Инновация – технология трансфери

    Фикр 26 сентябр 2024 582

    “Инновация” сўзи муомалага янги бир атама сифатида кириб келди. Бизнинг назаримизда ғарбда мавжуд инновацияни ўзлаштириш ҳам инновация тарзида талқин этила бошлади. Лекин, бу – технология трансфери сифатида тил луғатимизни бойитди.

    Кўп ўтмай – Янги Ўзбекистон ислоҳотлари аввалида ривожлана бошлаган замонавий технологиялар ва билимлар сабаб бугун “инновация” асосий сўзлардан бирига айланди. Янги технологияларни жорий этиш йўлида сўнгги йилларда Президентимизнинг инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлари қабул қилинганлиги “Навоий конметаллургия комбинати” акциядорлик жамияти учун ҳам жуда катта аҳамият касб этди.

    2018 йилда комбинат тасарруфида ташкил этилган Янги технологияларни жорий этиш инновацион маркази қисқа давр мобайнида яхши натижаларга эришмоқда. Бугунги кунда корхонада 8 нафар фан доктори ва 18 нафар фан номзоди фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги ўн йилда юксак илмий салоҳиятга эга комбинат мутахассислари томонидан яратилган 37 та ихтиро патент билан ҳимояланди. Жумладан, 34 таси Ўзбекистон Республикаси, иккитаси Швейцария ва Германиядаги Патент кооперация тўғрисидаги шартнома бўйича халқаро патент, яна бири Россиянинг Intelлектуал мулк федерал хизмати талабномасига мувофиқ бажарилди.

    Комбинат мутахассислари 2017 йилда кончилик саноати тарихида илк бор “Олтинмишякли, ишланиши қийин бўлган сулфидли рудалардан олтин ажратиш усули” мавзусидаги ихтироси учун БМТ ҳузуридаги Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг “Олтин медали” билан тақдирланди.

    Президентимизнинг 2022 йилнинг 12 декабрида имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг бир қатор олим ва мутахассислари “Технологик ва ишланиши мураккаб бўлган олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ўзлаштиришнинг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” бўйича илмий-амалий ишланмаси учун фан ва техника соҳасидаги биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирлангани тарихий воқелик бўлди.

    Илмий ишланмалар ва рационализаторлик таклифлар сони ортмоқда

    Комбинатимиз илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига инвестициялар ҳажми, шунингдек, фаолиятга киритилган истиқболли ишланмалар ва рационализаторлик таклифлари сони бўйича республикада етакчи ҳисобланади. Бизда илмий ва илмий-техникавий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича катта тажриба тўпланган.

    Бугунги кунда жамият ривожланишнинг янги моделини изламоқда. Бу ниҳоятда мураккаб жараён. Рационализаторлик фаолияти тажрибаси, унинг ички иқтисодиёт доирасидаги ўрни ва аҳамияти мамлакат иқтисодий ҳаётида давом этаётган ўзгаришлар қанчалик қийин эканлигини яхшироқ тушунишга имкон беради.

    Рационализация бу — “корхона ва ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, унинг самарадорлигини оширишга қаратилган янги техник ечимлар” ҳисобланади. Рационализаторлик таклифлари – мазмуни ва миқёси жиҳатидан хилма-хил бўлиб, ходимларнинг индивидуал хусусиятлари, уларнинг лавозими ёки касбий ихтисослигидан қатъий назар, таълим даражасидан келиб чиққан ҳолда ишчи кучининг ташаббускор меҳнат инновацияларига мойиллигини ифодалайди.

    Комбинатда “Рационализаторлик фаолияти тўғрисида” Низом ишлаб чиқилган бўлиб, жойларда ташкил этилган рационализаторлар ва ихтирочилар клублари Низом асосида иш олиб боради.

    “НКМК” АЖ бўлинмаларида ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими, ёшларнинг техник ижодиётини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар йили 8 та йўналиш бўйича “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови ўтказиб келинади. 2018-2023 йилларда комбинат мутахассисларининг 1 047 та рационализаторлик таклифлари юзасидан ижобий қарор қабул қилиниб, ишлаб чиқаришга жорий этилган. Амалиётга татбиқ этилган рационализаторлик таклифларидан 538,4 миллиард сўм иқтисодий самара олинган. Биргина 2023 йилдаги 243 та рационализаторлик таклифидан шу йилнинг ўзида 463 миллиард сўм иқтисодий самарадорликка эришиш кутилмоқда.

    Аниқ мисолларга таянадиган бўлсак, Марказий кон бошқармасидан тақдим этилган “Маъданни ювиш майдончасининг юқори қатламларида ҳимоя қатламини жойлаштириш” мавзусидаги таклифдан эришилган иқтисодий самарадорлик 15,7 миллиард сўмни, 1-гидрометаллургия заводидан тақдим этилган “Қорақўтон” конининг ишланиши қийин бўлган маъданларини қайта ишлаш технологик схемасини такомиллаштириш” мавзусидаги рационализаторлик таклифидан олинган иқтисодий самарадорлик 8,7 миллиард сўмни ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди.

    Очиқлик ва конструктив ҳамкорлик самараси

    Инновацион марказда янги технологияларни жорий этиш бўйича “Рационализаторлик фаолияти портали” рукни остида ягона маълумотлар базаси яратилди. Комбинатнинг ҳар бир ишчи-ходими хоҳлаган пайтда барча рационализаторлик таклифлар, рационализаторлик фаолиятига оид меъёрий ҳужжатлар, “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови натижалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имкониятига эга. Бундан ташқари Марказимизда ҳар чоракда нашр этиб борилаётган “Ўзбекистон кончилик хабарномаси” илмий-техника журналида кон-металлургия йўналишидаги илмий мақолалар ва янгиликлар кенг ёритиб борилади.

    Марказда ҳар йили ишлаб чиқаришда ечилиши керак бўлган муаммолар “НКМКни Инновацион ривожлантириш дастури”га киритиб борилади. Мамлакатимиздаги қатор нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар илмий-текшириш институти, “ЎзГEОРАНГМEТЛИТИ” корхонаси ва Россиянинг қатор олий таълим, илмий-текшириш институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, дастурга киритилган муаммолар ўз ечимини топиб келмоқда.

    Инновацион марказ таркибидаги “Техник кутубхона” комбинат ишчи-ходимларининг техник адабиётларга ва билимларга бўлган талабини қондириб келади. Соҳага оид барча китоб ва журналларнинг электрон шакли электрон кутубхонада жойлаштирилган бўлиб, ишчи-ходимларга иш жойларида туриб керакли бўлган адабиётлардан фойдаланиш, билим даражаларини бойитиб бориш имконияти яратилган.

    Инноваторлар жамиятнинг ижтимоий фаол бўғини сифатида иқтисодий жараёнларнинг динамикасини белгилайди. Комбинат раҳбариятининг уларни янгиликлар яратиш йўлида доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани эса кон-металлургия соҳасининг йил сайин ривожланиб боришига салмоқли ҳисса бўлиб қўшиляпти.


    Улуғбек ШАРАФУТДИНОВ,

    “НКМК” АЖ Янги технологияларни жорий этиш

    Инновацион маркази бошлиғи, профессор.


    Реклама

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates