Аслиддин билан инновацион ғояси ҳақида гаплашаётиб кўпчиликка яхши таниш бўлган «Гумбаз остидагилар» деган фантастик фильм хаёлимга келди. Сўнг машҳур рубоийдаги «Феруза гумбазли осмон остида» деган сатрни хотирладим.
Ёш меъморнинг ўзи эса яқин ўтмишда куз ва қишда қишлоқларимиздаги хонадонлар марказига узун ёғоч устун тиклаб, ҳашар йўли билан ўтов шаклида қуриладиган чодир-тўйхоналарни эслатди...
Ҳа, Аслиддиннинг ғояси кимларгадир хомхаёл, чўпчак ёхуд фантастика бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ унинг ўз қарашларини илмий жиҳатдан асослашга астойдил интилаётганини кўриб, беихтиёр кечагина ҳаммамизга эртак бўлиб туюлган, бугун реалликка йўғрилаётган ўнлаб афсоналар ҳақида ўйлаб қолдим.
— Инсон доим катта орзу-мақсадлар билан яшаши керак, — дейди Аслиддин бамайлихотир. — Орзулар эса амалга ошиш хусусиятига эга. Навоий бобомиз достонларида робот, телевизор, интернет, эскалатор, ҳатто «пўлат қуш» — самолёт ҳам тасвирланган экан. Осма боғлар бундан неча асрлар аввал қадимий Бобилда яратилган.
Испан элчиси Клавихо Соҳибқирон бобомизнинг Кешдаги саройларини ҳайрат билан қандай тасвирлагани ҳақида ўқигандирсиз? Бу кошоналар тарҳини Англия ё Франциядан келган меъморлар эмас, ўзимизнинг боболаримиз чизган.
— Лекин бутун шаҳарни гумбаз билан қоплашни тасаввурга сиғдириш қийинда, — дейман йигитнинг чизмаларига боқиб. — Озмунча маблағ кетадими?!
— Саҳронинг ўртасида дунё сайёҳлари интиладиган Дубай сингари ажойиб шаҳар қурилганку, — дейди суҳбатдошим. — Айтайлик, келажакда Мўйноқда шундай экошаҳар қурилса, Оролбўйига ҳам сайёҳлар оқиб келади. Биргина туризмни ривожлантириш эвазига сарфланган харажатни бир неча йилда қоплаш мумкин.
Хаёлот оламига эрк берганича ажабтовур фикрларини дадил ҳимоя қилаётган ёш меъмор Аслиддин Норқобилов Қашқадарёнинг Қарши туманидан. Оддий қишлоқ йигити. Бу йил 24 баҳорни қаршилаяпти. Университетни тамомлаб, яқинда Қарши шаҳридаги қурилиш фирмаларидан бирида архитектор сифатида иш бошлади. Хотирлашича, болалигидан тасвирий ва амалий санъатга меҳр қўйган. Отаси — журналист, онаси — ўқитувчи эмасми, ундаги иқтидорни вақтида пайқаб, қўллаб-қувватлади. Эринмасдан уни тасвирий санъат кўргазмаларига, музей ва театрга, тарихий бинолар саёҳатига, турли танловларга етаклаб борди.
— Мактабни битириб, чизмачилик курсларига қатнадим, — дейди Аслиддин. — Устозим ҳар бир шогирди билан индивидуал ишларди. Сўнг Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти (ҳозир университет)нинг архитектура йўналишида таҳсил олдим. Қўшимча «АутоCад», «Ревит», «3Д Мах» сингари замонавий архитектура дастурлари курсларида ўқидим. Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари тез-тез олийгоҳимизга келиб, талабалар лойиҳалари тақдимоти билан танишарди. Эсимда, бир гал юқори курсдаги талаба ишлаб чиққан бекат лойиҳаси қабул қилинган эди. Ўшанда касбимга иштиёқим янада кучайди. Биз, ёшларга ишониб, катта ишлар топширилишини кўриб, ўз устимда кўпроқ ишлашим, ҳаракат қилишим зарурлигини англаб етдим.
Ҳаммаси иссиқхона ва сардобадан бошланган
Аслиддин 2023 йили икки курсдоши билан бирга ОТМ талабалари учун эълон қилинган «Ректор танлови»да иштирок этди. Ўшанда уларга омад кулиб боқди. Танловнинг «Ақлли шаҳар» ва инновацион ғоялар концепцияси» йўналишида ғолиб бўлиб, Туркия олий таълим муассасаларида бир ой тажриба алмашиш учун йўлланмани қўлга киритишди.
— Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани учун гумбаз остида экологик тоза, мусаффо иқлимли «ақлли шаҳар» лойиҳасини танловга тақдим қилгандик, — дейди суҳбатдошим бу хусусда эсларкан.
— Бу ғоя хаёлингизга қаердан келиб қолди ўзи? — деб сўрайман ундан.
— Болалигимда томорқамизда қурилган иссиқхонанинг шаффоф гумбази остида помидор, бодринг етиштирганмиз. Қолаверса, Қаршидаги Одина масжиди ёнида кўрганим — сардоба иншооти ҳам мени мана шу ғояга илҳомлантирди. Шу боис, чўл ҳудудида қурилиши тавсия этилаётган шаҳримизни «Сардоба ситй» деб атадик. Ўйлаган ғоям асосидаги лойиҳани ишлаб чиқишга икки курсдошимни ҳам таклиф қилдим.
Мўйноқда, ҳатто Марсда ҳам қуриш мумкин
Ёш меъморнинг таъкидлашича, шаҳарсозликдаги «Goard city — боғ назарияси»га асосланган лойиҳада ёруғлик ўтказувчан махсус материалдан қуриладиган гумбазни марказдаги 750 метр баландликдаги улкан устун (аслида, у ҳам устун шаклидаги кўп қаватли бино) кўтариб туради. Унда шаҳар маъмурий маркази, меҳмонхоналар, осма боғли ресторанлар жойлаштирилади. Устун атрофидаги бир километр радиусда ҳалқа шаклида таълим, тиббиёт, маданият муассасалари, турар жойлар ва бошқа иншоотлар қурилади.
— Бизнинг лойиҳа яшилликнинг йўқолишига эмас, аксинча, кўпайишига сабаб бўлади, — дейди Аслиддин. — Ҳалқалар орасида яшил майдонлар, боғлар, кўллар бунёд этилади. Гумбаз атрофида у билан махсус туннеллар орқали туташтирилган бир неча кичик ҳажмли гумбазлар остида шаҳарни энергия билан таъминлаш учун қуёш ва шамол электр станцияси, қозонхона, саноат корхоналари тугунлари, қўриқхона, қишлоқ хўжалиги тармоқлари жойлаштирилади.
Шаҳар бўйлаб жамоат транспорти сифатида фақат осма йўлда юрадиган электр поезд ва электромобиллардан фойдаланилади. Айтганча, сардобани ҳам унутмадик. Улкан сардоба шаклидаги гумбаз қобиғига тушадиган қор ва ёмғир сувини қувурлар орқали махсус ҳавзаларда йиғиб, тозалаш иншоотларидан ўтказиб, истеъмолга етказиб бериш кўзда тутилган.
Гумбаз асалари уяси шаклидаги олти бурчакли, махсус конструкцияли шиша мембрана катаклар тўпламидан иборат бўлади. Ҳар бир олтибурчак катак махсус технология орқали очилиб ёпилади. Иссиқ-совуққа чидамли шиша мембрана қобиқ ультрабинафша нурни ўтказмайди, сунъий озон қатламини ҳосил қилади. Гумбаз орқали ҳаво ҳам фильтрлаб ўтказилади. Қолаверса, гумбазда махсус сейсмик ва об-ҳавони кузатиш ҳамда мудофаа мақсадларидаги қўшимча ускуналар ҳам ўрнатиш мумкин.
Юқорида томорқамиздаги иссиқхонани бежиз эсламадим. Шаҳар ичидаги об-ҳаво, босим, намлик, ҳарорат ҳам худди «парник»дагидай бошқарилади. Бошқача айтганда, гумбаз остида йилнинг исталган фасли иқлимини ҳосил қилиш мумкин. Лойиҳа орқали чанг-тўзонли чўл ҳудудида ўртача 20 минггача одам учун қулай, тоза ҳаво, тоза сувга эга смарт шаҳар қуриш имкони бор.
Энди сал илмий тилда тушунтирсам. Бир қатор хусусиятлари шаҳарнинг «ақлли»лигини таъминлайди. Технологияга асосланган инфратузилма, экологик ечимлар, самарали ва юқори функционал жамоат транспорти, хавфсиз ва илғор шаҳар режалари ва ҳоказолар шулар жумласидан. Хомхаёл деб ўйласангиз ҳам айтаман: бу лойиҳани келгусида ҳатто Марсда ҳам амалга ошириш мумкин...
Аслиддин айнан шу лойиҳаси сабаб ўтган йил Истанбулдаги Йилдиз техника университетида ҳамкор дўстлари билан бир ой маҳоратини ошириб, махсус сертификат билан қайтди. Таъкидлашича, бу шаҳарда дунёга машҳур бир қанча тарихий бинони томоша қилиб, қурилиш майдонларида амалиётда бўлган. Осиё ва Европа, Шарқ ва Ғарб меъморчилиги уйғунлигини ўрганишга ҳаракат қилган.
Ёш меъмор келгусида мана шу уйғунлик ва замонавий ечимлар асосида «Сардоба ситй» лойиҳасини янада такомиллаштириш, бу йўналишда илмий фаолият билан шуғулланиш ниятида. Бунинг учун, аввало, хорижий тилни ўрганди. Магистратура таҳсилини Туркияда давом эттириш ҳаракатида. Катта мақсадлар сари интилаётган Аслиддиннинг мана шу орзуларга эришишига тилакдошмиз.
Акбар РАҲМОНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири