Мехатроника, биотехнология, робототехника, дастурлаш... Дунёда кун сайин эҳтиёж ортиб бораётган ва ҳаётимиздаги аксарият ихтироларга йўл очаётган мазкур замонавий йўналишлар юртимизда жадал ривожланаётган соҳалардан бирига айланди. Бир неча йил олдин биз учун янги бўлган бу тушунчалар бугун турмушимизнинг ҳар жабҳасига кириб бормоқда.
Республикамиз бўйлаб ташкил этилаётган “бизнес инкубатор”, аккселератор ва коворкинг ўқув курслари, IT марказлари шу соҳага қизиққан, ғоясини амалиётга тадбиқ этиш истагидаги минглаб ёшларга имкониятлар эшигини очмоқда. Орамизда инноватор, дастурчи ёшлар, ихтирочи йигит-қизлар сафи кенгаймоқда. Улар яратган замонавий қурилма, лойиҳалар эса ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, нафақат юртимиз, балки хориж бозорларидан жой олмоқда. Бир сўз билан айтганда, инновация бизнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келди.
Пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасининг қоқ марказида қад ростлаган Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки ана шундай инновацион, замонавий иншоотлардан бири. Куни кеча очилиш маросими ўтказилган технопарк эшиклари эндиликда, робототехника, энергетика, электротехника ва биотехнология каби йўналишларга қизиқувчи, ўз ғоясига эга иқтидорли ёшлар, шу соҳалардан бирида таълим олаётган талабалар ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун доимо очиқ.
Талабалар шаҳарчаси гўё алоҳида инновацион ҳудуд. Бу ер ҳамиша ёшлар билан гавжум. Аксарияти ён-атрофдаги олий ўқув юртларида техника йўналишида таҳсил олади. Улар замонавий қурилма, гаджетларни яхши тушуниш баробарида, ўзлари ҳам инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш имкониятига эга илғор йигит-қизлар.
Шаҳарчанинг қоқ “юраги”да бунёд этилган муҳташам бино — Инно технопарк энди уларнинг ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Боиси, бу ерга шу йўналишдаги олий ўқув юртлари талабаларини кўпроқ жалб этиб, амалий сабоқларини бино ичида ўтиш, назарий билимларини амалиёт билан уйғун олиб бориш, ўқув дастурларини илғор технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсад қилинган. Улар бу ерда йирик заводлардаги каби энг илғор техникаларни кўриб, мутахассислар кўмагида ишлатиб ҳам кўради. Чизмалардан тайёр маҳсулот ясашгача бўлган жараён билан амалда танишади.
— Бунинг учун технопаркда барча шароитлар мавжуд, аниқроғи, ушбу маскан айнан шу тизим — таълим, фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга мосланган, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар миллий офиси бош директори Олимжон Тўйчиев. — Бино 3 қаватдан иборат бўлиб, биотехнологик лаборатория, ишлаб чиқариш хонаси, тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиш лабораторияси, 20 га яқин офислар, робототехника, стандартлаштириш, 8 та коворкинг, 3 та тренинг ва ўқув хоналари, кутубхона, ошхона ва бошқа хоналардан иборат. Биологик тажрибалар учун иссиқхона ҳам барпо этилган. Аммо бу иншоот шунчаки амалиёт ўтайдиган кичкинагина участка ёки завод эмас. Унда иқтидорли ёшлар, талабалар ўзларининг ғоялари, стартап лойиҳаларининг прототипларини яратиб, бозорга чиқадиган тайёр маҳсулотга айлантиришлари мумкин. Бунинг учун технопаркда ҳатто, банк, давлат хизматлари маркази, интеллектуал мулк агентлиги филиаллари жойлаштирилган. Ана шу давлат идоралари хизматлари ёрдамида бинодан ташқарига чиқмасдан туриб, янги корхоналар ташкил этиш мумкин.
Туркия тажрибаси
Технопарк тўлиқ инновацион ечимлар асосида бунёд этилган. Асосий биноси монолитдан қурилган. Барча метал каркасларига ёнғиндан ҳимоя қилувчи бўёқлар билан ишлов берилган. Деворларида иситиш ва гидроизоляция ишлари бажарилган. Ташқи ва ички қисми энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланган. Том қисмида эса 40 киловатгача энергия тежовчи қуёш панеллари мавжуд.
Технопарк биносининг ташқи маҳобати бир томон бўлса, ички замонавий кўриниши, инновацион йўналишдаги дизайни янада ҳайратланарли. Hi-tech услубига хос замонавийлик бир вақтнинг ўзида оддийлик ва ҳашамат, ранглар уйғунлигини мужассам этган. Кираверишданоқ махсус дастур ёрдамида бошқариладиган эшик эътиборни тортади. Катта ва узун кириш йўлаги орқали эса 3 қаватли бинонинг бор маҳобатини кўриш мумкин. Ҳатто, қайси хонага киришни билмай, ақл шошиб қолади...
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида илк бор АҚШнинг Стенфорд университетида иш бошлаган технопарк фаолияти кейинчалик, дунёда кенг оммалаша бошлади. Бугун жаҳонда ишлаб чиқариш технопарклари кўпайиб бораётган бўлсада, аслида, илк тажрибадан кўриниб турибдики, бундай масканлар олий ўқув юртлари билан боғлиқ ҳолда иш олиб боради. Юртимизда бу йўналиш нисбатан янги бўлгани боис, Инно технопаркни ташкил этишда бошқарув компанияси сифатида 20 йиллик тажрибага эга Туркиянинг “Yildiz” технопарки жалб қилинди. 2019-2020 йилларда ушбу давлатнинг энг яхши технопарки, деб топилган мазкур корхона жаҳонда ҳам машҳур. Туркиядаги 67 та технопаркка қарашли 47 минг кишининг бешдан бири “Yildiz”нинг ходимлари. 2020 йилда корхонанинг умумий пул айланмаси қарийб 13 миллиард долларни ташкил этган. Экспортдан олинган фойда эса 4,6 миллиард долларга тенг бўлди.
Инно технопарк лойиҳасининг умумий қиймати 110 миллиард 318 миллион сўм бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Туркиялик ҳамкорлар эса ўз тажрибалари асосида лойиҳанинг амалий жиҳатларида кўмаклашмоқда. Шу кунларда юртимизга ҳамкор ташкилотдан яна 8 нафар мутахассис келиб, яқин йилларда технопарк тизимида бажариладиган ишлар бўйича ўз тавсияларини бериш билан бирга, ёшларга мотивацион тренинглар ўтади.
— Тошкентга келганимизга 3 ой бўлди. Инно технопаркка маслаҳатчи сифатида таклиф этилганмиз. Очиғи, қардошларимиз билан шундай йирик лойиҳада ҳамкорлик қилаётганимиздан жуда мамнунмиз, — дейди Туркиядаги Yildiz техника университети ректор маслаҳатиси, профессор Сердар Билги — Бунда энг аввало, тажрибаларимизни дўстларча ва ҳалоллик билан тадбиқ қилишни мақсад қилганмиз. Муайян вақт — 3 ёки 5 йилда мутахассисларимизни олиб келиб, маҳаллий кадрларни тайёрлашга кўмаклашмиз. Ҳозир ана шу модел устида ишлаб, лойиҳа тақдимотини ҳам қилдик.
Биласизми, Туркияда технопарклар ўз фаолиятини секин ва суст бошлаган. Ўзбекистон эса ўзи учун янги бўлган бу соҳада илк қадамларни жуда дадил ва чиройли тарзда ташлади. Ишонаманки, Туркия технопарклар амалиётида 20 йилда келган нуқтага Ўзбекистон қисқа вақтда етиб боради.
Ғоя ихтирога айланади
Ҳаёлимизда ўйлаб юрган лойиҳаларимиз баъзан реал ҳаётга мос келмаслиги ёки ишлаб чиқарувчи талабига жавоб бермаслиги мумкин. Шу боис, баъзан уни кимнингдир кўмагида такомиллиштириш, билимлар асосида аниқ тизимга солиш талаб этилади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Инно технопарк юртимизда иш бошлаган кўплаб ишлаб чиқариш технопаркларидан ана шу жиҳатлари билан фарқ қилади. Яъни, бу ерда ёшлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан олдин илмий амалиёт орқали назарий билимларини оширади. Кўнгиллилар учун ғоясининг тайёрлик даражаси, босқичига кўра, олти ойгача давом этадиган ўқув курслари ҳам таклиф этилади. Уларда малакали мутахассислар, таниқли тадбиркорлар томонидан лойиҳаларни тўғри тақдимот қилишдан тортиб, уни ривожлантириш, бизнес режа тайёрлаш ва бошқа кўплаб билимлар берилади. Бепул курсларга йигит-қизлар танлов асосида саралаб олинади.
Инно технопарк республикамиз бўйлаб ташкил этилаётган Ёшлар технопаркидан ҳам фарқ қилади. Тўғри, бир қарашда, ҳар иккиси ҳам ўхшаш принципда ишлайди, аммо Ёшлар технопарки нисбатан кичик — 1000-2000 квадрат метр майдонда қурилиш билан бирга, унга асосан ёш қатлам вакиллари жалб қилинади. Инно технопарк эса салкам 11 минг квадрат метр майдонда қад ростлаган. Бу ерда исталган ёшдаги киши синов талаблари асосида ўз лойиҳасини амалга ошириши ёки онлайн регистрация орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиши мумкин.
— Бизнинг мақсадимиз ўз ғояси билан кириб келган иқтидорли ёшларга амалий кўмак бериб, лойиҳани тайёр маҳсулотга айлантириш ва бозорга чиқаришгача бўлган жараёнда кўмаклашишдан иборат, — дейди Тошкент давлат техника университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Неъматов Шерзод. — Бунинг учун аввал уларни ўқитиб, зарур билимлар берилади. Ҳатто, техника соҳасига қизиқувчи ёшларда ғоя пайдо бўлиши учун ҳам технопаркдаги курсларга жалб қиламиз. Улар топшириқлардан ўтиб, тестларни топширганидан кейингина у ердаги мавжуд замонавий техникалардан фойдаланиши мумкин бўлади. Боиси, техника-технологиялар Япония, Германия, Россия, Туркия, Хитой давлатларидан олиб келинган бўлиб, фойдаланишдан олдин ўрганишни талаб этади. Бу техника хавфсизлиги жиҳатидан ҳам муҳим.
Бундан ташқари, технопарк биносида йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ваколатхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган. Ёшлар йирик тадбиркорлар билан ёнма-ён ишлаш асносида, ўз маҳсулотларига катта буюртмалар олиш имкониятини ҳам қўлга киритиши мумкин.
“Ақлли” сув ва камера
Қулайликлардан яна бири, инновацион технопаркда талабаларнинг амалиёт ўташи бепул, резидентлар учун эса солиқ имтиёзлари жорий этилган. Резидентларни қабул қилишда технопарк ташкилий тузилмасининг Маслаҳат кенгаши комиссия сифатида фаолият юритади ва талабгорларни ўрганиб чиқади. Жараёнга жалб этиладиган олий таълим муассалари, илмий тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассислари бир қанча мезонлар бўйича ўз хулосаларини бергач, шу асосида резидентлар қабул қилинади.
Технопаркнинг очилиш маросимида илк резидентлар ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Тошкент давлат техника университети 4-босқич талабаси Дилшод Ҳасановнинг “Smart Water”, яъни “Ақлли сув” деб номланган лойиҳаси тақдимоти кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Иштирокчи томонидан ясалган кичкина қурилма сув ҳавзаларида сув сатҳини ўлчаб, унинг камайиши ёки кўпайиши, бу борада кўриш зарур бўлган чоралар тўғрисидаги маълумотларни республикадаги ягона серверга етказиб туради. Айни пайтда юртимиздаги бир қанча сув ҳавзаларига 450 та шундай датчиклар ўрнатилган. Ихтирочи буни завод механизмида ясамаганига қарамай, қурилма самарали ишламоқда. Эндиликда, Дилшод технопаркда резидент сифатида фаолиятини йўлга қўиб, йилига мингтагача ана шундай махсус қурилмаларни ишлаб чиқармоқчи.
Халқаро Вестминистр университети битирувчиси Шаҳзод Умурзоқов ва унинг жамоаси эса сунъий интеллектга асосланган ақлли камерани намойиш этди. У одатий камералардан бир қанча мураккаб функцияларни мустақил бажара олиши билан фарқ қилади. Масалан, одатдаги кузатув камераларидан маълумотни олиш учун серверга уланиб, сўнг қайдларни қайта ишлашга тўғри келса, ақлли камера бу таҳлилларни махсус механизм асосида ўзи амалга оширади ва фойдаланувчига керакли маълумотларни жўнатади.
Айни айтда республикамиз бўйлаб 3 мингта ана шундай камералар ўрнатилиб, 32 та компания билан ишлар ташкиллаштирилган. Асосан, савдо дўконлари, таълим тизимига жорий этилмоқда. Боиси, ақлли камералар одам гавжум савдо дўконларида маркетинг учун зарур маълумотларни таҳлил қилиб, етказиб берса, таълим жараёнларида ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш кўрсаткичларидан тортиб, дарс вақтида қай ҳолатда ўтирганигача аниқлаб беради. Бу орқали ўқитувчининг дарс ўтиш сифатини ҳам баҳолайди.
Инно технопарк декабрь ойидан юзлаб ана шундай иқтидорли, изланувчан ёшларни қабул қила бошлайди. Ушбу маскан инновацион ғояларини амалга ошириш истагидаги йигит-қизлар учун “ғоялар генератори” вазифасини ўтайди. Интилувчан йигит-қизлар бу ерда билимларини такомиллаштириш билан бирга, даромад ҳам топади.
Ёшларда янада имконият яратиш мақсадида технопарк бошқарув кенгаши ҳар ойнниг бир кунини “Demo day”, яъни тақдимотлар куни сифатида белгилашни мақсад қилган. Унга ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, давлат ташкилотлари вакиллари, банклар ва инвесторлар таклиф қилиниб, резидентларнинг истиқболли лойиҳалари тақдим қилинади. Ишлаб чиқаришга лойиқ топилган лойиҳалар инвесторлар томонидан шу ернинг ўзида қўшимча молиялаштирилади.
Демак, энди “яхши ғоям бор”, дея эшикма-эшик юриб, инвестор излаш ортда қолди. Юртимиздаги иқтидор эгалари, лойиҳалар муаллифлари Инно технопарк сингари замонавий масканларда қулай ва шинам муҳитда ўз ғояларини тақдим қиладилар.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири