баннер
31 мар 2025
01:31

    Иқтисодий самарадор ишланмалар соҳа ривожига хизмат қилади

    Жаҳондаги иқтисодий ва технологик ўзгаришлар металлургия соҳасида ҳам ўз аксини топмоқда. Янги технологиялар пайдо бўлиши, экологик стандартлар кучайиши, глобал рақобат муҳити кенгайиши, янги материаллар талаб қилиниши – буларнинг барчаси металлургияни модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш заруратини юзага келтирмоқда.

    Илмий тадқиқотлар металлургия соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш, янги технологияларни яратишга қаратилган бўлиб, соҳага инновацион ёндашувни талаб этмоқда.

    Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали илмий изланувчиларининг тадқиқотлари юқори қаттиқлик, чидамлилик, енгиллик ва бошқа хусусиятларга эга янги материаллар яратиш, ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш, энергия тежовчи, чиқиндиларни камайтириш ва қайта ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш ва бошқа йўналишларда ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштиришга қаратилган. Бу борада йирик корхоналар — “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекистон металлургия комбинати” ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятлари корхоналаридаги саноат муаммолари ўрганилиб, илмий-тадқиқот ишларига йўналтирилмоқда. Ана шундай илмий тадқиқотлардан бири пўлат эритиш жараёнида ҳосил бўладиган шлаклардан марганец ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқишга қаратилган.

    Металлургия шлаклари таркибида темир, марганец, кремний, кальций ва бошқа фойдали элементлар мавжуд бўлиб, улардан ишлаб чиқаришда қайта фойдаланиш мумкин. Бу шлаклардаги металларни металлургик жараёнга қайтариш ҳисобига табиий хомашёни сотиб олиш харажатини тежаш, шунингдек, чиқиндилар ҳажмини камайтириш мумкин. Бу эса атроф-муҳитга тушадиган босимни пасайтириш ва саноат чиқиндилари полигонларининг хизмат муддатини узайтиришга ёрдам беради. Пўлат эритиш жараёнида ҳосил бўладиган шлаклардан марганец ажратиб олиш иқтисодий фойда келтиришини инобатга олиб, шлаклар таркибида марганец металлини ажратиб олиш бўйича тажриба ишлари бажарилмоқда.

    Ҳозирги давр талабига жавоб берадиган, яъни асосан экологик талабларни инобатга олиб марганецни ажратиб олишда гидрометаллургик усуллардан фойдаланилди. Натижада кам миқдордаги сарф-харажат орқали 85 фоиз юқори тозаликка эга марганец таркибли маҳсулот ажратиб олинди. Бу маҳсулот пўлат эритиш жараёнида кислородсизлантирувчи қўшимча сифатида қўлланадиган ферромарганец олиш учун ишлатилади. Ферромарганец ишлаб чиқаришда марганец маҳсулотининг асосий қисми четдан олиб келиниши ва шлакни қайта ишлаш натижасида қолган қолдиқлар қурилиш маҳсулоти сифатида ишлатилишини инобатга олсак, бажарилаётган иш катта иқтисодий фойда келтиради.

    Шунингдек, филиалнинг ёш илмий тадқиқотчилари томонидан мураккаб таркибли полиметалл конлардан қимматбаҳо компонентларни комплекс ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш юзасидан илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Ҳозир мураккаб таркибли полиметалл рудаларни бойитиш анча қийинлашиб бормоқда ва металларнинг ажралиш даражаси йилдан-йилга паст кўрсаткични кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаблари сифатида руда таркибида қимматбаҳо компонентларнинг структуравий намоён бўлиши қийин турдалиги ва руда захираларидаги қимматбаҳо компонентлар миқдори камлиги, майин хол-холлиги, заррачаларнинг тенг тақсимланмагани ва юқори дисперслиги тасдиқланди. Шу сабабли мураккаб таркибли полиметалл рудаларни бойитишга алоҳида ёндашув асосида технология ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

    Бугун дунёда мураккаб таркибли полиметалл кон рудаларини бойитиш ва гидрометаллургик қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш, янги самарали технологияларни ишлаб чиқиш орқали мураккаб таркибли полиметалл рудалар таркибидан барча қимматбаҳо компонентларни комплекс ажратиб олиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Бундай илмий тадқиқотлар юртимиздаги захиралардан унумли фойдаланиш, дунё бўйича қимматбаҳо металларга эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатимизда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиб, руда таркибидаги металларнинг катта қисмини ажратиб олиш, олинган хомаки бойитма таркибидаги қимматбаҳо компонентлар миқдорини ошириш ва яна бошқа бир қанча имкониятларни беради.

    Филиалимиз олимлари томонидан юқорида келтирилган руда майдони моддий таркиби, структуравий намоён бўлиши, минералогик таркиби ва жойлашув шаклларидан келиб чиқиб, ҳар хил бойитиш усулларида, турли хил дастгоҳларда тадқиқот ишлари бажарилмоқда.

    Қимматбаҳо компонентларнинг юқори ажралиш кўрсаткичига эришиш учун ҳозирги замонавий техника ва технологиялардан фойдаланилади. Натижада сарф-харажат камайиб, юқори самарадорликка эришилади. Олинган бойитма таркибидаги компонентлар ва уларнинг ажралиш даражасидан келиб чиқсак, бажарилаётган тадқиқот иши мамлакат учун юқори иқтисодий манфаатли экани ойдинлашади.

    Худди шундай илмий тадқиқотлардан яна бири технологик эритмалардан кобальт ажратиб олишнинг ион алмашиниш услубини ишлаб чиқиш масаласидир. Сульфат ва нитрат кислотаси тутган кобальтнинг сунъий эритмаларидан саноатда ишлатиладиган турли табиатли ионитлар ёрдамида турғун ҳолатда кобальтни ютиш ва ювиб олиш шароити ўрганилади. Кобальтни сунъий эритмалардан танлаган ионит асосида ажратиб олишнинг термодинамик параметрлари аниқланади. Лаборатория шароитида кобальтнинг технологик эритмасини олишни моделлаштириш имконини берувчи қурилма йиғилади ва синов ишлари учун турли эритма намуналари олинади. Динамик ҳолатда ион алмашиниш услубида кобальтни ютиш ва ювиб чиқариш режимини ўрганиш имконини берувчи макет ясалади. Унда техноген эритмадан кобальтнинг 96-98 фоизини ажратиб олиш шароити аниқланади.

    Ҳозир “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ҳузуридаги Чирчиқ нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар заводида кобальтни ажратиб олишда қўлланадиган чўктириш усулидан 20-25 фоиз самарадор, технологик қулай ва экологик хавфсиз усул ишлаб чиқилади. Четдан мамлакатимизга импорт қилинаётган ноёб металл – кобальтга эҳтиёжнинг 70-75 фоизини қоплаш имконини берувчи технологияга асос бўлади. Агар 1 килограмм кобальтнинг Лондон биржасидаги нархи 21,55 доллар (280 минг сўм) экани ҳисобга олинса, ишланманинг амалиётга киритилиши катта иқтисодий самара бериши равшанлашади.

    Ушбу ишланмани “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасида тажриба-синовдан ўтказиш учун инфратузилма мавжуд. Кейинчалик саноат миқёсида қўллашга корхона мутахассислари томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилган.

    Умуман олганда, тадқиқот иши саноат технологиясини ривожлантириш, ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишнинг ижобий ечимини топишга қаратилган бўлиши керак. Илмий тадқиқотчилар, олимлар томонидан ҳар бир тадқиқот иши мана шундай мақсадлар асосида олиб борилмоқда.


    Алишер САМАДОВ,

    техника фанлари доктори, профессор

    

    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech