Инсон капиталига эътибор — асосий вазифа

    Инсон ва унинг қобилиятлари, билим, малакаси ҳар қандай жамият фаровонлиги ва давлат иқтисодий тараққиётининг асосий омилига айланган бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам инсон капитали, шубҳасиз, ижтимоий иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида намоён бўлмоқда. Чунки инсон капиталини ривожлантириш — инновацион иқтисодиёт, билимлар иқтисодиёти, инвестициялар, глобал ахборот тизимлари, энг янги технологиялар ва бизнеснинг янги шаклларини ривожлантиришнинг зарур шарти саналади.

    Инсон капитали (инг. human capital) — бу инсон ва умуман жамиятнинг турли эҳтиёжларини қондириш учун ишлатиладиган билимлар, кўникмалар тўплами. Инсон потенциалини ташкил этувчи турли хусусиятлар ичида, инсон капитали айнан даромадларнинг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи хусусиятларни ифодалайди, шу жиҳатдан инсон капитали ишчининг махсус таълим, касб-ҳунарга тайёрлаш ва ишлаб чиқариш тажрибаси асосида тўпланган билимлари, уларни амалда қўллаши ва маҳоратини ўз ичига олади.

    Дунё тажрибаси ва амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, айнан инсон капиталига инвестиция йўналтиришни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакатлар юксак тараққиётга эришмоқда. Чунончи, ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади.

    Мамлакат

    Таълимнинг тўлиқ циклига сарфланган сармоя (доллар)

    Бир ходим яратадиган қўшимча қийматнинг миқдори (доллар)

    АҚШ

    231 000

    3,1 млн.

    Жанубий Корея

    130 000

    2,1 млн.

    Ўзбекистон

    19 000

    77 минг

    Агар юқоридаги маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, АҚШ ва Жанубий Кореяда бир ишчи кучини шакллантиришга кетган харажат ўзини 13-17 карра оқлагани ҳолда, Ўзбекистонда сарфланган сармоянинг жамиятга келтирадиган фойдаси атиги 4 баробарни ташкил этади.

    2018-йилда Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган “Инсон капитали индекси-2018” рейтингида Сингапур (0,88 коэффицент), Япония (0,84), Корея (0,84), Гонгконг (0,82) ва Финляндия (0,81) пешқадамлик қилган. Ушбу давлатларнинг интеллектуал салоҳияти ҳам жуда юқори.

    Агар хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган мамлакатларнинг 2019 йилги рейтингига қарайдиган бўлсак, бугунги кунда хорижий инвестициялар арзон ишчи кучи бўлган мамлакатларга эмас, балки интеллектуал салоҳияти ҳамда инсон капитали юқори салоҳиятга эга бўлган мамлакатларга киритилаётганлигига гувоҳ бўламиз.

    Рейтинг

    Иқтисодиёт

    Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ($ млн)

    1

    Америка Қўшма штатлари

    258 390 000 000

    2

    Хитой

    203 492 014 029

    3

    Германия

    105 277 588 652

    4

    Бразилия

    88 324 149 805

    5

    Гонконг

    86 462 759 029

    6

    Сингапур

    82 039 577 168

    103

    Ўзбекистон

    624 293 458

    Афсуски, мамлакатимизда мактаб ўқувчиларини билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос равишда эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган ва шу туфайли 2020 йилга қадар Инсон капитали индекси” рейтингида Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари эълон қилинмаган.

    Мамлакатимизда инновацион ривожланишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган самарали ислоҳотлар ўз натижасини бериб, 2020 йил учун инсон капитали индексига Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилди. Ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этган Ўзбекистон 0,62 коэффицент билан МДҲ мамлакатлари ичида Беларусь Республикаси (0,7), Россия (0,68) ва Қозоғистон (0,63)дан кейинги ўринга жойлашган.

    Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва халққа муносиб турмуш тарзини яратиб беришга кун тартибидаги асосий масала сифатида қаралмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида “Мамлакатнинг халқаро майдондаги
    рақобатбардошлиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш —стратегиянинг бош мақсадидир”, деб белгилаб берилди.

    Шу билан бирга, 2019 йилнинг май ойида илм-фан ва олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда Президентимиз мазкур соҳага оид давлат дастурларини шакллантириш ва марказлашган тартибда молиялаштириш орқали илм-фанни тубдан ривожлантириш, юксак натижадорликка йўналтирилган ихтисосликлар бўйича миллий лабораториялар тизимини яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз фани нуфузини кўтариш бўйича фикр юритар экан, “...Бу ишлардан асосий мақсад мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, хом ашё ва уни қайта ишлаш билан узоққа бориб бўлмайди, қолаверса, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат олиш учун ҳам инновациялар керак. Шу боис илм-фан тараққиётимизнинг муҳим йўналиши, таянчи бўлади”, — деб таъкидлаб ўтди.

    Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, илк болаликда инвестиция киритиш бошқа дастурларга қараганда энг самаралидир. Чунки инсон капиталининг ривожланиш жараёнининг бошланиши 3-4 ёшга тўғри келади ва ушбу нуқтадан бошлаб бола келажакда ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўзини намоён қилиш қобилиятига эга бўла бошлайди, меҳнат бозорида ўз қобилиятига мурожаат қилишга ўрганади. Шу сабабдан, юртимизда мактабгача таълим соҳасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018-2019 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 1 412 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар имзоланиб, улардан 1 097 таси бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди.

    Президент ташаббусига кўра, юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганлиги ҳам юртимизда илмий салоҳият ва таълим — тарбияни тараққиётнинг пойдевори сифатида қаралаётганлигидан далолат беради.

    Лутфия ҚОДИРОВА,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Давлат бошқаруви академияси Гулистон ҳудудий

    филиали доценти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates