Интернет ва ижтимоий тармоқларида ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш масаласи муҳокама этилди

    Кейинги авлод 4 феврал 2022 3213

    Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

    Статистик маълумотларга кўра мамлакатимизда айни вақтда «Facebook»да 4,7 миллион, «Instagram» да 3,7 миллион, «Linkedln»да 288 минг, «Телеграм»да 18 миллион, «Odnoklassniki»да 16,7 миллион, «Twitter»да 51,6 минг ва «В-контакте»да 2,6 миллион фойдаланувчи мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади.

    Кейинги вақтларда «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, турфа йўллар билан бойлик орттиришни, миллий-маънавий маданиятга амал қилмасликни, уларни ўзгартириш ва айрим ҳолларда йўқотишни тарғиб қилувчи ҳаракатлар уюштириляпти.

    Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга соляпти.

    «.UZ» доменидаги веб-сайтларда миллий менталитетимизга ёт бўлган, фуқароларнинг, шу жумладан ёшларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа веб-ресурсларга ҳаволалар жойлаштириш (фойдаланувчилар томонидан) кузатиляпти.

    Биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2 097 та қонун бузилиши ҳолати қайд этилган.

    Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда 2 646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилган.

    Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама (жумладан, кўчалардаги баннерлар), мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этиляпти.

    Шу боис ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа эканлиги таъкидланди.

    Мажлисда сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.


    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates