Интеллектуал тизим, бозор мантиғи

    Тирбандликлар бартараф этилиши пойтахтимиз ҳавосини яхшилайди

    Жорий йил 10 апрелдан 10 майга қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаларининг экологик ҳолати юзасидан республика миқёсида “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичи ўтказилди.

    Ушбу ойлик “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар ижроси доирасида ташкил этилиб, асосий мақсад автотранспортлар ташламаларини камайтиришга қаратилди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сони кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдори сезиларли ортишига сабаб бўляпти.

    Бугунги кунда республикамизда 4 миллионга яқин автотранспорт воситаси мавжуд. Шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 миллион тонна зарарли ташлама чиқади, бу умумий ҳажмнинг 63 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида қарийб 90 фоизга бориб қолади. 2022 йил якунига кўра, ҳаво сифати халқаро индексида пойтахтимиз 20-ўринни эгаллаган.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, транспорт воситалари сони кундан кун ортиши натижасида ташламалар миқдори 2022 йилда 2021 йилдагига нисбатан 26 минг тоннага кўпайган. Бунга фойдаланиладиган ёнилғи турининг сифати, аҳолининг жамоат транспортидан кўп фойдаланмаслиги, автотранспорт воситалари техник созлигига етарли даражада эътибор қаратилмаслиги каби омиллар асосий сабаблардир.

    Автотранспорт воситаларининг техник носозлиги ва бошқа салбий жиҳатлар аянчли оқибатларга ҳам олиб келяпти. Маълумотларга қараганда, йўл ҳаракатини ташкил этишда техник воситаларнинг сифати пастлиги сабаб 2022 йилда 9 минг 902 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9 минг 606 фуқаро жароҳатланган. 2023 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида эса 2 минг 144 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 499 фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

    — “Тоза ҳаво” ойлигининг дастлабки босқичига доир тадбирларни ЙҲХБ инспекторлари билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги йўл-патруль масканлари ва бевосита автопаркларда ўтказдик, — дейди Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бош мутахассиси Дилрабо Раҳмонова. — Бунга мобил экологик лабораториямизни ҳам жалб этган ҳолда, 11 минг 78 та автотранспорт воситасидан атмосферага ташланаётган зарарли газлар миқдори текширилди. Уларнинг 408 тасида меъёр бузилиши аниқланди ва аксари автопаркларнинг ўзида созланди.

    Республика бўйича жамланган маълумотларга кўра, ойлик давомида 161 минг 537 та автотранспорт воситаси қамраб олинган ва шундан 153 минг 761 тасида токсиклик даражаси, 7 минг 776 тасида тутун қуюқлиги текширилган. Уларнинг 2,7 фоизида ишлатилган газларнинг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқори экани аниқланган.

    Тадбир давомида ишлатилган газларда ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларининг белгиланган нормаларини қўпол равишда бузган 1 минг 549 та автотранспорт ҳайдовчисига нисбатан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 246 миллион 225 минг сўм жарима қўлланилди ҳамда 1 минг 525 тасининг ҳаракати вақтинча чекланди.

    Ўтказилган тадбир туфайли юртимиз ҳавоси бироз бўлса-да, тозарди. Лекин транспорт инфратузилмасини замонавий даражага етказмасдан, хизмат сифатини тубдан яхшиламасдан туриб асосий мақсадга эришиб бўлмайди.

    Йўловчиларга хизмат сифати қандай яхшиланади?

    — Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри ҳар томонлама ривожланяпти, — дейди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Бош лойиҳа офиси раҳбари Муроджон Обидов. — Муқим аҳоли, вақтинча яшовчилар, сайёҳлар, талабалар сони ҳам тобора ошиб боряпти. Ҳозирги кунда пойтахтда 3 миллион атрофида муқим аҳоли яшаётган бўлса, уларнинг 1,3 миллиони доимий иш жойига эга.

    Ҳисоб-китобларга қараганда, аҳолининг кундалик ҳаракат эҳтиёжи олти миллион қатновни талаб этади. Бу эҳтиёжнинг 1,5 миллиони автобус/микроавтобуслар ва метро, қолган қисми 800 мингта енгил машина воситасида қопланяпти. Шу боис, автобуслар етишмаслиги, кутиш вақти кўплиги ва тирбандлик каби муаммолар юзага келяпти.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йил 13 декабрда пойтахтимиздаги 18-автобус саройида бўлиб, аҳволни ўзи кўрган, янги автобуслар олиб келиш ва йўловчиларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 16 февралда Президентимизнинг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан, апрель-май ойларида Тошкент шаҳрига 755 та замонавий автобус олиб келиниб, йўловчилар энг кўп йўналишларга қўйилди. Натижада автобусларнинг кунлик сони 1 минг 400 тага етди, 9 та қўшимча йўналиш очилди. Табиийки, йўловчи ташиш қуввати ошиб, автобуслар қатовининг оралиқ вақти қисқарди. Яқин кунларда яна 245 та автобус келтирилади.

    Брутто шартномаси тизими нима беради?

    Мамлакатимизда автомобиллашганлик даражаси 1000 кишига 86 та, Тошкент шаҳрида эса 240 тага тўғри келишини ҳисобга олсак, ҳали енгил транспортда ҳаракатланаётган аҳолининг асосий қисми шахсий транспорт воситасига эга эмаслигини кўриш мумкин. Лекин шундай бир пайтда пойтахт аҳолиси йилига 100 минг нафарга кўпайяпти, транспорт воситалари сони эса 2022 йилда 76 мингтага ўсган. Бу тирбандлик кузатилаётган асосий транспорт артерияларига юклама тобора ортиб боришини, айниқса, ўқув йили даврида янада ошишини намоён этади.

    — Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тизим инфратузилмасини ривожлантириш, метрополитен тармоғини кенгайтириш, замонавий транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш ҳамда жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш учун чорраҳа ва кўчаларни қайта лойиҳалаштириш, тариф сиёсатини такомиллаштириш орқали соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва хусусий сектор улушини икки баробар ошириш вазифаси қўйилган эди, — дейди Муроджон Обидов. — Ҳужжатда велосипед ва бошқа моторсиз транспорт турларини ривожлантириш, жумладан, пиёдалар ва велотранспорт учун қулай ҳаракатланиш йўлаклари яратиш, рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда транспорт воситалари ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал (“ақлли чорраҳа”, “ақлли автобус” ва “ақлли бекат”) тизимларини жорий этиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу масалалар изчил амалга ошириб келиняпти. Жумладан, жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги брутто шартномаси тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим йўналишларда чекланган тарифларда йўловчи ташиш хизматлари учун “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ваколатли орган ва ташувчи ўртасида тузилган шартномага асосланади. Йўналишларни ташувчиларга бириктириш тендер асосида жорий қилинади.

    Брутто шартномасини йўлга қўйиш жараёнида аҳоли учун бир соат ичида имтиёзли тўлов асосида манзилга етиб боргунча (1 соат ичида) бир нечта транспортдан фойдаланиш имкониятини берувчи янги тариф режалари, бекатлар яқинида енгил транспорт воситалари йўловчиларини тушуриб/чиқариш жойларини яратиш, йўл бўйи тартибсиз тўхташ ҳудудларини тартибга солиш каби ишлар ҳам амалга оширилади. Масалан, битта кўчанинг 6 километрли масофасида юқоридаги комплекс тадбирларни жорий этиш натижасида жамоат транспортининг ташув қуввати 2,5 баробар ортади, чорраҳалар мувофиқлаштирилган тизимининг йўлга қўйилиши орқали эса кунига 19 минг литргача ёқилғи тежалишига ва катта миқдордаги зарарли газ ҳавога чиқарилиши камайишига эришилади. Энг асосийси, ушбу йўлда ҳаракатланаётган транспорт оқими камайтирилмаган ҳолда қайд этилган самараларга эришиш мумкин бўлади.

    Президентимиз шу йил 26 май куни пойтахтда бу борада амалга оширилаётган ишлар, Тошкент шаҳрининг янгиланган транспорт бош режаси билан бевосита танишди. Қайд этилганидек, режа шаҳарнинг кенгайиши ва йўловчилар оқими таҳлили асосида 167 та йўналишдан иборат тарзда ишлаб чиқилган. Шундан 17 тасида кунлик режа белгилаш тартиби бекор қилиниб, босиб ўтилган масофага қараб ҳисоб-китоб тизимига ўтилган. Июнь-июль ойларида қолган 150 та йўналиш ҳам тендер савдолари орқали шундай тизимга ўтказилиши қатновлар мунтазамлигини таъминлайди, ўз навбатида, хизмат сифати ошади.

    Давлатимиз раҳбари йўлкира тўлови тизимини тартибга солиш, ҳаракат назоратини рақамлаштириш, бекатларда шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар бериб, жумладан, бундай деди: “Янги автобуслар, албатта, халқимизга қўшимча шароит яратди. Эндиги вазифа йўлларда тирбандликни камайтириб, автобусларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш. Пировард мақсад — Тошкентда жамоат транспорти қамровини 2 миллион йўловчига етказиш”.

    Бозор мантиғи асосида иш юритилганда ...

    Мутахассислар фикрича, аслида ҳаво сифатини яхшилаш ва тирбандликнинг олдини олишда ҳам бозор мантиғи асосида иш тутишнинг самараси катта. Буни жаҳон тажрибаси ҳам тасдиқлайди. Масалан, Лондон шаҳрида тирбандлик авж олган соатларда машина ҳайдаш нархи ошириб қўйилади. 2003 йилда соат 07:00 дан 18.00 гача вақт оралиғида Лондон марказидаги йигирма бир квадрат километрли ҳудудга кирадиган ҳайдовчилар учун 5 фунт стерлинг (8 доллар) миқдорида тўлов белгиланди. Йиллар мобайнида бу миқдор ошиб бориб, 2020 15 фунт стерлингга етди. Ўз навбатида, тўлов эвазига кириладиган ҳудуд кенгайтирилди. Етти юзга яқин жойда ўрнатилган видеокамералар машиналар рақамларини сканерлайди ва уларни тўлов қилган ҳайдовчилар рўйхати билан солиштиради. Лондон марказида тўлов қилмаган ҳайдовчиларга 80 фунт стерлинг (130 доллар) миқдорида жарима солинади.

    Жаҳонга машҳур иқтисодчи Чарльз Уилан ҳам бу режа хусусидаги фикрларини билдирар экан, юқори нархлар талабни пасайтиришига урғу беради. Қатнов нархи ошиши баъзи ҳайдовчиларни камроқ машина ҳайдашга ундайди. Арзонроқ бўлган жамоат транспортидан фойдаланишга эҳтиёж ошади. Бундан ташқари, енгил машиналарнинг камайиши автобусларнинг тез ҳаракатланишига йўл очади.

    Лондонда дастур ишга тушгач, бир ойдан кейин транспорт ҳаракати 20 фоиз камайган. Тирбандлик ҳудуди саналган йўлларда ўртача тезлик икки баробар ошган, автобусларнинг кечикиши икки баробар камайиб, ундан фойдаланувачилар сони 14 фоиз кўпайган. Табиийки, Лондон ҳавоси ҳам шунга яраша тоза бўлди.

    Шу жиҳатдан қараганда, Тошкент шаҳрида жамоат транспортига устувор аҳамият қаратилаётгани, айниқса, экологик тоза бўлган метро қурилишини кенгайтиришга кўрсатилаётган алоҳида эътибор диққатга молик. 2017 йилда қурилиши бошланган йирик лойиҳа – янги ер усти ҳалқа метро йўналишининг барпо этилиши ва бугунги кунда йўловчиларга хизмат кўрсатаётгани пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун катта қулайлик туғдиряпти.

    Мутахассислар фикрича, ушбу лойиҳанинг Сергели ҳамда Дўстлик-2 – Қўйлиқ йўналиши фойдаланишга топширилиши натижасида унга туташ кўчаларда транспорт тирбандлиги 10-15 фоиз камайган. 2-босқич ишлари якунига етгач, у бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Бунинг эвазига ушбу йўналишларда шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 32 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши кўзда тутилмоқда.

    Бундан ташқари, пойтахт кўчаларида хизмати йўлга қўйилаётган мингта автобуснинг аксарияти экологик тоза – электр қуввати ёрдамида юради.

    Шаҳарларимиз транспорт инфратузилмаси замонавий талабларга жавоб бериши учун ҳали кўп иш қилиниши, жамоат транспортига катта эътибор қаратилиши керак. Жамоат транспорти аҳоли учун қулай ва аниқ ишлаши, шаҳарнинг исталган ҳудудидан иккинчи бир ҳудудига пиёда ёхуд велосипедда хавфсиз бора олиш учун шароитлар яратилган бўлиши зарур. Тўғри, айрим шаҳарларимизда кейинги пайтда бу борада анча-мунча ишлар қилиняпти. Лекин мамлакат миқёсида олганда бундай ҳудудлар ҳали унчалик кўп эмас.

    Яна бир томони, яхши транспорт инфратузилмаси ҳар биримизнинг ишга, уйга борадиган йўлимиз ва вақтимизни қисқартиради, демакки, бошқа ишлар учун кўпроқ вақт сарфлаймиз. Ҳаётимиз қулайлиги ва соғлом турмуш кечиришимиз наинки автотранспорт инфратузилмаси, бошқа ҳаётий муҳим жиҳатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Назаримизда, бу борадаги ишларни кундалик кўникмаларимизни ўзгартиришдан бошласак маъқул бўлади. Айтайлик, ҳар биримиз ҳафтасига бир кун машинамизни қантариб қўйишга ўтсак, яшаш жойимиз ҳавоси ва соғлиғимиз яхшиланишига ҳисса қўшган бўламиз.

    Бизга бу борада чор-атрофимизда ибрат бўладиган воқеалар кўп. Ана шулардан бирига Бухоро давлат университети фаолияти мисолида гувоҳ бўлиш мумкин. Олий ўқув даргоҳи ўқитувчилари ва талабалари томонидан ҳар жума куни ташкил этилаётган веломарафон ва пиёда юриш акциялари ҳамжиҳатлик, бирдамлик, соғлик йўлида қилинаётган эзгу иш сифатида ўз сафини кенгайтириб бормоқда.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates