Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 2019 йилдаги 1,9 миллион доллардан 2023 йилда 13,8 миллион долларгача, 7 баравар ошди.
Шу давр мобайнида Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти 1,5 миллион доллардан 10,2 миллион долларгача 6,8 баравар ошди. Мўғулистондан импорт ҳажми эса 519,04 минг доллардан 3,61 миллион долларгача, 6,9 баравар ошди.
Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти таркибида озиқ – овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар устунлик қилади – $3,26 млн (экспорт ҳажмининг 23%), машина ва транспорт ускуналари – $5,9 млн (43%) ва турли тайёр маҳсулотлар - $0,24 млн (1,7%), хизматлар - $0,59 млн (4,2%).
Ўзбекистоннинг Мўғулистондан импорт таркиби озиқ - овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар-3,5 миллион доллар (97%), ҳайвонлар ва ўсимлик мойлари - 40,4 минг доллар (2,1%), саноат маҳсулотлари – 35,01 минг доллар (0,97%) ва кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар –13,01 минг доллар (0,97%).
Сўнгги беш йил ичида (2019-2023 йиллар) Мўғулистон ялпи ички маҳсулоти ўртача 4,1 фоизга, (Ўзбекистонда 5 фоизга) ўсди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими