Инновацион ижодкорлик

    Таълим ўрганиш ва тажриба алмашиш орқали билим, кўникма ва қадриятларни эгаллаш, интеллектуал, ижтимоий, ҳиссий ва жисмоний ривожланишни таъминлаш жараёнидир. У шахсни муваффақиятга, жамиятга ҳисса қўшишга ва касбий юксалишларга тайёрлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Илгари дастлабки эътибор ўқувчининг умумий саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларига қаратилган бўлса, бугунги таълим янада хилма-хиллашиб, кенг кўламли амалиётни, жумладан, танқидий фикрлаш, ижодкорлик, мулоқот ва ҳамкорлик, инклюзив таълимни ривожлантиришга урғу берилгани билан аҳамиятли.

    Узоқ йиллар давомида таълим тизимида ўқитиладиган фанлар ва ўргатиш усуллари анъанавий бўлиб, ресурслар чекланган эди. Бугун эса таълимнинг барча шакллари ва турларида интерфаол ҳамда амалий ёндашувларга таянилмоқда. Бунда экспериментал ўрганиш ва лойиҳага асосланган фаолиятга эътибор юқори. Таълим тизимида инновация ва ижодкорлик, танқидий-таҳлилий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини тарбиялаш олд планга чиқди. Бу орқали ёшларга фуқаролик масъулияти ва туйғусини сингдириш, бугун ва келажак авлодлар фаровонлигига ҳисса қўшувчи тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятини шакллантиришга эришиш мумкин. Боиси, ахборот тизими шиддат билан ривожланаётган, ёшлар маънавияти ва камолотига салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб ғайриинсоний ғоялар ва мафкуралар атрофимизни ўраб олган бир даврда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

    Жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнида мамлакат ва халқ тақдири, инсон манфаати илм-фан, таълим-тарбия самарадорлигига боғлиқ бўлиб бормоқда. Шу боис, таълимнинг барча бўғинларида унинг мазмунини такомиллаштириш, сифатини яхшилаш асосий вазифа бўлиб қолаётир. Жумладан, олий таълим тизими зиммасига жаҳон стандартларига жавоб берадиган, замонавий билим ва юксак ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган малакали кадрларни тайёрлашни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш вазифаси юкланган.

    Мамлакатимизда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони кескин ошди. Ўқитишнинг турли шакллари йўлга қўйилди. Бу эса ўз-ўзидан улар ўртасида адолатли рақобат шаклланишига таъсир этмоқда.

    Бу борада Бухоро давлат педагогика институтида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса, истиқболли педагоглар ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий таълим даргоҳларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш кабиларга алоҳида ёндашилмоқда.

    2023 йил давомида халқаро ҳамкорлик доирасида 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчимиз Туркия, Германия, Финляндия, Россиянинг энг нуфузли 1000 та ОТМ қаторида турувчи Hacettepe, Лайбнит институти, Нордик университети, Кералиа амалий фанлар университети, Қозон федерал университетларида стажировка ўтаб, малака ошириб келди. М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Истанбул университетидан хорижий профессор-ўқитувчилар маърузалар ўқиш учун жалб қилинди.

    Институт фаолият бошлаганига эндигина уч йил бўлганига қарамай, илмий соҳада сезиларли ютуқларга эришилди. 2023 йил мобайнида 4 та фан доктори (DSc), 23 та фалсафа доктори (PhD) ҳимояси амалга оширилди. Ҳозирги кунда институтнинг илмий салоҳияти 31,7 фоизни ташкил қилаётган бўлса, бу кўрсаткични йил охирига қадар 35 фоизгача кўтариш режаси ишлаб чиқилган.

    Таълимга “кеча ва бугун” мисолида қарасак, бугунги таълим ўсиб келаётган ёш авлодни зарур кўникма ва малакалар билан қуроллантириш орқали уларнинг ўзгарувчан дунёда муваффақиятли қадам ташлаши учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини кўрамиз.

    Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимида сифат ва адолатга, инновация ва ижодкорликка эътибор қаратилиши, малакали мутахассисларнинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини таъминлаш бугунги ва эртанги кун муваффақияти гаровидир.

    Баҳодир МАЪМУРОВ,
    педагогика фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 72-сонида (2024 йил 16 апрель) сонида чоп этилган.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates