“Илтимос мени “Темир дафтар”дан чиқаринг

    Вилоят бўйича ҳар бир хонадоннинг яшаш шароити ўрганилиб 52 минг 249 та оила эҳтиёжманд сифатида “темир дафтар”га киритилган эди.

    “Темир дафтар”га киритилган оилаларни иш билан таъминлаш, уларга моддий ёрдам бериш чораларини кўришдан ташқари, бу оилалар учун бошқа даромад манбалари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.

    Вилоят бўйича ҳар бир хонадоннинг яшаш шароити ўрганилиб 52 минг 249 та оила эҳтиёжманд сифатида “темир дафтар”га киритилган эди.

    Кўрилган чора-тадбирлар натижасида биринчи босқичда 41 минг 832 та эҳтиёжманд оиланинг 44 минг 930 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари бандлиги таъминланди.

    2020 йил 1 сентябрь ҳолатига “темир дафтар”га киритилган оиладан 22 минг 891 таси иш билан таъминланиб Ҳалқ депутатлари туман кенгаши сессияларининг қарорига асосан “темир дафтар”дан чиқарилди. Қайта ўрганишлар жараёнида яна 16 минг 860 та оила янгиланган “темир дафтар”га киритилди.

    Ҳозирги кунда “темир дафтар”да 46 минг 218 нафар оила мавжуд. Шундан 46 минг 861 нафар ишсиз меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ишга жойлаштириш режаси ишлаб чиқилган.

    Жумладан, оилавий тадбиркорлик ва хунармандчилик йўналишида 3703 нафар, жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига 11542 нафар, ўзини-ўзи банд қилишга 18641 нафар, ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳисобига 2576 нафар ва 10399 нафари бошқа йўналишларда бандлиги таъминланади. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 44,8 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади.

    Қарши шаҳридаги “Қамчибек Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда “Темир дафтар”га киритилган 33 та оиладан 18 таси чиқарилди.

    – Камбағалликдан чиқариш учун оилаларга моддий ёрдам беришнинг ўзи камлик қилади, – дейди “Қамчибек Қўрғонча” МФЙ раиси Анвар Ҳакимов. – Бу борада аҳолини иш билан банд қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг ишга лайёқатли аъзоларини маҳалладаги тадбиркорлик субъектлари, тижорат дўконларига ишга киришига кўмаклашилди. Бундан ташқари 9 та эҳтиёжманд оилага субсидия ажратилиб, ихчам иссиқхона қуриб берилди.

    Роҳат Болтаеванинг икки фарзанди ҳали вояга етмаган, турмуш ўртоғи вафот этган. Ишлай деса болаларини ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ишламай деса, рўзғорига янаям оғир бўлади. Шу боис унга томорқасининг ўзидан даромад топиши учун имконият яратиб берилди.

    – Апрель ойида иссиқхона қуриб беришган эди, – дейди Р.Болтаева. – Иссихонага бодринг, памидор, булғор қалампири экиб яхшигина даромад кўрдим. Шу пайтгача маҳалладаги хотин-қизларга кўйлак тикиб бериб, тушган пулни рўзғоримга сарфлардим. Қарасам, тикувчиликдан яхшигина даромад топса бўларкан. Давлатга боқиманда бўлишни ўзимга эп кўрмай, етти фоизли имтиёзли кредит олиб, учта тикув машинаси харид қилдим. Маҳалламиздаги ўзимга ўхшаган уч нафар хотин-қизни ҳам бу ишга жалб қилиб, ҳунар ўргатдим. Ҳозирда болалар ва аёллар учун кийим-кечак тикиб даромад қилаяпман. Ана шу даромад ҳисобидан уйимни таъмирдан чиқардим, яна қўшимча уй солаяпман.

    “Ҳарамжўй” маҳалласида яшовчи “темир дафтар”да руйхатда турувчи Нигора Тоҳирова 30 миллион сўмлик имтиёзли банк кредити эвазига бугун ўзи каби саккиз нафар хотин-қизни иш билан таъминлади.

    – Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган барча моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келаяпман, – дейди Н.Тоҳирова. – 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Пандемия шароитида кўрсатилган ёрдам туфайли оиламиз қийналгани йўқ. Бунинг учун минаддормиз. Халқимизда “Қўлдан берганга қуш туймайди” деган ҳикматли мақол бор. Шунинг учун ҳам давлатимиз берадиган ёрдамга қараб ўтирмасдан, банкдан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб саккизта тикув машинаси харид қилдим. Маҳалла “темир дафтар”га киритилган оилалардаги аёлларни иш билан таъминлаш шарти билан жой қилиб берди. Ҳозирда саккиз нафар аёл билан футболка, кўрпа-тўшак жилдлари, иш кийимлари тикаяпмиз. Даромадимиз яхши. Мени “Темир дафтар”дан чиқаришларини сўраб ариза берганман. Чунки, моддий ёрдамга муҳтож, мендан ночорроқ оилалар бор.