Ўзбекистонда бу иллатга қарши кураш барча жабҳаларда олиб борилмоқда – қонунлар қабул қилиниши билан бир қаторда рақамли технологиялар ҳам жорий этилмоқда. Коррупцияга қарши курашишда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида Юртбошимиз сўзлар экан, Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлигининг ташкил этилганлигини алоҳида қайд этди. Энг сезиларли ўзгаришлардан бири – Коррупцияга қарши курашиш нафақат сиёсий доираларда балки умуммиллий муҳокамага олиб чиқилганлиги бўлди. Бу муаммони жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишда Оммавий ахборот воситалари асосий роль ўйнади. Аммо эришилган ютуқларга қарамай, муаммо ҳали ҳам долзарблигини йўқотмай янги шаклларда намоён бўлмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлигига кўра, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик ва хизмат ваколатларидан суиистеъмол қилиш каби янги коррупция шакллари пайдо бўлиб боряпти.
Коррупцияни бартараф этиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири давлат хизматларини рақамлаштириш орқали пора олиш ҳолатларининг камайиши бўлди. Бугунги кунда 400 дан ортиқ хизматлар онлайн тарзда тақдим этилади, бу эса инсон омилини ва шу билан бирга ноқонуний таъсир имкониятини бартараф этади.
Жумладан, давлат харидлари, банклар, мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим тизимлари рақамлаштирилди, тадбиркорлар ва аҳолига хизмат кўрсатишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан воз кечилди. Бунинг натижасида тадбиркорликда янги 200 минг нафар тадбиркорлар бозорга кирди ва чет эл иштирокидаги корхоналар сони 5 бараварга ошиб, деярли 23 мингга яқинлашди. Бу эса эркин, рақобатбардош бозорнинг ташкил этилишида тўғри йўналишда кетилаётганидан дарак беради десак, муболаға бўлмайди.
Коррупцияга қарши кураш – фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятли вазифаси – бурчи ҳамдир. Ҳалол меҳнат ва профессионализм муваффақиятнинг асосий мезонлари бўлган муҳитни яратиш бизнинг умумий мақсадимиз ҳисобланади. Бунга эришиш учун ҳар бир инсон ҳалоллик, ошкоралик ва масъулият тамойилларига риоя қилиши талаб этилади.
Ҳуқуқ нормалари, ушбу нормаларнинг ҳуқуқий муносабатлари, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни амалга ошириш шаклларини аниқ бир тартибда ишловчи механизмга ўхшатиш мумкин. Ушбу механизм — тирик организмга ўхшайди, худди тирик ер, тирик ўрмон, тирик инсон каби. Коррупция эса ушбу организм учун хавфли касаллик мисоли. “Коррупция” сўзининг этимологик маъноси “бузилиш” дегани.
Шу ўринда савол туғилади: Давлат ёки жамиятнинг коррупция билан зарарланиш даражаси қандай? Баъзи мамлакатларда фақат айрим давлат ва ҳуқуқ тизимлари зарарланган, лекин янада жиддийроқ ва оғирроқ сценарийда — давлат ва ҳуқуқ органларининг жиноятчилик билан зарарланишидир.
Давлатимиз раҳбари ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги нутқида ушбу “хавфли касаллик”ка қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиз ва виждон ишимиз эканини таъкидлаганди:
– Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак!
Юртимизда сўнгги йилларда бу йўлда жуда кўп чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўз навбатида ушбу касалликни «даволаш»нинг турли услублари мавжуд ва бу усуллар фақатгина «дорилар» билан эмас, балки «жарроҳлик йўли» билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунга мисол қилиб, Сингапурда амалдорлар ва судьялар коррупциявий жиноят содир этганлари учун ўлим жазоси билан жазоланади. Бироқ, фақатгина «қамчи» усулининг ўзи ҳар доим ҳам самара бермаслиги маълум. Ҳар бир мамлакат муаммони ҳал қилиш учун ўзига хос ёндашув – тизимни танлайди. Ўзбекистонда ҳам ушбу масалаларни ҳал этишда тизимли стратегияси ишлаб чиқилди. Бу ҳақида батафсил коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ва парламент, ҳукумат аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди. Энг аҳамиятлиси коррупцияга қарши кураш муҳокамаси учун бундай тартибдаги йиғилиш илк маротаба ташкил этилганлиги эди ҳамда биргина шу йиғилишда Президентимиз коррупция ва унга қарши курашга йўналтирилган 55 та аниқ мақсад ташаббусини илгари сурди.
Улардан 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилишига келишилди ҳамда улар ижроси натижасида коррупцияга қарши курашда Парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамиятларининг аҳамияти ва роли оширилиши, ҳуқуқий асосларнинг кучайтирилиши кўзда тутилган. Бу ислоҳотлар натижасида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги юксалтирилиб, жамиятда коррупцияга қарши курашишга дахлдорлик ҳисси шаклланиши мақсад қилинган.
Халқ манфаатини кўзлаган ҳолда коррупцияга қарши курашишда вазирлик, идоралар раҳбарларининг масъулият ва жавобгарлигини янада оширувчи тизим ишлаб чиқилиши Давлат раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди. Ушбу тамойилга кўра, давлат хизматлари даражаси аҳоли томонидан баҳоланади ҳамда энг паст кўрсаткич қайд этган раҳбарларга тегишли чоралар кўрилади. Бундан ташқари халқаро инвестициялар жалб қилинишида, аукционларда, давлат харидлари тизимида коррупциянинг олдини олувчи механизмлар жорий этилиши мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Барча ислоҳотлардан кўзланган яна бир мақсад коррупциядан ҳоли давлатлар рейтингида юртимиз мавқейини яхшилаш ҳамда 2027 йилда UNCAC конференциясига мезбонлик номзодини маъқулланиши ҳисобланади.
Юқорида қайд этилганидек, коррупцияга қарши кураш нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатини талаб этади. Муҳими, ҳар бир фуқаро ўз бурчи сифатида ҳалоллик, адолат ва масъулият принципларига содиқ қолса, албатта кўзланган мақсадга эришамиз.
Rasul RAHMONOV,
Iqtisodiyot fanlari nomzodi, professor
Ҳамкорлик материали