Бундан ташқари, касбий кўникмаси бор исталган талабгор ушбу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳондан ўтиб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.
Жорий ўқув йилидан Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.
Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. “Инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида техникумларда дуал таълим йўлга қўйилади.
Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналарни барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.








