Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг ҳисоботи дастлабки тарзда муҳокама қилинди

    Мамлакатимизда 1 март 2022 1755

    Жорий йил 1 мартда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) ҳисоботи муҳокама этилди.

    Таъкидланганидек, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан 9 та асосий соҳа бўйича ишлар амалга оширилган.

    Хусусан, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонунчиликни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинглар олиб бориш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш, минтақавий вакиллари фаолияти, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, Омбудсманнинг идоралараро органлардаги фаолияти ҳамда фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш соҳаларида қатор ишлар амалга оширилган.

    Шу билан бирга, сенаторлар томонидан омбудсманга келиб тушган ижтимоий, иқтисодий ва экологик ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлсада, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда сиёсий ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатлар сони ошганлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, мурожаатлар тўлиқ, холисона кўриб чиқилмаганлиги ҳамда мурожаат муаллифларига жавоб хатлари ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 4 655 тасини ёки 25 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 2 бараварга кўпайганлиги танқид қилинди.

    Омбудсманнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришларга эришилган бўлсада, ҳисобот даврида келиб тушган 208 та аноним мурожаатда кўтарилган масалаларни Вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

    2021 йилда Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилган жами 94 та таъсир чорасидан (хулоса, тақдимнома ва даъво ариза) 58 таси (61 фоизи) қаноатлантирилган.

    Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга асосли таъсир чоралар киритиш топшириқлари берилди.

    Мазкур масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates