда катта сакраш дегани. Бундай катта маррани ўз-ўзидан забт этиб бўлмайди. Шу боис, янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандартга кўмаклашиб, кичик бизнес экспорти ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга олиб чиқилади.
Шу ўринда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитасининг ушбу учрашувдан сўнг айтган фикрини келтирсак:
— Европа тикланиш ва тараққиёт банки 36 давлатда фаолият юритаётган бўлса, улардан фақат 4 таси ҳар йили 1 миллиард евродан кўпроқ миқдорда молиялаштириш олади, — дейди Анди Аранитаси. — Мақсадимиз Ўзбекистонни айнан ана шу давлатлар қаторига киритиш ҳамда хусусий секторнинг асосини ташкил этувчи кичик ва ўрта бизнес ривожини қўллаб-қувватлашга устувор эътибор қаратиш.
Кўриниб турибдики, хорижлик ҳамкорларимиз бизни қўллаб-қувватлашга доим шай. Бу ҳам бўлса, юқорида таъкидланганидек, янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга билдирилаётган юксак ишонч намунаси.
Шунингдек, ичимлик сув, канализация, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик, етказиб бериш, утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда кичик бизнес улушини 2-3 карра ошириш назарда тутилмоқда. Бу каби ислоҳотлар эса 1,5 миллион доимий иш ўрнини ташкил этиш, соҳада банд аҳоли улушини 75 фоизга етказиш имконини беради. Қолаверса, кичик бизнесда янги 100 та бренд маҳсулот чиқаришни ҳам мақсад қилганмиз. Умуман, жуда катта марра кўзланмоқда. Бунга эришиш учун хорижий экспертлар билан бирга дастур ишлаб чиқилган. Мазкур дастурга 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар йўналтирилади. Бу халқимизга жуда катта миқдорда сармоя, миллионлаб иш ўринлари, даромад ва натижада фаровон турмуш кафолати дегани.
Мақола аввалида пластик картамиздаги пулни нақд қилиш, валюта бозоридаги эркинлик ҳақида айтган эдик. Бугун ўша ҳолатларни олис ўтмишдаги афсона каби эслаймиз. Айримлар энди янги ва янада улкан ўзгаришлар ҳақида айтинг, дейиши мумкин. Бу табиий. Чунки тоғ чўққисини мўлжал олиб йўлга чиққан киши илк қадам ташлаган манзилини доим ҳам ёдга олавермайди.
Қолаверса, йирик қадамлари сабаб бошдаги кичик одимлари кўзига арзимасдай кўринади. Аммо илдиздан узилмаслик, оёқни ерда маҳкам тутиб туриш учун ҳам ўша илк қадамни эслаш зарур. Зеро, дастлабки қадамларнинг шаҳди, шижоати ва завқи бугунги ва келгусидаги ютуқлар асосини ташкил этади.
Албатта, яқин келажакда бугун белгилаб олинган вазифалар натижасини қувонч билан эътироф этишимизга ишонамиз. Зеро, катта йўл аввалида доим тан ҳаловатидан кечилган, шунга муносиб тарзда давом этиш иштиёқи ҳар дам олға, янги марралар сари чорлайверади.
Салим ДОНИЁРОВ