баннер
29 мар 2025
20:05

    Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозим

    Ёхуд маърифатпарвар бобомизнинг ижтимоий-фалсафий қарашларига бир назар

    Янги Ўзбекистон ғоясининг асосий мақсадларидан бири келажак пойдевори бўлган ёшларни нафақат ҳуқуқий, сиёсий ва иқтисодий, балки маънавий-маданий, ижтимоий ва ахлоқий етук, мустақил фикрловчи баркамол авлод этиб вояга етказишдир. Жаҳонда кечаётган шиддатли геосиёсий курашлар, дунёни қайтадан бўлиб олиш, ёшлар қалби ва онгини забт этишга қаратилган курашлар, зиддиятлар шуни тақозо этади.

    Кўзланган мақсадга, албатта, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни сақлаб қолиш, қадриятларга содиқ қолган ҳолда замонавийликка эришиш, бой тарихий меросимизни чуқур ўрганиш, қисқача қилиб айтганда, миллий маънавиятимизни юксалтириш орқалигина эришишимиз мумкин. Зеро, фақатгина маънавиятли шахсни, халқни, миллатни енгиб бўлмайди.

    Ўтган асрнинг бошларида яшаб ижод қилган жадидлик намояндалари буни теран англаган ҳолда жамиятни маънавий-маърифий ривожлантириш, халқни, айниқса, ёшларни илм-маърифатга етаклашни ўзининг юксак мақсади қилиб белгилаган. Улар ёшлар тарбиясида диний ва дунёвий билимларни бир-биридан ажратмай, миллий ўзликни сақлаган ҳолда замонавийликка эришишга ҳаракат қилган. Жадидлик ҳаракати миллий уйғониш, миллий озодлик ҳаракати эди.

    Жадид боболаримиз ўз атрофида бутун халқни жипслаштиришга ҳаракат қилди. Бунинг учун дастлаб янги усул мактабларига асос солиб, диний фанлар билан бирга дунёвий фанларни ўқитишни йўлга қўйди. Истеъдодли ёшларни хорижда ўқитиш, уларни қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, молия, тиббиёт ва бошқа замонавий соҳалар бўйича етук мутахассислар этиб тайёрлашни мақсад қилди. Ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратди. Миллий театр ва миллий матбуотга асос солди. Улар ўз даврида миллатга ва жамиятга катта наф келтирди. Шу нуқтаи назардан, жадидлар меросига катта эътибор қаратил­япти, уларнинг илмий меросини тадқиқ қилиш кун тартибидаги муҳим вазифага айланмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг «Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмуд­хўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори тараққийпарвар аждодларимиз ҳаёти, илмий меросини ўрганишда янги босқични бошлаб берди, десак янглишмаган бўламиз. Зеро, Маҳмудхўжа Беҳбудий халқни илм-маърифатли бўлишга чорлаб, жамиятнинг дунёга очиқ кўз билан қараши, замонавий хўжалик юритишда билим, фан билан қуролланиб, фаоллик кўрсатишни талаб қилган. Аллома «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур», деган ҳаққоний фикрлари билан халқни уйғотишга ҳаракат қилган. Тараққиётга элтадиган, бирдан-бир ишга яроқли тарбия усули сифатида Исмоил Гаспиралининг «усули жадид»ини тинмай тарғиб қилади. Ҳаётнинг турли соҳаларига тааллуқли, замон руҳидаги билимларни юксак тарбиявий талабчанлик билан бошқаларга қараганда қизиқарлироқ, оддийроқ тарзда халқ тилида ёйишга ҳаракат қилди.

    Беҳбудийнинг ёшларимизга ўрнак бўладиган жиҳати кўп. Энг аввало, 25 ёшида хорижга чиққан. Илғор давлатларнинг таълимга оид энг яхши тажрибасини ўз ватанида жорий этишга интилган. Шахсий маблағи ҳисобидан кўплаб мактаблар очган. Миллатни мудом маърифатга, эзгуликка ундаган. Диндор бўлишига қарамай, ёшларни дунё­вий билимларни олишга чорлаган.

    Унинг таълим-тарбия, драматургия, таржимашунослик ёки журналистлик фаолияти тўғрисида гапирамиз, шу орқали эрк ва озодликни тарғиб этганига эътибор қаратамиз. Ваҳоланки, Беҳбудий ўз даврининг ­диний уламоси, яъни муфтий, маърифатпарвар адиби эди.

    1875 йили Самарқандда туғилган, Яссавий авлодидан бўлган Беҳбудий 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфтий даражасига кўтарилади. Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан. Саёҳати давомида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мус­таҳкамланиб борди. Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида Ажзий, Ражабаминда Абдулқодир Шакурий билан ҳамкорликда янги мактаб очади. Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб, у ердаги янги усул мактаблари билан танишади, татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўяди. Янги мактаблар учун дарслик­лар тузишга киришади.

    «Рисолаи асбоби савод» («Савод чиқариш китоби»), «Рисолаи жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш»), «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география»), «Китобат ул-атфол» («Болалар хати»), «Амалиёти ислом», «Тарихи ислом» каби китоблар чоп эттиради. Шунинг учун ҳам мактаблар ислоҳоти ва мамлакат тараққиёти масаласи унинг чиқишларида уйғун олиб борилади. «Бошқа миллатларга қаралса, кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки «дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат ­бошқа миллатларга поймол бўлур».

    Жадид мактаблари моҳиятини Беҳбудий қисқа ва лўнда қилиб бундай талқин этади: «… Замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлар ва фунуни замонияни дарбар (ўзида сақлаган, ташувчи) қилган одамларни талаб қилур». Бинобарин ана шундай одамларни ўқитиб, тарбиялаб етиштириш жадид мактабларининг мақсади бўлган. Лекин «жоҳилона таассублик»ка берилган, қадимчилар ҳисобланган кишилар бу мақсад моҳиятини тушунмас, жиддий қаршиликлар қилар эди. Уларга қарши Беҳбудий бир оғиз сўз билан «Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас», дея жавоб беради.

    Беҳбудийнинг Туркия, Миср, Қрим, Кавказ, Қозон, Россия, Юнонистон, Болгария, Австрия, Германия, Украина, Саудия Арабистони, Сурия ва бошқа қатор юртларда бўлиб, таълим ҳақида маълумотлар олгани мактаблар ислоҳоти борасидаги қарашларини такомиллаштирди. Таълимда илғор мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда ҳам пешқадамлигига ҳавас билан қаради. Туркистон ҳам ана шундай давлатлар қаторида бўлишини орзу қилди.

    1914 йилда «Ойина» журналида босилган «Муҳтарам ёшларга мурожаат»ида надомат билан бундай фикрларни ёзади: «Ер юзидаги барча миллатлар ўз болаларини(нг) ибтидоий тарбиясиға ва мактабларнинг ҳар жиҳатдан интизоми ва акмолига аҳамият беруб болаларини миллий ва диний руҳда мукаммал етушдурарлар. Анинг учундурки, ўзга миллатлар диний ва миллий ҳиссиётга молик бўлуб, ҳар ишда диёнат ва миллиятни муқаддам тутарлар». Унинг фикрича, бу ҳиссиётни мактаблар тарбиялаши керак. Жадидлар устози мактабларни «тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозаси» деб билади.

    У келажак даврни «тамаддун асри» деб атайди. Бундай даврда замонавий илмларсиз, қуруқ, чирик тафаккур билан яшаб бўлмайди. Шунинг учун у жадид мактабларида кўпроқ замонавий, дунёвий фанларни ўзлаштиришга диққат қаратади. Дунёвий фанларни эса жаҳоннинг тараққий қилган халқлари илм-фани орқали ўрганиш кўзда тутилади.

    «Ойина» журналининг биринчи сонидаёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим» деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (масалан, француз) тилини билиш шарт, дейди. Улуғ маърифатпарвар ёшларни замон билан ҳамнафас бўлиш, замонавий илмларни ўрганишга шу қадар кўп ташвиқ қиладики, ҳатто бугун ҳам бу фикрлар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

    Беҳбудийнинг замонавий илмларга даъвати ҳамон долзарб бўлгани каби уларни эгаллашда монелик қиладиган иллатлардан ҳам халос бўлмадик, балки улар ортмоқда. ­Мутафаккирнинг қарашлари бугунги кунимизга ҳам мос деб ўйлайман. Ёшларимизнинг илм, замонавий технологиялар, сунъий интеллектни ўрганиши, ўзлаштиришига катта эътибор қаратилаётган бир пайтда уларнинг муайян қисми бозорда, кўча-кўйда олибсотарлик қилиш, мавсумий ишларда ишлашни афзал кўрмоқда. Ўша даврдагидек, тўй ва аза дабдабасига берилиш, сохта обрў ва ҳашам иштиёқи, вақтни зое қилиш, пора бериш, илм аҳлига нописандлик билан қараш иллати бугун ҳам орамиздан кўтарилмаган.

    Маърифатпарвар бобомиз кўп биладиганлар дунёни кўпроқ англашини, ютуқлар ортида илм турганини тушунишини ҳам яхши англайди. Дунёдаги катта ютуқларнинг ҳаммаси шундан. Бунинг ҳақиқати шундаки, бугун айрим давлатлар хомашё сотишдан миллион ёки миллиард доллар фойда кўраётган бўлса, ахборот технологиялари ёки сунъий интеллект ортидан ривожланган давлатлар триллионлаб даромад топмоқда. Кичик моддий муваффақиятлар авомнигина эмас, ҳақиқий илм аҳли бўлмаганларни ҳам чалғитади. Тараққиёт, чин ютуқлар учун ҳақиқий илм аҳлини тарбиялаб етиштирмоқ лозим. Беҳбудий авом илм аҳлига эргашсагина ҳақиқий тараққийга, ютуққа эришилади, деган хулосага келади ва дейди: «Бошқа миллат уламосига тобе экан, бизнинг уламо билъакс авомға тобедур. Бунинг охири харобдур. Йигирма-ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва одоб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур».

    Жадидлар пешвоси «Падаркуш» номли биринчи ўзбек драмасини ёзиш ва саҳналаштириш орқали миллий театрнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. «Падаркуш» ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида эди. Беҳбудий бу асар жанрини «миллий фожиа» деб атаган. Асар Самарқандда 1914 йил 25 январда саҳнага қўйилди. Драма халққа кучли таъсир кўрсатади.

    Абдулла Қодирий «Бахтсиз куёв» драмасини шунинг таъсирида ёзгани маълум. ­«Падаркуш» ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра, янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилади. Беҳбудий театрни тушунмай, уни дин йўли билан ман қилишга уринувчи кимсаларга «Падаркуш»ни мисол қилиб: «Муҳтарам ҳамшаҳарларимиздан рижо этармизки, келиб кўргонлари гунаҳ бўлгон ­жойини кўрсатсалар», дейди.

    Беҳбудий матбуот равнақига ҳам катта ҳисса қўшди. «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилди. Беҳбудий матбуотимиз тарихида мақоланавис сифатида алоҳида мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолалари сони 300 тага етади. Улар хилма-хил мавзуда. Илк мақолаларидаёқ коммунистик мафкурани кескин рад этган, «хаёлий», «бу тоифага қўшулмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарлик» деб ёзган эди («Хайрул умури авсатуҳо» — «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», «Хуршид» газетаси, 1906, 6-сон).

    1917 йилнинг охири – 1918 йилнинг бош­ларида жадидлар қурган илк демократик давлатчилик намунаси — Туркистон мухториятининг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда ўлка халқларини бирликка чақиради. Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга қизғин қўшилди. Унинг фикрлари умумлаштириб хулоса қилинадиган бўлса, Туркистон халқининг ҳар бир аъзосини ўқимишли, миллий қадриятлар жонкуяр, ўзлигини англаган, жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларидан баҳраманд, улар истифодасига қодир, миллий тараққиётга монелик қилувчи иллатлардан халос бўлган ва уларга қарши курашувчи шахслардан иборат бир жамият, яъни юксак маданиятли ва маънавиятли жамият орзу қилинган.

    «Оҳ! Биз қандай кейин қолганмиз. Халқи олам усули жадид ва илми замоний ила осмонларга учар, биз ҳануз бир-биримизни такфир (кофирга чиқариш) ва талъин (лаънатлаш) ила вақт ўткарурмиз», дейди у. Кўзлангандек жамият аъзолари бўлиши, жаҳонда муносиб ўрин эгаллаши учун миллатдошларининг икки эмас, тўрт тил билиши лозимлиги кун тартибига жиддий масала қилиб қўйилади. Чиқишларидан бирида маълум бир шаҳарда яҳудийлар ўликларини оқшом элтиб кўмишларини эслатиб, бунга уларнинг кундузи одамларни ишдан қолдирмаслик мақсади сабаб эканини таъкидлайди. Бизда бўлса, тўй, маъракалар учун ҳафталар, баъзан ойлар увол кетишидан озорланади. Шунингдек, ёшларни вақтнинг қадрига етишга, уни имкон қадар илм-фан ўрганишга сарфлашга даъват этади.

    Маҳмудхўжа аёлларнинг илмли бўлишига бефарқ эмасди. Туркистон жадидларининг асосий мақсади аёлларнинг ҳам дунё­вий билимларни эгаллашига йўл очиб бериш эди. «Тил масаласи» мақоласида «Тараққий этган миллатларни оналари ўқитар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандир», дея бежиз ёзмаган. Яъни фарзандларимизнинг илмли бўлиши аёлга, онага боғлиқлигини исботлаб берган.

    Беҳбудий дин ҳимоячиси сифатида ҳам ёшларга дунёвий илмларни пухта ўрганиш диний эътиқодни кучайтириши тўғрисида мисоллар келтириб, ўгит беради: «Зотан, исломият шундай бир дини матин ва қобили тараққийдурки, нақадар илми замоний кўп ўқуса, инсонни яна дини исломга ақидаси шунча мустаҳкам бўлур».

    Афсуски, миллатимизнинг илғор зиёлилари эрта сўндирилди. Биргина 1937-1938 йилларда 7000 га яқин, умуман олганда, 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган, уларнинг 13 минги ўлдирилган. Ўша даврдаги сиёсий қатағон асосан, интеллектуал элита — зиёлилар, олимлар ва ижодкорларга қаратилган эди. Халқнинг маданий, илмий ва сиёсий ҳаётида етакчи аҳамиятга эга бўлгани сабабли улар потенциал таҳдид сифатида кўрилган.

    Ҳозир миллий маданиятимизни тиклаш ва ривожлантириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бироқ қатағон даврида йўқотилган асарлар, илмий мактаблар ва анъаналарни тиклаш осон эмас. Шунга қарамай, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш анъанага айланди.

    Президентимиз қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтаётган экан, буларнинг бари миллат ойдинларининг ибратли фаолиятини ўрганиш ва тарғиб этишда янги имкониятларни очиб бериши аниқ. Хусусан, унинг «Танланган асарлар» тўплами, ҳаёти ва фао­лиятига бағишланган илмий-оммабоп китоблари нашрга тайёрланиб, чоп этилиши, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштирилиши ҳамда бугунга қадар яратилган «Маҳмудхўжа Беҳбудий» киносериали ва «Халқ юраги» бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойиши ўтказилиши, 2025 йил октябрида «Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, ноябрда эса тантанали адабий-маърифий хотира кечаси ташкил этилиши каби чора-тадбирлар алломанинг ҳаёти, ижодий мероси ва эришган ютуқлари Ўзбекистон тарихида қандай муҳим ўрин тутишини халқимизга англатишда катта аҳамиятга эга.

    Эътибор берсак, қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган қанчадан-қанча асарлар, фильмлар яратилаётир. Бой ва қадимий тарихимизга янги нигоҳ билан қараш, очилмаган саҳифаларини ўрганиш, бузиб талқин қилинган жойларни холисона илмий тадқиқ этишга киришилгани қувонарли. Бугун жадидлик ҳаракати тарихини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир паллада олимларимиз кўпроқ жадидларнинг қатағон қилиниши масаласига аҳамият бермоқда.

    Аммо қатағонгача бўлган даврда жадид­ларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий жараёнда тутган ўрни кенг тадқиқ қилинмаяпти, назаримизда. Халқимиз уларни фақат қатағон қурбонига айланган жабр­дийдалар сифатида танияпти. Жадид боболаримиз ҳар бирининг ибратли ҳаёт йўли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, илмий ва маънавий мероси бор. Буларни янада чуқур ўрганишимиз керак. Ёшлар орасида уларнинг ҳаёт йўлини кўпроқ тарғиб қилишимиз лозим. Зеро, жадидларнинг фалсафий қарашларидаги динийлик ва дунёвийлик уйғунлиги жамиятимиз тараққиётида йўлчи юлдуз бўлиши аниқ. Шу билан бирга, тарихнинг очилмаган қирраларини тадқиқ қилиш орқали ёшларимизга мустақилликнинг бебаҳо неъмат эканини англатиш, истиқлолни кўз қорачиғидек асраш муқаддаслигини тушунтиришга хизмат қилган бўламиз.

    Исмоил САИФНАЗАРОВ,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    Телеграм каналимиз
    Text to speech